Парламент сўровидан мақсад - хотин-қизларга муносиб иш шароити яратиш

Сенатнинг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровининг ижроси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, парламент сўровида кўрсатилган муаммоли масалаларни бартараф этиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзтуқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Ҳукумат томонидан хотин-қизлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, иш берувчилар ўртасида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчилар ва ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида 800 дан ортиқ семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган. Иш берувчиларнинг масъулиятини оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқилган.

Шу билан бирга, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси таҳлили, қолаверса сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳининг тармоқ корхоналарида ўтказилган ўрганишлари шуни кўрсатдики, парламент сўровида кўтарилган масалаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаган ҳамда соҳада қатор камчилик ва муаммолар ҳанузгача ўз ечимини топмаган.

Соҳа корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ваколатли давлат органлари ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш йўлга қўйилмаган. Тўқимачилик корхоналарида ишлаётган аёлларнинг 48 фоизи, чарм-саноат корхоналарида ишлаётган аёлларнинг 67 фоизи иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 3-4 баравар кам ойлик маош олиб ишлаётганлиги маълум бўлди.

Тармоқ корхоналарида иш ҳақининг камлиги кадрлар қўнимсизлигини юзага келтирмоқда. Айрим корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ишларига ҳам етарли эътибор қаратилмаяпти. Шунингдек, тармоқдаги аксарият корхоналарда малакали ишчиларни қўшимча рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилмаган.

 Корхоналарда иш ўринларини меҳнат шароитлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги, асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказиш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Натижада бахтсиз ҳодисалар, иш жойларида жароҳатланиш ҳолатлари ошиб бораётганлиги кузатилмоқда.

Парламент сўровида кўрсатилган енгил саноат ва чарм саноати корхоналари бўйича хавф-хатарлилик тоифалари кўрсаткич ва тавсифларини қайта кўриб чиқиш, хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш ишларини доимий мониторинг қилиб боришнинг онлайн тизимини яратиш бўйича топшириқлар ҳам бажарилмаган ва бу борада бирор-бир тизим шу кунгача йўлга қўйилмаган.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича ҳам самарали чоралар кўрилмаган.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар парламент сўровида қўйилган масалалар пухта ўрганилмаганлиги, унда кўрсатилган муаммолар, жумладан хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларга муносиб иш ҳақи тўлаш, иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш юзасидан таъсирчан чоралар кўрилмаганлигига танқидий муносабат билдирдилар.

Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech