08.09.2019

Қозоғистон ҳам лотин ёзувига ўтишга киришди

Қозоғистон ҳам лотин ёзувига ўтишга киришди

Қозоғистон Парламент Мажлиси (қуйи палата) янги сессия ишида лотин ёзувига асосланган қозоқ алифбосидан фойдаланишни бошлайди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берган.

«ТАСС»нинг ёзишича, Мажлисдаги янги сессия яна бир муҳим воқеа билан эсда қоларли бўлди: Мажлис лотин шрифтига ўтмоқда. Бинодаги барча ёзувлар ва ялпи мажлисда сўзга чиқадиган депутатларнинг исм-шарифлари лотин ёзувида қайд этилган. Қуйи плата сайтининг қозоқ тилида маълумотлар берилган бўлими ҳозирча кириллчада қолмоқда.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йил 26 октябрда қозоқ алифбосини кириллдан лотинга ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. 

Ҳукуматга 2025 йилгача лотин ёзувига босқичма-босқич ўтишни таъминлаш топширилган.

Янги алифбо 32 та ҳарф ҳамда диакритик (ҳарфлар устидаги) белгилардан иборат бўлади.

Қозоқ тили Қозоғистоннинг давлат тили ҳисобланади. Айни пайтда кириллга асосланган алифбо амалда. Республика конституциясига мувофиқ, давлат муассасалари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида қозоқ тили билан бир қаторда рус тилидан ҳам расман фойдаланилади.

Манба: xabar.uz

Orqaga