Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

“ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ ЎЗБЕКИСТОН РАИСЛИГИДА МИНТАҚАВИЙ ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ БЎЙИЧА  СЕЗИЛАРЛИ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШДИ”

Ўзбекистон 2022 йилда биринчи маротаба Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) раисликни қабул қилди. 1985 йил Туркия, Эрон ва Покистон иштирокида ташкил этилган мазкур халқаро тузилмага мамлакатимиз 1992 йилда аъзо бўлган. Худди шу йили ташкилотга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон ҳам қўшилган. ИҲТ тузилишидан кўзланган мақсад минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат.

“Дунё” АА мухбири ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий билан мазкур ташкилотнинг устувор вазифалари, Ўзбекистоннинг ИҲТ фаолиятидаги ўрни ва ҳиссаси, шунингдек, мамлакатимизнинг ушбу тузилмага биринчи раислигининг якунлари ҳақида суҳбатлашди.

— Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги ниҳоясига етмоқда. Сиз унинг якунларини қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистон ИҲТга аъзо бўлган жуда муҳим давлатдир. Ташкилот Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги раислиги даврида ИҲТни янада ривожлантириш ва минтақадаги ўзаро тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги асосий ролини ва мукаммал раҳбарлигини юқори баҳолайди.

Ўзбекистоннинг ИҲТдаги ўсувчанлик роли, айниқса, биргаликда минтақавий ривожланиш жараёнини илгари суриш учун мамлакатнинг раислиги даврида жуда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти фаолиятидаги роли ортиб бораётганини, бу тузилманинг ўсиши ва ривожланишига жуда катта ҳисса қўшаётганини қайд этишдан мамнунмиз.

Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ўз вақтида 2022 йилни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти минтақасида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилди. Шу нуқтаи назардан, ИҲТ Ўзбекистон раислигида минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича  сезиларли натижаларга эришди. Уларнинг айримларини қуйидаги тартибда санаб ўтиш мумкин:

— 2022 йил февраль ойида ИҲТнинг транспорт бўйича 11-вазирлар учрашуви ташкил этилиши;

— Исломобод — Теҳрон — Истанбул (ИТИ) йўлагини тўла ишга тушириш ва тартибга солиш;

— Исломобод — Теҳрон — Истанбул поезд хизматини тартибга солиш;

— Географик ахборот тизими (ГИТ) лойиҳасини жорий қилиш;

— Халқаро автомобиль ташуви кафолат бирлашмаси маслаҳат гуруҳи (ECO-TIRACG)  яратилиши;

— Қозоғистон — Туркманистон — Эрон йўлаги учун йўлакни бошқариш механизми яратилиши;

— ИҲТ Денгиз мувофиқлаштирув марказлари тармоғининг яратилиши;

— Фуқаро авиацияси бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳнинг ташкил этилиши;

— ИҲТ минтақасининг шарқий қисмида авиатармоқни ташкил этиш бўйича концептуал йўриқнома тайёрланиши;

— Tранскаспий йўлаги ва Истанбул — Олмаота йўлаги бўйича БМТ Европа иқтисодий комиссияси билан мувофиқлаштириш қўмитаси тузилиши;

— Икки муҳим, яъни Қирғизистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон ва Тожикистон — Ўзбекистон — Турк-манистон — Эрон — Туркия йўлагини яратиш.

Ўзбекистон раислигида ташкилот, айниқса, энергетика, савдо, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик соҳаларида минтақавий интеграцияни янада мустаҳкамлаш учун муҳим қадамларни ташлади. 2022 йил давомида Ўзбекистонда қатор йўналишларда бир неча вазирлар учрашуви ҳамда бошқа юқори даражадаги учрашувлар ташкил этилди ва ўтказилди.

Масалан, энергетика жабҳасида биз Тоза энергия марказини ҳамда ИҲТ минтақавий электр энергияси бозорини яратишда сезиларли натижаларга эришдик. Жорий йилда Ўзбекистон энергетика бўйича ИҲТ 5-вазирлар учрашувини ўтказишни режалаштирмоқда ва биз ушбу муҳим жабҳада янада катта ривожланишга эришишга умид қилмоқдамиз.

Ўзбекистон раислиги туризм соҳасида ҳам жуда фаол кечди. 2022 йил Ўзбекистон томонидан ИҲТнинг туризм бўйича 4-вазирлар учрашуви ташкил этилди. Бундан ташқари, ўтган йилда Озарбайжон, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг 240 дан ортиқ туроператори ва сайёҳлик агентлигини бирлаштирадиган ИҲТ  туроператорлари тармоғи тузилди.

Биз минтақа улкан сайёҳлик сало-ҳиятига эга эканини яхши биламиз. Айниқса, Ўзбекистон ўзининг буюк тарихий ва табиий диққатга сазовор масканлари билан ажралиб туради. Шу боис, биз Ўзбекистонни 2024 йилда Шаҳрисабз шаҳрининг ИҲТ туризм пойтахти этиб сайлангани билан қутлаймиз ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси жорий йил Самарқанд шаҳрида ўтказилишидан жуда мамнунмиз. Булар бутун дунё эътиборини Ўзбекистонга жалб қилади ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини олға етаклайди.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Президент Шавкат Мирзиёевга атроф-муҳитини муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича ИҲТ доирасида юқори даражадаги мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан Ўзбекистоннинг яна бир янги ва муҳим ташаббуси учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришининг оқибатлари ташкилотнинг тармоқлараро устувор йўналиши сифатида бергиландики, бу турли масалалар ва турли даражадаги барча экологик тадбирларда жиддий равишда ҳисобга олинмоғи лозим.

Биз Ўзбекистоннинг ташкилотнинг экологик доирадаги фаолиятида, масалан, ишчи гуруҳларда, шунингдек, биохилма-хиллик, ер деградацияси ва иқлим ўзгариши бўйича янги лойиҳаларни илгари суришдаги фаол ўрнини юқори баҳолаймиз.

— Ўзбекистон сўнгги йилларда ИҲТ фаолиятида изчил иштирок этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилот доирасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Улар котибият ишига ва умуман, ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик кенгайишига қандай таъсир қилди?

— Ўзбекистон сўнгги йилларда ИҲТда фаол иштирок этмоқда — бу ҳақиқат. Лекин таъкидлашни истардимки, Ўзбекистоннинг ИҲТдаги фаол позицияси мамлакатнинг сўнгги йиллардаги ажойиб ривожланиш ҳаракатларининг бир қисмидир. Ўзбекистон ўзининг глобал ва минтақавий миқёсдаги нуфузини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Мен мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига гувоҳ бўлганимдан жуда хурсандман, унинг истиқболлари ва кутилаётган натижалар ҳам жуда яхши бўлишини қайд этишни истардим.

Ўзбекистон халқаро форумларда ҳам ўз етакчилик фазилатини намоён этди. Шу маънода, ташкилотимиз кун тартибига янги ва фойдали ташаббусларни киритгани туфайли ИҲТ Ўзбекистон раислигидан катта наф кўрди.

ИҲТнинг 2021 йилда бўлиб ўтган 14- ва 15-саммитлари чоғида Ўзбекистон Президенти минтақавий интеграцияни янада кенгайтириш таъминланиши учун ҳамкорликни кенгайтиришнинг ҳисобидан кун тартибимизни бойитиш бўйича бир қанча конструктив таклифларни илгари сурди. Бу таклифлар, жумладан, савдо, транспорт ва энергетика соҳаларини қамраб олган ва асосан, ИҲТни юзага келаётган минтақавий ва глобал тенденцияларга мослаштиришга йўналтирилган. Ўзбекистоннинг барча таклифлари жуда долзарб деб тан олинди ва шунинг учун барча аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Масалан, ИҲТ тарихида биринчи маротаба раислик қилувчи мамлакат ўзи раислик қиладиган йилга ном берди. Шу нуқтаи назардан, 2022 йил Президент Шавкат Мирзиёев таклиф этганидек, “Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” бўлди ва шунга монанд равишда минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ-равшан натижаларга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ИҲТ доирасида  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги мулоқотни яратишни таклиф қилди, бу ҳам жуда муҳим глобал масаладир. Барча аъзо давлатлар ушбу таклифни мамнуният билан олқишлади ва ташкилот атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим  ўзгариши билан боғлиқ ишларда ИҲТ ва бошқа етакчи халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга интилмоқда.

Ўзбекистон томонидан ўз раислиги доирасида ИҲТ фаолиятининг турли соҳаларида, жумладан, савдо, транспорт ва энергетика тармоқларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича белгиланган мақсадларга таянган ҳолда ташкилот минтақамизни жамоавий ривожланти-риш борасида энг керакли натижаларга эришиш учун фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширди.

— Савдо ва инвестиция, транспорт логистикаси ва бошқа соҳаларда аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари ИҲТ фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади. Шу боис, сизнингча, барчамизга тегишли бўлган ушбу йўналишларда давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай?

— Ўзбекистон Президентининг таклиф ва ташаббуслари муҳимлигини инобатга олган ҳолда, ИҲТ котибияти уларнинг изчил амалга оширилишини таъминлаш учун тизимли саъй-ҳаракатларни бажарди. Ташкилот устувор йўналишларда, жумладан, савдони эркинлаштириш, савдо тартиботларини соддалаштириш ва савдо тўсиқларини бартараф этиш, транспорт алоқаларини яхшилаш, минтақанинг сайёҳлик салоҳиятини илгари суриш, энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш ва экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, ер деградацияси ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги каби долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича биргаликдаги ишларни жадаллаштирди.

Бизнинг олдимизда устувор йўналишларда минтақавий ҳамкорликни ва интеграцияни яхшилаш билан боғлиқ қатор ўта муҳим масалалар турибди. Минтақавий алоқаларни ва интеграцияни сезиларли даражада кенгайтириш учун бизда улкан имкониятлар мавжуд. Дунё аҳолисининг 6,6 фоизи минтақамиз ҳиссасига тўғри келади. Қолаверса, 2021 йилда минтақанинг жаҳон савдосидаги улуши 927,8 миллиард АҚШ долларини, минтақамиз ичидаги савдо ҳажми 76,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу ИҲТ савдоси бутун дунё савдосининг 8,2 фоизи деганидир. Ушбу рақамлар дунё аҳолисидаги улуши, шунингдек, бой табиий ва инсон ресурсларига эгалиги нуқтаи назаридан минтақанинг муносиб салоҳиятига мос эмас.

Бизнинг иқтисодиётимиз ҳали ҳам Covid-19 пандемияси сабаб юзага келган глобал инқирознинг салбий таъсирини бошдан кечирмоқда. Хусусан, инфляция суръатларининг глобал ўсиши молиявий шароитлар кескинлашишига ва яшаш нархи ошишига олиб келди. Қолаверса, яқинда юзага келган глобал сиёсий вазият таъминот занжирлари бузилиши ҳамда озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги нуқтаи назаридан ташвишланишни юзага келтирди. Таъминот занжирларидаги ҳар қандай бузилиш бутун дунё бўйлаб маҳсулот етказиб бериш жараёни ва нархларга таъсир кўрсатади, хомашёни қидиришдан тортиб, то транспорт харажатлари, қўшимча қиймат ва ниҳоят, истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган юқори харажатлар туфайли иқтисодий фаолиятни хавф остига қўяди. Шу боис, 2022 йилда Ўзбекистон раислигида ташкилот минтақавий ривожланиш учун муқаррар равишда зарур бўлган ўзаро боғлиқликка улкан аҳамият қаратди.

Бундан ташқари, биз лойиҳалар асосидаги ёндашувга кўпроқ эътибор қаратдик. Ҳозирги пайтда ИҲТ лойиҳаларининг умумий сони 37 тани ташкил этади, улардан 23 таси амалга оширишнинг турли босқичларида турибди. Таклиф этилаётган янги лойиҳалар сони 14 та.

Барча устувор йўналишларда бизнинг кун тартибимиз минтақамиз ва унинг аҳолиси учун фаровонликни яхшилашга кўмаклашадиган жуда истиқболли лойиҳаларни ўз ичига олган. Олдимизда барча манфаатдор томонларнинг умумий тўғри тушуниши ва жамоавий саъй-ҳаракатлар билангина эришиш мумкин бўлган улкан вазифалар ва эзгу мақсадлар турибди.

Шу боис, минтақавий ҳамкорлигимиз истиқболларига катта ишонч билан қарайман. ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтадиган 26-йиғилишида аъзо давлатларнинг юқори мартабали расмийлари томонидан бизга жуда яхши эътибор қаратилади, деб ўйлайман. Иқтисодий ҳамкорликнинг минтақавий форуми сифатида ИҲТнинг ролини янада ошириш мақсадига йўналтирилган самарали учрашувлар ва конструктив мунозаралар ўтказилишини кутмоқдамиз. Шунинг учун мен барча аъзо давлатларга бу муҳим учрашувда ташкилотни қўллаб-қувватлагани, айниқса, ҳозирги мураккаб глобал иқтисодий ва сиёсий воқеалар шароитида минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган йиғилиш ўтказилишига кўмаклашгани учун Ўзбекистон раҳбариятидан миннатдорман.

“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech