17.07.2017

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ИҲТ ТИВКнинг СЕССИЯСИДА ИШТИРОК ЭТДИ

2017-йилнинг 10-11 июл кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Ислом хамкорлик ташкилоти Ташки ишлар вазирлари кенгашининг Абиджан шахрида (Кот-д’Ивуар Республикаси) бўлиб ўтган 44-сессиясида иштирок этди.

2016-2017-йилларда “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори остида ўтган Ўзбекистон Республикасининг ИХТ ТИВКдаги раислиги якунлари тўғрисидаги ҳисоботдан сўнг раисликни 2017-2018-йилларда Кот-д’Ивуар Республикасига расман топшириш маросими бўлиб ўтди.

ИХТга аъзо давлатлар делегациялари ташкилот фаолиятининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда сиёсий, ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалар бўйича резолюциялар қабул қилдилар.

Ўзбекистоннинг бошқа аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусига биноан “Самарқанд шаҳридаги Имом ал-Буxорий xалқаро илмий-тадқиқот марказининг таъсис этиш тўғрисида” ва “Тошкент ислом университети қошида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) маxсус кафедрасини ташкил этиш тўғрисида” маxсус қарорлар қабул қилинди. Шундай қилиб, 2016-йилнинг 18-октябрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИХТ ТИВКнинг 43-сессиясида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев илгари сурган таклифлар ИХТ ТИВК томонидан яна бир бор тасдиқланди, қўллаб-қувватланди.

Бош котиб Юсуф бин Ахмад ал-Усаймин ва ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларининг нутқларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ТИВКнинг 43-сессияси ва умуман 2016-2017-йиллардаги Ўзбекистон раислигининг муваффақиятли натижаларига алоҳида урғу берилди.

Xусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан ИХТ Бош котибиятида қабул қилинган қарорларни амалга оширишга xизмат қилувчи Ёшлар билан ишлаш бўйича бўлим ташкил этилди.

Кот-д’Ивуар Республикаси Президенти Алласан Драмане Уаттаранинг сессиядаги сўзлаган нутқида “Ёшлик, тинчлик ва бирдамлик дунёсида тараққиёт” Кот-д’Ивуар раислигининг шиори сифатида илгари сурилди. Ушбу шиор Ўзбекистон раислиги давридаги ташаббусларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

44-сессия давомида ИХТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси янги аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди. Бизнинг мамалактимиздан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов 3 йил муддатга комиссия аъзолигига сайланди.

Кот-д’Иуварга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси делегацияси ИХТ Бош котиби Юсуф бин Ахмад ал-Усаймин, Бирлашган Араб Амирликлари Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит бўйича вазири Сани бин Ахмад ал-Зеюди, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Сартаж Азиз, Индонезия Ташқи ишлар вазири Ретно Лестари Приансари Марсуди, ISESCOнинг Ташқи алоқалар ва ҳамкорлик бўйича директори Аҳмад Улд Бах билан учрашув ва икки томонлама музокаралар ўтказди.

Учрашувларда турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

манба: mfa.uz

Orqaga