10.08.2019

Парламентми бу ё бола боғча?

Парламентми бу ё бола боғча?

Кения пойтахти Найробида депутат Зулайҳо Ҳасанни ишга беш ойлик гўдаги билан келгани учун парламентдан чиқариб юборишди, деб хабар берди «BBC Swahili».

Аёлнинг сўзларига кўра, фавқулодда вазият юз бериб, фарзандини ўзи билан ишга олиб боришга мажбур бўлган.

Кения «KBC» телекомпанияси томонидан тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган парламент йиғилиши депутат парламентнинг мунозара палатасига қўлида гўдаги билан кириб келганда вақтинча узилиб қолган.

Спикер ўринбосари депутатлар хатти-ҳаракатини назорат қилишга уринган. Чунки улардан айримлари бақир-чақир қилган бўлса, бошқалари бир-бирини турткилай бошлашган. 

У Квала округи вакилига палатани тарк этишни буюрган. Бунга жавобан аёл депутатлар Зулайҳо Ҳасанни қўллаб-қувватлаш мақсадида йиғилишни тарк этишган.

Кейинчароқ Зулайҳо Ҳасан журналистларга парламентда ҳалигача оилавий хона ташкил этилмаганини айтган. Гарчи бунга 2013 йилда рухсат этилган бўлса ҳам.

«Мен бола билан келмасликка роса ҳаракат қилдим, лекин бугун фавқулодда ҳолат юз берди, мен нима қилишим керак эди? Агар парламентда боғча бўлганида эди, менфарзандимни у ерда қолдирардим», — дейди аёл.

«Парламентга кўпроқ аёлларни жалб этаётган бир пайтда бу ерда оила учун дўстона муҳит ташкиллаштиришимиз керак», — деб қўшиб қўйди у.
Парламент қоидаларига кўра, «бегоналар», жумладан, болалар бинога киритилмайди.

Бу воқеа ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар парламентда гўдакларнинг бўлишига рухсат берган бошқа мамлакатларга ишора қилиб депутатни мақташса, баъзилар аёлни ҳамманинг диққатини ўзига қаратишга уринганликда айблашди.

Манба: xabar.uz

Orqaga