Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида муҳим таклифларни илгари сурди

Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида муҳим таклифларни илгари сурди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари саммитда сўзлаган нутқида муҳим таклифларни илгари сурди.

–Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ташкилотимизнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сураман. Бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий этиш ва муҳим чоралар кўришни кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, Ташкилотимиз доирасида табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама битимни тезроқ ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Туркия томони тақдим этган фуқаролар муҳофазаси бўйича тизим яратиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Иккинчидан, фавқулодда вазиятлар бўйича вазирликларимиз ўртасидаги шериклик алоқаларини кескин фаоллаштиришимиз лозим. Уларнинг навбатдаги йиғилишида энг устувор йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш айни муддао бўлар эди.

Асосий диққатни техник хавфсизлик талабларига қатъий эътибор қилиш ва жаҳоннинг энг илғор тажрибасини соҳага татбиқ этиш; аҳолининг доимий хабардорлигини ошириб бориш; қутқарув хизматлари мутахассисларининг малака ва тажрибасини ошириш; қўшма ўқув машқларини ўтказишга қаратишимиз керак.

Учинчидан, бундай кутилмаган ва оғир синовли пайтларда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатиш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Сўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш молларини тўсиқсиз етказиб бериш, саноатни тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини ишга тушириш ҳақида бормоқда. Албатта, бугун расман таъсис этилаётган Туркий инвестиция фондининг илк молиявий ресурсларини ҳам ушбу лойиҳаларга жалб этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир муҳим масала. Илмий ва технологик соҳаларда эришилган ютуқларга қарамасдан, зилзилалар, сел ва сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, бўронларни олдиндан аниқлаш ва эрта огоҳлантириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу жараёнларни чуқур ўрганиш, соҳага илмий ва технологик янгиликларни кенг жорий этиш катта ижобий самара бериши аниқ. Шулардан келиб чиқиб, Ташкилотимиз доирасида Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкентда жойлаштириш бўйича ташаббусимизни маъқуллайсиз, деб ишонаман.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотининг ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорлигини кучайтириш лозим. Хусусан, Табиий офатлар хавфини камайтириш глобал жамғармаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Табиий офатларни камайтириш бўйича халқаро стратегияси котибияти, Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш марказий жамғармаси каби халқаро тузилмалар билан яқин алоқаларни ўрнатиш бўйича Ташкилотимиз котибияти алоҳида шуғулланса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлар эди, – деди Шавкат Мирзиёев.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech