25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўрaвонликка барҳам бериш куни

25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўрaвонликка барҳам бериш куни

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш нозик хилқат эгаларининг ўзини намоён этишида муҳим аҳамият касб этади. Аммо сўнгги пайтларда бутун дунёда турли тазйиқ ва зўравонликка, тажовузларга дуч келаётган хотин-қизлар сони ортса, ортмоқдаки, камаяётгани йўқ.

Бу борадаги муаммоларга қарши курашиш мақсадида 1999 йил 17 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 25 ноябрь Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида эълон қилинган. Мазкур сана муносабати билан қатор давлатларда зўравонликка қарши курашиш бўйича тадбир ва акциялар ташкил этиб келинади.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида мамлакатимизда ҳам кенг кўламли ишлар тизимли равишда ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, 2021 йилда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ҳамда «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори ушбу йўналишдаги тадбирларда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб келаётир.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни реабилитация қилиш, уларга психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий кўмак кўрсатиш, шу ҳолатдан чиқиши учун касб-ҳунар ўргатиш, меҳнатга жалб қилиш мақсадида барча ҳудудда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Хотин-қизларни ҳимоя қилишда ички ишлар органлари аёллар масалалари бўйича инспекторлари лавозими жорий этилди. Зеро, хотин-қизларга нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда уларнинг муаммолари ҳақида ўз вақтида хабар топиш ва тегишли идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим масалалардандир.

Бу борада ички ишлар органлари томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган оилалар, иш жойлари, жазони ижро этиш муассасалари ва бошқа объектларнинг ҳисобини юритиш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган ғайриижтимоий хулқ-атворга эга шахсларни аниқлаш ҳамда улар билан профилактик ишлар ўтказиш чоралари кўрилган.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида тазйиқ ва зўравонликдан жабрлангани учун 38 мингга яқин хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилган. Уларнинг 21,5 мингдан ортиғи руҳий зўравонлик, 9 минг 804 таси жисмоний зўравонлик, 378 таси иқтисодий зўравонлик, 42 таси жинсий зўравонлик ҳамда 7 мингдан ортиғи тазйиқ ҳолатларига учраган. Олиб борилган чоралар натижасида 18 минг 839 оила яраштирилди. 428 мингга яқин ишсиз ёрдамга муҳтож аёллар рўйхати шакллантирилган, 6,5 минг аёл ишга жойлаштирилган. 89 минг 400 та аёлга тиббий ёрдам кўрсатилган. Хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ишга туширилган 1259 ишонч телефони орқали 10 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Аёлга қўл кўтариш, куч ишлатиш аслида кучсизларнинг иши. Аммо буни англамаган айрим кимсалар ожиза қатлам вакилаларига зўравонлигини кўрсатишга уринишади. Бу каби ҳолатлар нафақат хотин-қизларнинг руҳиятига, балки тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари мавжуд бўлган оилада улғаяётган фарзандларнинг руҳиятига ҳам, тарбиясига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши шубҳасиз. Бундай оилада ўсиб-улғаяётган болалар ўзига ишончсиз, қатъиятсиз бўлиб қолиши, жамиятда ўз ўрнини топишида қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

Шундай экан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, таҳдид ва тажовуз ҳолатларини бартараф этиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга мунтазам эътибор қаратиш лозим. Аёли бахтли жамият эса тинч ва фаровон бўлади.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech