Фуқаролик жамияти


Фуқаролик жамияти институтлари ва инсон ҳуқуқлари

Бугун Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёнининг аниқ мақсадга йўналтирилганлиги, олға босиши ҳамда самарадорлиги муайян шахслар, муайян инсонларга бутунлай боғлиқ деган тушунча мавжуд. Ислоҳотларимиз муваффақияти, мамлакатимизнинг истиқболи шу шахслар қандай бўлишларига, қанақа маънавий-маданий ва ахлоқий қадриятларга содиқ қолишларига боғлиқ бўлади. Масала барча одамлар учун ўз қобилиятларини намоён қилиш ва амалга ошириш, ўз эҳтиёжларини қондириш учун бошланғич тенг имкониятларни ишончли тарзда кафолатлайдиган давлат-ҳуқуқ механизмини яратишдан иборатдир.

«Демократик жамият — бу, энг аввало, фуқаролик жамиятидир. Чинакам демократиянинг олий мазмуни — шахслараро, миллатлараро, давлат ва ижтимоий-сиёсий муносабатларни уйғунлантиришдан иборат. Бунда инсон ва жамият, жамият ва давлат ҳокимияти тинч-тотув яшайди».

Фуқароларнинг давлат ҳаётида иштирок этиши жараёни анча кучайиб бормоқда ва сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлар фаолиятида, ҳаётнинг барча жабҳалари, шу жумладан инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам органлар ва мансабдор шахслар фаолиятининг ижтимоий назоратини ҳамкорликда амалга оширишга қаратилган оммавий ахборот воситаларининг фаоллашувида ўз аксини топмоқда.

Фуқаролик жамияти — бу, ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этишда фаол қатнашадиган, давлатнинг бедодлиги ва аралашувига йўл қўймайдиган ҳуқуқ ҳукмрон бўлган, фуқаролар ва давлат ҳамкорлик асосида ишлайдиган онгли индивидлар жамиятидир. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фуқаролик жамиятига таъриф берилмаган бўлса-да, унда фуқаролик институтларини ташкил этиш ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари эътироф этилган, уларнинг давлат билан ўзаро ҳамкорлиги принциплари белгиланган.

Конституцияда қуйидагилар ўрнатилган:

— жамоат бирлашмалари (касаба уюшмалари, сиёсий партия­лар, фуқароларнинг бошқа турдаги бирлашмалари) қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим;

— конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркин­ликларига тажовуз қилувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний аломатлар бўйича сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади;

— жамоат бирлашмалари ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятларга эга, давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди;

— давлат органлари ва мансабдор шахслар жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашмайдилар, шунингдек, жамоат бирлашмалари давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашмайдилар;

— сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминлайдиган манбалар ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга ошкора ҳисоботлар бериб турадилар;

— давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди;

— жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, уларнинг фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади;

— оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди, цензурага йўл қўйилмайди;

— ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан тартибга солинади.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг юқорида айтиб ўтилган конституциявий принциплари «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида», «Жамоат фондлари тўғрисида», «Сиёсий партиялар тўғрисида», «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», «Касаба уюшмалари тўғрисида», «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги ва бошқа қонунларда ўз ифодасини топди.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги таркибий бўлинмалари томонидан 1587 та ННТ давлат рўйхатидан, шунингдек, 3446 та ННТ ҳисоб рўйхатидан ўтган.

Давлат органлари нафақат ННТлар, балки фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳам ҳамкорликни янада фаол ривожлантирмоқда ва кенгайтирмоқда. Деярли ҳар бир давлат органида инсон ҳуқуқлари соҳасида ННТлар билан ҳамкорликнинг ўз тизими ва механизмлари ишлаб чиқилган.

Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда бевосита ёки билвосита иштирок этаётган ноҳукумат ташкилотлар ҳамда жамоатчилик гуруҳлари билан яқин алоқаларни ўрнатмоқда ва мус­таҳкамламоқда. Бунинг бир қанча муҳим сабаблари мавжуд.

Биринчидан, бу органларни қўллаб-қувватлаш Марказнинг мавжудлиги ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш шарофати билан Марказ фаолиятини тарғиб қилишда жуда ҳам фойдали. Ноҳукумат ташкилотлар кўпинча Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ишини такомиллаштириш бўйича ҳаракатларнинг ташаббускори бўлиб чиқишади. Бундай алоқалардан Марказ фаолиятини ёритиш ва унинг иши жамият томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлашда фойдаланилади.

Иккинчидан, миллий марказнинг ННТлар билан ҳамкорлик олиб боришининг амалий сабаби шундаки, инсон ҳуқуқларининг бузилишидан кўпроқ азоб чекадиган шахслар кўпинча шикоят бериш ёки ҳуқуқий ҳимоя излаб бирор-бир расмий орган билан алоқа ўрнатишга интилишмайди. Бундай ҳолларда ноҳукумат ташкилотлар ҳуқуқи бузилганлар билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ўртасида воситачи бўлиши мумкин. ННТлар, шунингдек, фуқароларнинг Марказ билан шахсий муносабатини рағбатлантириш учун зарур ёрдам ва маълумот тақдим этиши мумкин.

Учинчидан, ноҳукумат ташкилотлар инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилинишига кўмаклашувчи миллий иқлим яратиш бўйича ҳаракатларда идеал ҳамкорга айлантирадиган муайян билим ва хусусиятларга эгадир. Тезкорлик билан мослашиб иш олиб боришга қодирлиги назарда тутилса, ННТлар кўпинча инсон ҳуқуқлари бўйича мамлакатдаги вазият, тузилмавий ёки қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар тўғрисида миллий марказга батафсил маълумот бериши, шунингдек, унинг диққатини ижтимоий ёки бошқа ўзгаришларга қаратиши мумкин. Бундай маълумотдан Марказни хабардор қилиш ва унинг аҳамияти ҳамда самарадорлиги даражасини энг кўп даражада оширишга уриниш мақсадида фойдаланиш мумкин. Маълумот ҳар бир алоҳида вазиятда берилиши ёки бу жараён мунтазам (расмий ёки норасмий) маслаҳатлашув йўли билан расмий мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Шуни таъкидлаш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, ўз навбатида, ННТларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билими даражасини оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга:

— ННТлар учун махсус семинар ва тренинглар ўтказиш;

— уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар учун ўтказиладиган инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот тадбирларида иштирок этишга жалб қилиш;

— ННТлар иштирокида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мониторингини ўтказиш;

— уларни БМТ Қўмиталарининг Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги миллий маърузаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тавсиялари ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларига ижрочи сифатида киритиш;

— Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги миллий маърузаларига киритиш учун инсон ҳуқуқларига риоя қилиш тўғрисидаги тегишли маълумотларни олиш;

— аҳолининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича билим даражасини оширишга йўналтирилган қўшма ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш ва бошқача йўллар орқали кўмаклашади.

Миллий марказ ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолиятнинг биргина йўналиши билан чекламаслигини таъкидлаш зарур. Марказ инсон ҳуқуқларининг деярли барча тоифалари билан шуғуллангани боис, у фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро кенг ва умумқамровли ҳамкорлик қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ночор қатламлари (аёллар, болалар, қариялар, ногиронлар ва б.) ҳуқуқлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилишини ҳисобга олиб, Марказнинг аёллар ва болалар ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек, ногиронлар, кекса фуқаролар муаммолари билан шуғуланадиган нодавлат тузилмалар билан бирмунча бар­қарор алоқалари ривожланмоқда.