24.06.2019

АҚШ ДАВЛАТ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ 2018-ЙИЛДАГИ ДИНИЙ ЭРКИНЛИК БЎЙИЧА МАЪРУЗАСИ ТЎҒРИСИДА

АҚШ ДАВЛАТ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ 2018-ЙИЛДАГИ ДИНИЙ ЭРКИНЛИК БЎЙИЧА МАЪРУЗАСИ ТЎҒРИСИДА

2019-йилнинг 21-июн куни АҚШ Давлат департаменти 2018-йил якунларига кўра диний эркинлик бўйича навбатдаги маърузасини эълон қилди. Унда дунёдаги эътиқод эркинлигининг ҳолатига баҳо берилган.

Ҳужжат ҳар йили чоп этилади ва унинг асосида АҚШ Давлат котиби у ёки бу давлатни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади. 2018-йилнинг декабр ойида Давлат департаменти раҳбари ўз қарори билан Ўзбекистонни расман ушбу тоифадан чиқариб, шу орқали диний эркинликни таъминлаш соҳасида мамлакатимиздаги сезиларли ўсишни эътироф этди.

Маърузани тақдим қила туриб, Давлат котиби Майкл Помпео диний эркинликни таъминлаш масалаларининг АҚШ ташқи сиёсати кун тартибидаги устувор аҳамиятини таъкидлади ва қатор мамлакатлардаги ҳолатга баҳо берди.

“Мен яхши хабардан бошлайман. Ўзбекистонда ҳали олдинда катта ишларни амалга ошириш керак, лекин 13 йилда биринчи бор мамлакат алоҳида хавотир уйғотувчи давлат сифатида эътироф этилмади”, – деди Майкл Помпео.

АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари Ўзбекистонда БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳиднинг тавсияларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинганини, диний мотивларга кўра жазони ўтаёрган бир ярим минг маҳкумнинг озод этилгани ва уларнинг эркин ҳаракатланаётганлигини, 16 минг фуқаронинг диний-экстремистик оқимларга алоқадор шахслар рўйхатидан чиқарилганини ҳам қайд этди.

Давлат котиби диний ташкилотларни рўйхатга олиш жараёнининг янада ҳуқуқий ислоҳ қилинишига ва болаларнинг ўз ота-оналари билан масжидларга эркин боришларини таъминланишига умид билдирди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонаси қайд этишича, диний эркинликни таъминлаш масалаларидаги Ўзбекистон-Америка ҳамкорлиги конструктив ва динамик аҳамият касб этмоқда.

2018-йил июл ойида Ўзбекистон Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференсиясида илк бор қатнашди. Кейинчалик мамлакатимизга АҚШнинг Махсус топшириқлар бўйича элчиси Сем Браунбек бошчилигидаги делегация ташриф буюриб, диний эркинликларни таъминлаш, амалдаги нормаларни такомиллаштириш ва соддалаштириш, жумладан “Виждон ва диний ташкилотлар эркинлиги тўғрисидаги” янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, диний жиноятлари учун жазони ўтаётган минглаб шахсларнинг озод этилганлиги, маърифатли Исломни илгари суриш ва диний таълимни ривожлантиришнинг институционал механизмларини яратиш борасида амалий чоралар кўрилаётганлигига ишонч ҳосил қилиш имкониятига эга бўлди.

Ўзбекистонда америкалик мутахассислар иштирокида диний экстремизм ва радикаллашувга қарши курашиш масалаларига бағишланган қўшма семинарлар ўтказилмоқда. Яқин кунларда АҚШ тинчлик институти (УСИП) билан ҳамкорликда Имом ал-Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказида навбатдаги семинарни ўтказиш режалаштирилмоқда. Марказ диний ҳурфикрлиликни илгари суриш ва радикаллашувнинг олдини олиш соҳасидаги ўқув-тадқиқот салоҳиятини ошириш борасида муваффақиятли майдонга айланиб улгурди.

Жорий йил май ойининг охирида икки томонлама муносабатлар тарихида биринчи бор Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов расмий делегация таркибида Вашингтон шаҳрига ташриф буюриб, конфессиялараро ифторда ва мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш масалаларига бағишланган “доира столи”да иштирок этди, АҚШнинг мутасадди идоралари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Ноябр ойида турли АҚШ штатларидан пасторлар, раввинлар ва имомларнинг конфессиялараро мулоқотда қатнашиш учун Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган.

Мамлакатимиз Элчихонаси маълум қилишича, АҚШ Давлат департаменти таклифига кўра Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 18-июл куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган иккинчи вазирлар конференсияси ишида қатнашади.

Манба: mfa.uz

Orqaga