11.08.2019

Европада болалар савдосига қарши кураш бўйича операция давомида 70 киши қўлга олинди

Европада болалар савдосига қарши кураш бўйича операция давомида 70 киши қўлга олинди

Европа давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари болалар савдосига қарши кураш бўйича махсус операция давомида 70 кишини қўлга олди. Бу ҳақда Европа полиция агентлиги (Европол) хабар берди.

Буюк Британия бошчилик қилган операцияда ЕИнинг 16 мамлакати ҳамда Исландия ва Швейцария қатнашди. 17-23 июнь кунлари ўтказилган операция давомида 127 минг киши ва 63,8 мингта транспорт воситаси текширувдан ўтказилди, 1,1 мингта бино, жумладан, уйлар, компаниялар офислари, меҳмонхоналар тинтув қилинди. Операция доирасида мактабларда болаларга одам савдоси қурбони бўлиб қолмаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

"Одам савдосига алоқадор жами 34 киши ва ўғирлик, тақиқланган фото ва видеомаҳсулотлар тарқатиш, ноқонуний миграцияни ташкил этишга алоқадор 36 киши қўлга олинди. Бундан ташқари, 206 нафар эҳтимолий одам савдоси қурбонлари аниқланди ва одам савдоси бўйича 31та иш очилди", - дейилади хабарда.

Операцияни ўтказишда ижтимоий ҳимоя хизмати, муниципалитетлар ва ноҳукумат ташкилотлар вакиллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига ёрдам берди.

Манба: kun.uz 

Orqaga