01.02.2019

Халқаро ҳуқуқ ва давлат хавфсизлигини таъминлаш

Халқаро ҳуқуқ ва давлат хавфсизлигини таъминлаш

2019 йил 28-30 январь кунлари Москвада Россия халқаро ҳуқуқ ассоциациясининг  «Халқаро ҳуқуқ ва давлат хавфсизлигини таъминлаш» мавзусида йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги  А.Саидов иштирок этди.

Йиғилиш «Халқаро ҳуқуқ ва давлат хавфсизлигини таъминлаш» ва   «Халқаро ҳуқуқнинг роли ва самарадорлигини ошириш» деб номланган иккита ялпи мажлис хамда «Замонваий халқаро ҳуқуқнинг долзарб муаммолари» деб номланган секция  шаклида ўтказилди.  Ушбу мажлисларда   Россия халқаро ҳуқуқ ассоциациясининг Президенти  А.Я. Капустин,  Россия хуқуқшунослари ассоциацияси бошқаруви аъзоси С.В. Александров, Халқаро ҳуқуқшунослар уюшмаси раиси  А.А. Требков ва бошқа таниқли олимлар сўзга чиқдилар.

Снимок.JPG

Йиллик йиғилишда сўзга чиққан А. Саидов  2017-2021 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасини  ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилиши, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан  «Маърифат ва диний бағрикенглик» Резолюциясининг қабул қилиниши, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари халқаро конвенцияси лойиҳаси тайёрланиши ҳамда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари Осиё форуми якунлари тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига батафсил ахборот берди.  

Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш қайд этилди, иштирокчиларнинг эътибори 2019 йил бошида имзоланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Россия Федерациясидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Ваколатли вакил ўртасида  инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги  Меморандумга  қаратилди.  

Йиллик йиғилиш доирасида А.Саидов Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси  М. А. Федотов, Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти директори академик  Т. Я. Хабриева, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси аъзоси,  профессор А.Х. Абашидзе, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Москва давлат халқаро алоқалар институтининг проректори  А.В.Мальгин билан бир қанча икки томонлама учрашувлар ўтказди. 

Ушбу учрашувларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши  ўртасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.   

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳақида аҳдлашувга эришилди.

Orqaga