Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари


950x90.jpg

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ СИЁСАТИ 

Инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари масалаларига оид Ўзбекистон Республикаси сиёсатининг асосий принциплари ва йуналишлари 

Мустақиллик ва инсон хуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 августда ўз давлат мустақиллигини эълон қилгач, асосий давлат институтларини ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимиятига бўлиниши принципи асосида шакллантиришга киришди. Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий муносабатларни самарали ривожлантириш мақсадида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш миллий тизимини умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига мослаштириш зарурати пайдо бўлди. Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлди:

биринчидан, Ўзбекистон ички ва ташки сиёсатни олиб боришда ўзининг истиқлол ва тараққиёт йўлини танлади;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси универсал халқаро ташкилотларга, жумладан, улар орасида энг асосийси ҳисобланган БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасаларига ҳамда етакчи минтақавий халқаро ташкилотларга аъзо бўлди ва уларнинг ишида фаол қатнашиб келмоқда;

учинчидан, Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга, энг аввало, БМТнинг олтита асосий халқаро шартномаларига қўшилди.

Мустақиллик йиллари мобайнида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари шаклланди, улар сирасига қуйидагилар киради:

1. Демократиянинг ва инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган принципларига, ўзининг халқаро мажбуриятларига садоқат.

2. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда миллий манфаатлар устуворлиги.

3. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро хамкорликни миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш.

4. Демократик ислоҳотларни аста-секин ва босқичма-босқич амалга ошириш.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни ушбу принципларга таянган ҳолда жамият ҳаётига, фуқароларнинг ва давлат хизматчиларининг онгига сингдириш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими ва механизмларини бирон-бир давлатга ёки халқаро ташкилотга яхши кўриниш учун ривожлантирмади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мустақил Ўзбекистоннинг асосий вазифасига айланган эди. 

Инсон ҳуқуқларига оид қонунлар

Мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 7 конституциявий қонунлар, 16 та кодекс ва инсон ҳуқуқларига оид 600 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Асосий қонун хужжатлари орасида қуйидагиларни алохида кўрсатиб ўтиш мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида»ги, «Аёллар учун қушимча имтиёзлар тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги, «Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Адвокатура тўғрисида»ги, «Бола ҳуқукларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунлар ва бошқалар.

Ҳозирги кунда инсон ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатлари тизими шаклланган бўлиб, у шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунларни ўз ичига олади.

Конституция ва инсон ҳуқуқлари. Инсон ҳуқуқларига оид қонун хужжатларининг асоси ва пойдеворини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади.

Инсон хуқуқлари умужаҳон декларацияси — бу давлатлар инсон хуқуқлари ва эркинликлари соҳасида эришилган тараққиётни баҳолаши мумкин бўлган ўзига хос юридик эталон. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мавжуд мақсадлар ва принциплар ўзининг умумийлиги ва универсаллиги боис кўп давлатларнинг конституцияларида ва миллий қонунларида ўз ифодасини топгани тасодиф эмас. XXI аср бошида у халқаро одат ҳуқуқининг умумэътироф этилган нормасига айланди.

Мустақиллик эълон қилингач, Ўзбекистон парламенти Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига алоҳида аҳамият бериб, уни биринчи халқаро шартнома сифатида ратификация қилди. Бу билан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари халқаро каталогини ўзининг ташқи ва ички сиёсатининг устувор йуналиши сифатида мустаҳкамлади.

Мустақил Ўзбекистоннииг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституцияси мамлакатимизда инсон ва фукаро ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишнинг юридик кафолати ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига оид халқаро принциплар ва нормаларга содиқ бўлган Ўзбекистон суверен, демократик ҳуқуқий ва дунёвий давлат сифатида, энг аввало, Конституциясининг учдан бир қисмидан зиёдини инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб, уларнинг устуворлигини конституциявий тарзда мустаҳкамлаб қўйди ва илгари инсон ҳуқуқларига нисбатан давлат манфаатлари устуворлиги принципига барҳам берди.

Ўзбекистон халқини 130 дан зиёд этник гуруҳ вакиллари ташкил этадилар. Биз учун шуниси ғоятда муҳимки, Конституция инсон ва фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан катъи назар, барчанинг қонун ва суд олдида тенглигини ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларининг тенглигини кафолатлайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Конституцияси ҳақикатдан ҳам фикрни, ғоялар ва мулоҳазаларни эркин ифодалаш ва ёйиш ҳуқуқини, ижод, матбуот эркинлиги, ахборот узатиш ва уни тарқатиш эркинлигини кафолатлайди. Мамлакатда 1000 га яқин оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Мустақил газета ва журналлар, телевизион кўрсатувлар ва радиостанциялар мавжуд. Газета ва журналлар 12 тилда, яъни ўзбек, рус, қорақалпок, тожик, қозоқ, инглиз, корейс ва бошқа тилларда чоп этилади.

Фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи Конституцияда алоҳида модда билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бепул таълим олиш билан биргаликда, тўлов асосида таълим олиш имконияти ҳам давлат томонидан кафолатланган. Ўзбекистонда 62 та олий ўқув юрти, 11000 та мактаб ишлаб турибди. Таълим олишга ва маърифатга интилиш ўзбек халқининг ўзига хос хусусиятларидан бири.

Хусусий мулкнинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилиши ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этади. Илгари рад этилган бу нарса бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ажралмас ҳуқуқи, фаровонлигининг табиий манбаи, иқтисодий ва шахсий мустақиллигининг кафолати сифатида тан олинади ва кафолатланади. Мулк дахлсиз бўлиб, ҳеч ким ўз мулкидан ўзбошимчалик билан маҳрум этилиши  мумкин эмас, мулк фақат суд қарорига асосан эгасининг иродасига карши бўлиб қўйилиши мумкин. Ўзбекистон Конституциясида хусусий мулк давлат мулки билан бир қаторда ҳимоя қилиниши туғрисидаги тубдан янги ва муҳим ҳуқуқий норма ва ҳар бир шахсга мулкка эга бўлиш, унга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни ўз ихтиёри билан тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб кўйилди.

Конституция меҳнат қилиш эркинлигини эътироф этган ҳолда, фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилишни тақиқлайди, давлат эркин касб танлаш ҳуқуқини беради. Ишсизлар учун қулай шароит яратиб бериш, уларни касбий қайта тайёрлаш, ишга жойлаштириш давлат зиммасидадир.

Аёлларнинг сиёсатда иштирок этиш ҳуқуқига оид замонавий қонунчилик базаси уларни эркаклар билан бир қаторга қўйди. Бизнинг парламентимиз аъзолари, ҳокимлар, ҳоким уринбосарлари, вазирлар уринбосарлари орасида аёллар фаолият кўрсатмоқда, 200 дан зиёд хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Бироқ, уларнинг парламентда, ҳукуматда ва суд тизимида етарли даражада иштирокини таъминлаш учун ҳали кўп ишлар қилиниши лозим.

Ўзбекистон давлат сиёсати миллатчилик, ирқчилик, геноцид, халкдарни мажбурий кўчириш ёки чиқариш, бошқа халқларни камситиш ва ассимиляция қилиш сиёсатини бутунлай инкор этади.

Ўзбекистон халқига илдизи анъанавий турмуш тарзига бориб тақаладиган жамоавий ижтимоий тузилиш тарихан хос, бу нафақат оила манфаатларининг устуворлигида, аҳолининг ҳаёт фаолияти жамоавий турмуш тарзига содиқлигида намоён бўлади, балки, жамиятнинг бутун ижтимоий таркибига ҳам таъсир кўрсатади. Ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил қилишнинг амалдаги кўплаб шакллари жамоа хусусиятларига эга. Миллий демократик институт бўлмиш маҳалла ҳам ана шундай ижтимоий институт ҳисобланади.

Ўзбекистоннииг ўзини ҳам фаровон ва муносиб ҳаёт кечириш учун ўзаро ҳурмат ва ғамхўрлик бўлиши шарт бўлган муайян жамоа деб ҳисоблаш мумкин. Шунинг учун Ўзбекистон бозор иқтисодига ўтишда ўзи учун танлаб олган йўл муаяйн даражада миллий-тарихий турмуш тарзини, фикрлаш тарзини, миллий урф-одатлар ва маҳаллий анъаналарни эътиборга олиш билан боғлиқ.

Шундай қилиб, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун конституциявий ва зарур қонунчилик асослари яратилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилиниши

Мустақилликнинг илк йилларидаёк, Ўзбекистон халқаро ташкилотларнинг иштирокисиз ва инсон ҳуқуқларига оид асосий халқаро ҳужжатларга кўшилмай туриб, демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш мумкин эмаслигини англаб етди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон бу соҳада 70 та асосий халқаро ҳужжатга кўшилгап. Булар — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколлар, Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар туғрисидаги халқаро пакт, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Қийноқ, ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция, Янги Европа учун Париж Хартияси ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олиб, уларнинг бажарилиши юзасидан вақтида ҳисобот беради. 1998 йиддан бошлаб Ўзбекистон БМТнинг тегишли қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларини юбормокда. Мустақиллик йиллари давомида конвенция ва пактларнинг бажарилиши хақида 30 га яқин миллий маърузалар юборилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларга қўшилиш сиёсатини давом эттираётганини таъкидлаш жоиз. 2008 йилда парламент томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг иккита конвенцияси, яъни «Ишга қабул қилиш учун минимал ёш туғрисида»ги 138-конвенция ҳамда «Болалар меҳнатининг энг оғир шаклларини тақиқлаш ва зудлик билан барҳам бериш туғрисида»ги 182-конвенция ва бошқа халқаро ҳужжатлар ратификация  қилинди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар

Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатлари базасини яратиш билан баробар инсон ҳуқуқлари ва эркинларини ҳимоя қилиш механизмларини институционал расмийлаштиришга қаратилган улкан ишлар олиб борилди. Ушбу жараёнда давлат асосий ташаббускор бўлиб иштирок этганини таъкидлаш жоиз. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Иккинчи жаҳон конференциясининг (1993 йил, Вена) ҳар бир мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тузиш туғрисидаги даъватига биноан Ўзбекистонда қуйидаги демократик институтлар ташкил этилди:

1.Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;

2.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман);

3.Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази;

4.Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амаддаги қонунчиликни мониторинг қилиш институти;

5.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палаласининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўйича қўмитаси.

Давлат ҳокимият турли тармоқлари ваколатларининг бўлинишини таъминлашга қаратилган сиёсат олиб бормоқда. Ихтисослаштириш соҳалари бўйича алоҳида дифференциялаш, айниқса, суд тизимига хос. Ўзбекистонда Конституциявий суддан ташқари умумий ва хўжалик судлари ҳам тузилган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш давлат тизимидан ташқари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ноҳукумат ташкилотларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Улар сирасига «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Судьялар ассоциацияси, Адвокатлар палатаси, Мустақил номзодларни қўллаб қувватлаш маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқаларни киритиш мумкин. Умуман, мамлакатда 6100 дан зиёд ноҳукумат ташкилотлар рўйхатга олинган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолият ва таълим. Инсон ҳуқуқлари таълими бўйича БМТ ўн йидлиги доирасида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги билимларни ошириш мақсадида Ўзбекистонда миллий институтлар ва нодавлат ташкилотлар турли халқаро ташкилотлар билан биргаликда кенг кўламли ахборот-маърифий ишларни амалга оширмоқда. Ҳар йили Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги долзарб муаммолар ва бу соҳадаги асосий халқаро стандартларга оид 100 дан зиёд семинарлар, тренинглар, ўқув курслари ва маърузалар ўтказилади.

Ўзбекистоннинг барча мактаблари ва олий ўкув юртларида, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги ЮНЕСКОнинг Инсон ҳуқуқлари, тинчлик, демократия, бағрикенглик ва ўзаро тушуниш кафедрасида «Инсон ҳуқуқлари» ўқув курси киритилган.

Бундан ташқари, давлат институтлари ахборот-маърифий соҳага оид илмий нашрлар бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган барча вазирлик ва идоралар саҳифаларида ушбу масала устувор аҳамият касб этувчи ўз босма нашрларига эгадирлар. Умуман, инсон ҳуқуқлари масаласи 20 дан зиёд ихтисослаштирилган юридик газеталарда ва 5 та журналда ёритилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» ҳамда «Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари» журналлари етакчи нашрлардан ҳисобланади.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид плакатлар, китоблар, брошюралар мунтазам равишда нашр этилади.

Хотин-қизлар, болалар, диндорлар, қамокда сақланаётганлар ва ННТ вакиллари аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасида фаол иш олиб бориладиган асосий қатламларидир.

Ўзбекистон Ресиубликасида сўнгги йиллар давомида ижтимоий сиёсатни олиб боришда аёллар ва болаларга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, 1999 йил — Аёллар йили, 2000 йил – Соғлом авлод, 2001 йил — Она ва бола йили, 2002 — Қарияларни қадрлаш, 2003 йил — Маҳалла, 2004 йил — Меҳр ва мурувват йили, 2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили, 2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар, 2007 йил — Ижтимоий ҳимоя, 2008 йил —  Ёшлар  2009 йил  - Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги, 2010 йил — Баркамол авлод, 2011 йил — Кичик биснес ва хусусий тадбиркорлик, 2012 — Мустаҳкам оила, 2013 - Обод турмуш йили деб эълон қилинди. Шу давр ичида давлат томонидан аёлларни, оналик ва болаликни муҳофаза этишга қаратилган бир қатор қонуний чоралар қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги ННТлар фаолиятида аёлларнинг фаол иштирок этиши кузатилмоқда. Мамлакатда рўйхатга олинган ННТларнинг ярмидан зиёди аёллар масалалари билан шуғулланади ёки аёллар томонидан бошқарилади.

Шунингдек, Ўзбекистондаги фуқаролик мулоқотида диндорлар ҳам алоҳида ўринга эга. Давлат тузилмалари турли диний конфессиялар вакиллари билан доимий алоқада, уларни рўйхатга олиш ва фаолиятини амалга ошириш бўйича маслаҳатлар берилади. Турли диний конфессиялар ўртасида ҳам мунтазам равишда мулоқотлар олиб борилади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида сўнгги йилларда диндорлардан ташқари, турли тоифадаги қамоқда сақланаётганлар: аёллар, эркаклар, ўсмирлар алоҳида эътиборни жалб қилиб келмоқда. «Болаларни қутқаринг» ноҳукумат хайрия ташкилоти ва БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ) томонидан болалар колонияларида инсон ҳуқуқлари соҳасида укув машғулотлари бўйича бир қатор акциялар олиб борилди.

ННТлар фуқаролик жамиятини барпо этишда йилдан-йилга давлатнинг муҳим ҳамкорига айланиб бормоқда. ННТларни уқитиш бўйича семинарлар ва тренинглар ўтказиш уларнинг давлат тузилмалари билан алоқаларини мустаҳкамлади, инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг олиб бориш, муқобил ҳисоботлар ва маърузалар тузиш ва ёзиш бўйича куникмаларга эга бўлиш имкониятини яратиб берди.

 Фуқаролик жамияти институтлари ва инсон ҳуқуқлари

Ижтимоий хаётнинг барча соҳаларини давлат тасарруфига олиш совет империясининг асосий хусусияти эди. Давлат бутун жамиятни қамраб олган эди. Аслида эса, жамият — давлатдан кенгдир. Давлат— жамият маҳсули, ижтимоий тараққиёт натижаси.

«Фуқаролик жамияти» атамаси кенг ва тор маънода қўлланилади. Кенг маънода, фуқаролик жамияти давлат ва унинг тузилмалари томонидан бевосита қамраб олинмаган қисмини, яъни давлатнинг «вақти етмайдиган» барча нарсани ўз ичига олади.

Тор, асл маънода фуқаролик жамияти ҳуқуқий давлат билан узвий боғлиқ, улар бир-бирисиз мавжуд бўлолмайди. Фуқаролик жамияти бозор ва демократик ҳуқуқий давлат шароитида эркин ва тенг ҳуқуқли индивидлар ўртасидаги ўзаро хилма-хил муносабатларни англатади.

Фуқаролик жамияти асосан қуйидан шаклланади, у юксак маънавиятга, маърифатга, таълимга, адолатга интилиш хос бўлган халқимизнинг менталитетига асосланади. Биз халқимизнинг ахлоқий қадриятлари билан уйгунлашиб кетадиган демократияга асосланган фуқаролик жамиятини барпо этишга интиламиз.

Ўзбекистон Республикаси умуминсоний қадриятларни ва демократик фуқаролик жамияти принципларини: хоҳиш-иродани эркин ифодалаш, камчиликнинг кўпчиликка бўйсуниши, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жамият ва давлат бошқарувида тенг ҳуқуқли иштирок этишини эътироф этади. Шунингдек, қуйидаги иккиламчи принципларни ҳам санаб ўтиш мумкин: давлат асосий органларининг сайлаб қўйилиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисобдорлиги, тайинлаш йули билан шакллантириладиган давлат органларининг сайланадиган органларга ҳисобот бериши ва бошқалар.

Санаб ўтилган барча принциплар Ўзбекистон Конституциясида ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган, бироқ бу принципларни амалга оширишда ўзимизга хос хусусиятлар мавжуд.

Биринчидан, бизнинг шароитимизда фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожланишининг умумэътироф этилган принциплари аста-секин ва босқичма-босқич амалга оширилади. Анъаналарга таяниш, янгиларини қарор топтириш билан биргаликда улардан моҳирона фойдаланиш демократик ўзгаришлар даврида жамиятнинг барқарорлигини таъминлайди.

Иккинчидан, фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти — кишиларнинг онг даражаси демократик ўзгаришлар даражасига мос бўлиши керак. Жамият демократик институтларни шакллантириш заруриятини англаб етган бўлиши лозим.

Учинчидан, фуқаролик жамиятининг демократик институтлари халқимизнинг менталитети, урф-одатлари ва маданияти хусусиятларини акс эттириши керак. Янги фуқаролик институтларининг шаклланиши халқимизнинг қонунни ҳурмат қилиш, сиёсий муносабатларда ахлоқий, маънавий асосларнинг устуворлиги каби фазилатлари таъсирида шаклланиб келмоқда.

Биз фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз. Демак, давлатчилигимиз ривожланиб боргани сари бошқарувнинг турли хил вазифалари халқнинг ўзига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига топшириб борилади. Биз шунчаки демократик фуқаролик жамиятини эмас, адолатли демократик фуқаролик жамиятинин барпо этишга интилмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Президента И.А.Каримов туғри таъкидлаганидек, адолатга интилиш — халқимиз менталитетининг ўзга хос хусусияти… Адолат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор.

Фуқаролик жамияти билан биргаликда ижтимоий-хуқуқий давлат шаклланмоқда. Фуқаролик жамияти ҳамда ҳуқуқий давлатнинг битта умумий жиҳати мавжуд, бу шахснинг юридик ва ижтимоий ҳимояланганлиги.

Адолатли фуқаролик жамиятнинг ва демократик ҳуқуқий давлатнинг амал қилиши учун зарур бўлган шартлардан бири ноҳукумат ташкилотлардир. Фуқаролик жамиятининг шаклланиши ноҳукумат ташкилотлар аҳамиятининг ортиб бориши ва уларнинг давлат органлари билан жипс хамкорлик қилишига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва конунлари жамоат бирлашмаларини тузиш имкониятини кафолатлайди. Конституциянинг 34-моддасига биноан: «Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас».

Жаҳон ҳамжамиятида умумэътироф этилган терминология бўйича, ушбу тузилмалар ноҳукумат ташкилотлар деб аталади. Улар ҳукуматга қарам эмас, уларнинг даромади, агар бўлса, аъзолари ёки раҳбарлари томонидан тақсимланиб олиши мумкин эмас. Ушбу ташкилотлар ҳукумат (Биринчи) ва тадбиркорлар (Иккинчи) секторидан фарқли улароқ Мустақил (Учинчи) секторни ташкил этади. Шу билан бирга, ноҳукумат ташкилотлар миллий қонун ҳужжатларига риоя этишлари шарт ва ижтимоий ҳамда маънавий анъ-аналарга, жамият маданиятига мос бўлиши лозим.

Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотлар шаклланиб келаётган фуқаролик ҳодисасига айланиб бормоқда. Фуқаролар ёки юридик шахслар ташаббуси билан тузиладиган бу ўзини ўзи бошқарадиган ихтиёрий тузилмалар хилма-хиллиги билан ажралиб туради.

Биринчидан, улар сиёсий, этник ёки диний чегаралар билан чекланмаган кенг демократик принциплар асосида фаолият кўрсатади.

Иккинчидан, ноҳукумат ташкилотлар сиёсий ёки бошқа турдаги ҳокимиятга интилиш учун восита бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Учинчидан, ноҳукумат ташкилотлар моддий бойлик ортириш мақсадини кўзламайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш асосида жамиятнинг барқарор демократик тараққиётининг стратегик йўналишларини таъкидлаб ўтар экан, жамоат ва нодавлат тузилмаларни яратиш давр талаби, ҳаётий эҳтиёж бўлиши шартлигини кўп маротаба таъкидлади. Маҳаллий ва марказий ҳокимият ҳамда бошқарув органлари эса бу жараёнга тусқинлик қилмасдан, аксинча, ҳар томонлама кўмаклашиши керак, янги демократик ва жамоа тузилмаларининг шаклланишини рағбатлантириши лозим, токи кўпроқ инсонлар ижтимоий-сиёсий ҳаётда, фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида, ҳаётимизнинг моҳиятини белгилаб берадиган қадриятлар шаклланишида иштирок этиш имкониятига эга бўлсин. Шундагина четдан кузатиш ва танқид қилишни ўзига вазифа қилиб олганлар сони камаяди.

Демократик институтларни ривожлантиришнинг асосий маъноси — жамиятимизни барпо этишга имкон қадар кўпроқ одамларни жалб қилиш, уларни ўз тақдири, ўз келажагинипг ҳақиқий эгаларига айлантиришдан иборат.

Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотлар таснифи қуйидаги гуруҳларни ўз ичига олади:

Биринчи гуруҳ. Аҳоли муайян тоифаларининг ижтимоий манфаатларини таъминлашга ихтисослаштирилгап умуммиллий тузилмалар: «Маҳалла» жамгармаси (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш жамоавий-маҳаллий ҳаракатини мувофиқлаштиради); Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси (қўмита раҳбарлари жойлардаги давлат бошқаруви тизимига киритилганлиги орқали ҳукумат тузилмалари билан барча даражада хамкорлик қилиш механизмларига эга); Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар ассоциацияси (600 мингдан зиёд кишиларни қамраб олган); «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати; «Нуроний» фахрийлар жамғармаси.

Иккинчи гуруҳ. Ихтисослаштирилган миллий жамғармалар.

Учинчи гуруҳ. Ижтимоий муассасалар, энг аввало, «Ижтимоий фикр» нодавлат ижтимоий фикрни урганиш маркази, Журналистларни тайёрлаш халқаро маркази.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотлар тоифасига қуйидаги ташкилотларни киритиш мумкин:

1.   Ижтимоий, ижодий ва шахсий манфаатлар бўйича жамоат бирлашмалари.

2.   Ижтимоий аҳамиятга эга йуналишлар ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғадиган жамғармалар.

3.   Ижтимоий муассасалар — ижтимоий фикр, ижтимоий жараёнлар, нодавлат нотижорат ижтимоий хизматни таҳлил қилиш инфратузилмаси.

Ноҳукумат ташкилотлар тизимини ривожлантириш аҳоли барча ижтимоий гуруҳларининг турли хил манфаатларини аниқлаш имконини беради. Фуқаролик жамияти қанчалик ривожланган бўлса, унинг ижтимоий тузилиши шунчалик мураккаб бўлади.

Ноҳукумат ташкилотлар:

1.   индивидуал эҳтиёжлар, шахсий манфаатларга кўмаклашади;

2.   ушбу эҳтиёжларни ва манфаатларни қондиришга ёрдам беради;

3.   уларнинг воситасида ўзини ташкил қилиш маъносидаги ўзини ўзи бошқариш, шунингдек, давлат бошқарувида жамоатчиликнинг иштироки амалга оширилади;

4.   давлат дастурларини ҳам, тижорат дастурларини ҳам синаб кўриш «майдони» сифатида хизмат қилади, бизнес ва сиёсат учун кадрлар тайёрлаб бериш маскани ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларнинг ривожланишида қуйидаги тенденциялар кузатилмоқда:

1.Яримдавлат (яъни давлатнинг ташкилий, моддий-техникавий ва молиявий кўмагидан фойдаланадиган) ташкилотидан ташкилий ва моддий жиҳатдан тўлиқ мустақил ташкилотга айланиб бориши.

1.   Хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари орасида ноҳукумат ташкилотлар сонининг ўсиб бориши.

2.   Ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда давлат-ННТ тарзида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга интилиш.

3.   ННТларнинг ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ва ёйишда ҳокимиятлар билан ҳамкорлик қилиши.

4.   Ноҳукумат ташкилотларнинг вазифаларини ижтимоий-маданий жиҳатдан юридик англаб олиш.

5.   Ноҳукумат ташкилотларни ассоциация тарзида бирлаштириш ва ноҳукумат ташкилотларнинг ривожланишига кумаклашиш умуммиллий жамғармасини тузиш.

Адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш шароитида фуқароларнинг сиёсий жараёнда, давлат бошқарувида иштирок этишининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда гап, энг аввало, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, турли хил хайрия, ижодий жамғармалар, уюшмалар ҳақида кетмокда.

Уларнинг фаолияти сунгги пайтгача сиёсий ҳаётни демократлаштиришда катта аҳамият касб этган “Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонун билангина тартибга солинган. Бироқ вақт ўтиши билан ушбу қонун давр талабларига жавоб бера олмай қолди. Шу сабабли бу бўшлиқни тўлдириш учун бир қатор янги қонунларни қабул қилиш зарурияти туғилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда жамоат бирлашмалари, жамғармалари, уюшмаларнинг ҳуқуқларини, уларнинг жамият сиёсий тизимидаги ўрни ва аҳамиятини белгилаб берадиган қонунлар тизими мавжуд. Бу “Жамоат жамғармалари туғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Хайрия тўғрисида”ги қонунлар ва ҳоказолардир.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлик

Ахборот-маърифий фаолият, илмий-нашрий ишлар инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган миллий институтлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг негизини ташкил этади. Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этишда кўмак кўрсатадиган асосий ҳамкорлар сирасига БМТ (БМТТД), ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, К.Аденауэр ва Ф.Эберт жамрармалари, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ), хорижий давлатлар элчихоналари ва ҳоказоларни киритиш мумкин.

Ахборот-маърифий фаолият соҳасида халқаро ҳамкорлик жамиятнинг турли қатламлари учун биргаликда семинарлар, тренинглар, ўқув курслари ўтказишга асосланади. Кейинги йилларда ҳамкорликнинг анъанавий йўналишларига (хотин-қизлар, болалар) янгилари ҳам қўшилди. Масалан, Ўзбекистон сиёсий раҳбариятининг хоҳиши ва иродаси туфайли давлат тузилмалари билан ноҳукумат ташкилотлар ўртасида мулоқот ўрнатилди. Қонунчилик, инсон ҳуқуқлари мониторинги ва муқобил маърузалар ёзиш масалалари бўйича бир қатор семинарлар ва тренинглар ўтказилиши бунинг ёрқин тасдиғидир. Шунингдек, турли диний конфессиялар вакиллари билан ҳам мулоқот ўрнатилган, «Ўзбекистон Конституцияси ва конфессиялараро мулоқот» деб номланган доимий семинар бундан далолат беради. Анжуман давомида давлат органларининг вакиллари диний арбобларга уларнинг эътиқод эркинлигига бўлган ҳуқуқларини тушунтиришади ва шу билан барча саволларга аниқлик киритишади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини ислоҳ қилиш халқаро ҳамкорлик соҳасида энг муҳим йўналишлардан бири бўлди. Республиканинг барча вилоятларида Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура ходимлари, судьялар ва адвокатлар учун «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар»га оид тренинглар ўтказилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида содир этган жиноятлари учун жазо ўтаётган шахслар учун ахборот-маърифий фаолият соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Хусусан, жазо ўташ жойларида ахлоқ тузатиш муассасалари ходимлари, махбус хотин-қизлар ва болалар учун уқув машғулотлари олиб борилади. Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ,)га қамоқхоналарга ташриф буюриш имко-ниятини берган.

БМТ, ЮНИСЕФ, ЕХҲТ, ХҚХҚ каби халқаро ташкилотларнинг бевосита иштироки ва молиявий кўмаги билан мамлакатда инсон ҳуқуқлари масалаларига оид китоблар, дарсликлар, плакатлар, брошюралар чоп этилиши йўлга қўйилган.

Ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмаслигини, Ўбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш тизимини яратиш зарурияти давлат ва жамият олдига янада мураккаб ва катта вазифаларни қўяётганини таъкидлаш жоиз. Давлат сиёсатининг янги йўналишлари ва давлат органлари, нодавлат ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шакллари вужудга келмоқда.

Кейинги пайтларда ҳамкорликнинг давлат органлари ўртасида ҳам, улар билан нодавлат ташкилотлар ўртасида ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш масалалари бўйича шартномалар тузиш каби ўзаро шакллари пайдо бўлди. Шундай шартномалар Омбудсман ва Конституциявий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, Судьялар ассоциацияси ўртасида, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, ННТнинг миллий ассоциацияси, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази ва бошқа тузилмалар ўртасида тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатаси ва Сенатнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига оид қонун лойиҳаларини тайёрлашда миллий ва хорижий экспертлар билан фаол ҳамкорлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.