Омбудсман: Мурувват уйида яшовчи 31 нафар шахснинг ҳужжати йўқлиги аниқланди

Омбудсман: Мурувват уйида яшовчи 31 нафар шахснинг ҳужжати йўқлиги аниқланди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва унинг вилоятлардаги минтақавий вакиллари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалар билан бирга Мурувват уйларига мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда.

Қайд этиш лозимки, ушбу муассасаларда инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларининг камситилишига сабаб бўлмайдиган муносиб шароитлар яратилиши лозим.  

Омбудсман вакиллари ўрганишларда шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратмоқда ҳамда ушбу муассасаларда сақланаётган шахслар мурожаатларини кўриб чиқмоқда.  

Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги ногиронлиги бўлган эркаклар учун ташкил этилган Мурувват уйига амалга оширган мониторинг ташрифида 31 нафар фуқаро фуқаролик паспорти олишда муаммоларга дуч келаётгани, аксариятининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси мавжуд эмаслигини аниқлади.  

Таъкидлаш лозимки, бу ердаги айрим шахслар мулоқот қилиш, ўз фикрларини баён этиш имкониятига эга эмас.  

Омбудсман минтақавий вакили ушбу масалада тегишли ташкилотларга мурожаат қилди. Натижада 18 нафар фуқаронинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини Давлат хизматлари марказидан олиш учун тўлов интернат уйи ва божхона ходимлари томонидан тўлаб берилди. 

5 нафар фуқаронинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасига Давлат хизматлари агентлиги томонидан аниқлик киритилган бўлиб, интернат уйи томонидан тўловлар амалга оширилгандан сўнг паспорт олиш учун тегишли ташкилотга тақдим этилиши режалаштирилган. 8 нафар фуқаронинг шахсига аниқлик киритиб бўлмаётгани сабабли, Давлат хизматлар агентлиги томонидан маълумотлар олиш имкони йўқлиги маълум қилинган.  

Омбудсманнинг Бухоро минтақавий вакили, Давлат божхона қўмитаси вилоят бошқармаси ва ИИБ билан ҳамкорликда Қоракўл туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйида тадбир ташкил этилиб, васийликка олинган фуқароларнинг 14 нафарига шахсини тасдиқловчи ID-карталари топширилди. Яна 7 нафар фуқаронинг ҳужжатлари тайёрланаётгани маълум қилинди.  

Маълумот учун, интернат уйида 306 нафар эркак давлат томонидан васийликка олинган бўлиб, муассасанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланган ва инфратузилмаси яхшиланган. Васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий услуб ва ижтимоий технологиялар татбиқ этилиб, қулай шарт-шароитлар яратилган.  

Ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш йўлга қўйилган. Бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда қобилиятларини ривожлантириш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.  

 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech