Мамлакатда барча уйларнинг 14 фоизида ҳеч ким яшамайди. Бўш уйлар “Акия” деб аталади. Бу уйларнинг ҳар бирига 3 кишидан жойлаштирилса, бутун Австралия аҳолисини уй билан таъминлаш мумкин.
Японияда аҳолининг камайиб бораётгани Япон жамияти ва иқтисодига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бугунги кунда мамлакатда 9 млн уй бўшаб қолган.
"Акия" атамаси япончада "бўш уй" деган маънони англатади. Қонунан уйларни акия деб топиш учун унинг ҳолати баҳоланади. Унга кўра, одамларнинг йил давомида уйга кирмагани, сув, электр ва газдан фойдаланмагани кабилар ҳисобга олинади ва уй “акия” деб эълон қилинади.
Ҳозирги кунда Япониядаги ҳар 8 та уйдан биттаси акия, яъни ташландиқ уйлар ҳисобланади. Уларни 4 та турга бўлиш мумкин: ижарага бериладиганлар, сотиладиганлар, иккинчи уйлар ва бошқалар. Вақт ўтгани сари сотиш ва ижарага беришга мўлжалланган акиялар сони қисқариб, бошқа турга кирувчи, яъни ҳақиқатан ташландиқ бўлган акиялар сони ошмоқда.
Асосан, ёшларнинг анъанавий меҳнат турларини танламасдан йирик шаҳарларда ишлаш ва ўқиш учун миграция қилиши, қишлоқларда кекса ёшлиларнинг қолиши орқали уйлар бўшаб қолади.
Аҳолининг қишлоқ жойлардан кўчиб кетиши сабаб ҳудудларда арвоҳ шаҳарлар пайдо бўлишига қарши курашиш учун Япония ҳукумати баъзи ташаббусларни илгари сурмоқда. 2023 йилда ҳукумат оилаларга гавжум Токиодан қишлоққа кўчиб ўтишлари учун оиладаги ҳар бир болага 1 млн ен (6,3 минг доллар) таклиф қилган. Бунда оила камида 5 йилни янги жойда яшаб ўтказиши, оила аъзоларидан бирининг масофадан ишлаш учун бўлса-да, барқарор иш жойи бўлиши ёки янги ҳудудда бошлаш учун бизнес режаси бўлиши керак.
Ҳукумат маълумотларига кўра, “акия” уйларининг сони 2018 йилдан бери то 2023 йил октябригача ярим миллиондан кўпроққа ошган.
Дастлаб, акиялар қишлоқ аҳолисининг кўчиб кетиши билан пайдо бўлган бўлса, бундай уйларни мерос қилиб олганларнинг унда яшашни хоҳламаслиги, уни таъмирлаш ё бузишга хоҳиши йўқлиги сабаб сони ошиб борган. Эндиликда шаҳарлар ҳам “акиялар”дан” мустасно эмас, шаҳарларда ҳам юз минглаб уйлар бўшлигича қолмоқда.
Бўш уйларнинг умумий сони Япониядаги барча уйларнинг қарийб 14 фоизини ташкил қилади, аммо ҳақиқий рақам бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Номура илмий-тадқиқот институти ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда 11 миллионга яқин акия бор ва улар ўн йил ичида барча уйларнинг 30 фоиздан ортиғини ташкил қилиши мумкин.
Аниқланишича, бўш турган уйларнинг 4,4 млни ижарага беришга яроқли. Бироқ улар узоқ муддат бўш бўлган ва аҳоли гавжум марказлардан узоқроқда жойлашган. Яна 3,8 млн уйнинг тақдири ноаниқ. 9 млн бўш уйдан фақатгина 330 минги сотувга чиқарилган.
Японияда бўш ерлар бинолари бўлган ерлардан кўра кўпроқ солиққа тортилади, бу эса эски уйларни бузишнинг молиявий юкини оширади ва баъзи одамларнинг меросга эгаликни рад қилишларига сабаб бўлади.
Бироқ хорижликлар орасида коминка (анъанавий) уйларга қизиқиш ортиб боряпти. Улар бўш мулкларни, хусусан, анъанавий уйларни арзон ва ноодатий турар жой, дам олиш уйлари сифатида қадрлайди ёки сайёҳларга ижарага бериш варианти сифатида кўради.
Ҳана Саката ва унинг турмуш ўртоғи "Янги мерос" дастури орқали 10 йилдан бери эски уйларни таъмирлаш ва ижарага бериш билан шуғулланишади. Масалан, улар тоғли Нагано қишлоғидаги эгаси ғамхўрлик марказида яшаётган, кучли қор сабаб бир қисми кўчиб тушган анъанавий коминка уйини сотиб олишган.
Сакатанинг огоҳлантиришича, бундай уйларни олиб, уларни аввалги ҳолатига қайтариш яхшигина маблағ талаб қилади.
"Ҳозир, айниқса, чет элликлар орасида Япониядаги бу улкан қишлоқ уйларининг жудаям арзон ёки текинлиги ҳақида турли шов-шувлар юради. Лекин уларга эгалик қилиш катта мажбурият ва бундай уйларни тузата оладиган усталар ҳам кўп эмас. Анъанавий дурадгорлик маҳорати сўниб бормоқда", дейди у.
Шу жиҳатларга қарамай хорижлик туристлар ўртасида анъанавий япон уйларида қолишга қизиқиш юқори, бу талаб ҳозирда бозорда мавжуд таклифдан ошиб кетган. Март ойида 3 млн хорижлик мамлакатга ташриф буюрди.
2038 йилга келиб, баъзи прогнозларга кўра, Япониядаги уйларнинг деярли учдан бир қисми бўш қолиши мумкин.
Ҳозирги кунда Япония аҳоли камайишига қарши курашаётган ягона давлат эмас. Қўшни Жанубий Кореяда 2023 йилда ҳар бир аёл бошига туғиш даражаси 0,72 га тушиб қолди. Бу ҳатто Япониядаги 1,26 кўрсаткичидан ҳам паст. Сингапур ва Тайванда ҳам туғиш кўрсаткичи бир аёлга биттадан тўғри келмоқда. АҚШда ҳам туғилишнинг аср давомидаги энг паст кўрсаткичи қайд этилган.
Kun.uz
- Қўшилди: 03.05.2024
- Кўришлар: 1799
- Чоп этиш