Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 5-бўлими 2-қисми 1-бандига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2024 йил 5 январь ҳолатидаги мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади.
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 67 банди (85%) бўйича ижро муддати якунланган, шундан 6 банд бўйича ижро муддати узайтирилган, 63 банд (81 %) бўйича ишлар бажарилган, 1 банд (1 %) назоратдан ечилган, 14 бандни (18 %) амалга ошириш бўйича доимий ишлар давом этмоқда. Шунингдек, “Йўл харитаси”нинг 11 банди муддати якунланмаган.
- 2023 йилда Миллий стратегия доирасида 10 та қонун, 7 та Президент фармон ва қарорлари ҳамда 5 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.
- “Йўл харитаси”нинг 4-банди ижросини таъминлаш доирасида 2023 йил давомида давлат органларининг тегишли ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш мақсадида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”, “Нелсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини олдини олиш”, “Озодликдан маҳрум этиш жойларида жинсий ва гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш”, “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ва миллий механизмлар“ “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари”, “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзуларида онлайн ва офлайн форматдаги ўқув курс ва тренинглар ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича интерактив курслар ташкил этилиб, жами 1050 нафар ходимлар малакаси оширилди.
- Йўл харитаси”нинг 6-банди ижросини таъминлаш доирасида 2023 йил йил давомида Республикамизнинг ахборот-кутубхоналари марказлари, мактаб ҳамда қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига жами 2620 та инсон ҳуқуқларига оид адабиёт ва 650 та ҳуқуқий журналлар беғараз тақдим этилди. Бундан ташқари, 2023 йил давомида Республикамизнинг 10 та вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида бўлиб ўтган ўқув машғулоти тингловчилларига 2 200 та китоб тақдим этилди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга оид тўпламни давлат тилида чоп этилишини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан 2023 йилда 14 та тўпламлар чоп этилди.
- “Йўл харитаси”нинг 18-банди ижросини таъминлаш доирасида 2023 йил 16 июнда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди.
Ушбу қонун асосида кам таъминланган шахслар, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилган шахслар ҳамда психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахсларга очиқ ва шаффоф бепул юридик ёрдам кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилди.
- “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрь “Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-210-сонли фармони имзоланди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди. Шунингдек, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди.
- “Йўл харитаси”нинг 24-банди ижросини таъминлаш доирасида 2023 йил давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг 4 та миллий маърузалар тақдим этилди:
- Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг дастлабки миллий маърузаси;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича маърузаларнинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистон Республикасининг умумий асосий маърузасининг янги таҳрири;
- Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистон Республикасининг тўртинчи миллий маърузаси (2023 йил 8-10 ноябрь кунлари кўриб чиқилди);
- Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенция бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи миллий маърузаси.
2022 йил 31 август – 1 сентябрь кунлари БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессиясида Ўзбекистоннинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан Бешинчи миллий маърузаси кўриб чиқилди. Қўмитанинг якуний мулоҳазарида кўрсатиб ўтилган тавсияларни амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқилиб, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича Парламент комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этилди.
- 2023 йил 13-15 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Ушбу ташрифнинг бош мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, бу борадаги ислоҳотларнинг қатъийлигига бевосита ишонч ҳосил қилиш ва ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати натижадорлигини таҳлил этган ҳолда, истиқболдаги ишларнинг асосий йўналишларини белгилаб олишдан иборат бўлди.
Шунингдек БМТ Олий комиссари мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллатириш мақсадида ўзининг бир қатор таклиф ва тавсияларини берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 10 июндаги БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тавсиялврни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси тасдиқлаш тўғрисида”ги 32- IV/ҚҚ -521 - IV-сонли қўшма қарори қабул қилинди.
2023 йил 17-19 апрел кунлари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакиллари Т.Хакала ва И.Гилмор бошчилигидаги делегaция Ўзбекистонга ташриф буюрди. Жаноб И.Гилмор сўнгги йиллардаги ўзгаришлардан олган таассуротлари ҳақида батафсил сўз юритди. Жумладан, Европа Иттифоқи Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили томонидан Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ютуқлари, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган нормалар акс эттирилаётгани юксак баҳоланди.
2023 йилнинг 11-15 ноябрь кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегaция аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди.
М.Мекаччи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш бўйича конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.
- Йўл харитаси”нинг 31-банди ижросини таъминлаш мақсадида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тадбиркорлик фаолиятининг асосий тамойилларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар билан келишилди.
Миллий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) лойиҳаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш бўйича Парламент комиссиясига (04-713-сонли хат) кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиклаш учун киритилди. 2023 йил 11 октябрь Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ушбу Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
10. “Йўл харитаси”нинг 39-банди ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 2022 йил 10 март куни пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва улар билан савдо қилувчи жаҳондаги етакчи компанияларни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганлигини тан олиб, Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди.
2023 йил 26 сентябрдан 31 октябргача пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ташкил этилди.
Мониторинглар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо бўлган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилди.
Мониторингни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилди. Келиб тушган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида 10-92 қисқа рақамли “Ишонч телефони”, интернет сайтлар, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланилди.
Касаба уюшмалари томонидан 200 та баннер тайёрланиб, республикамизнинг барча ҳудудларидаги туман, шаҳар марказларига ўрнатилиб, корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда одам гавжум бўладиган жойларга эса 10 минг дона постер жойлаштирилди ва меҳнаткашлар ҳамда аҳоли вакилларига 200 мингта флаерлар тарқатилди.
Шунингдек халқаро ҳамжамият, айниқса ушбу соҳадаги халқаро ташкилотлар мамлакатимизда соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни кузатиш билан бир қаторда мониторинлар ҳам олиб бормоқда.
Хусусан, Пахта барқарорлигини таъминлаш бўйича халқаро дастур — Better Cotton Ўзбекистонда 2023 йилда ўтказилган мониторинг натижаларини эълон қилди. Унда Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани қайд этилган. Мониторингда 7 та вилоятдаги 12 фермер хўжалигида 1 000 дан ортиқ ишчилар билан ярим тизимли суҳбатлар ўтказилди, бу эса жойларда меҳнат билан боғлиқ вазиятнинг хилма-хил ва чуқур ўрганиш имкониятини берди.
Шу ўринда, 2023 йил 26 сентябрь куни АҚШ Меҳнат вазирлиги болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича ҳисоботида (TDA Report) давлат томонидан болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини бартараф этиш қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил «сезиларли тараққиёт»нинг энг яхши тоифасига кирганини алоҳида қайд этиш лозим.
Баҳолашда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқловчи қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар, мурожаатларни кўриб чиқиш ва бундай ҳуқуқбузарликларни текширишнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда институционал механизмлари, болаларнинг меҳнатга жалб этилишининг олдини олишга қаратилган ижтимоий дастурларнинг амалга оширилиши, шунингдек, болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари ва бу борадаги давлат сиёсатининг самарадорлиги ҳисобга олинган.
- Йўл харитаси”нинг 68-банди ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида 2023 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон қарори қабул қилинди.
Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 7 та йўналиш, 30 та банддан иборат бўлиб, бугунги кунга қадар 10 та банд (33,3) бажарилган, 14 та банд (47%) бажарилмоқда, 5 та банди (16,6%) тўлиқ бажарилмаган, 1 та банди (3,3%) бажарилмаган.
2023 йилда Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилди.
- 2023 йил 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилиб, олий ва умумтаълим муассасаларида 50 га яқин семинар, давра суҳбати, маҳорат дарслари, видеоконференция ва учрашувлар ўтказилди.
- Профессионал ва олий таълим учун “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув курслар дастури ишлаб чиқилди, тасдиқланди ҳамда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида жорий этилди;
- 2023 йил 29 июль ҳамда 5,12 ва19 август кунлари “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусидаги 4 ҳафталик ёзги мактабни ташкил қилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар суди ҳамда прокуратураларининг 60 нафар ходимлари иштирок этди;
- 2023 йилда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича 5та семинар-тренинг ва давра-суҳбатлари ташкил этилди.
- Миллий марказ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида 2023 йил 15 август куни “Инсон ҳуқуқлари - келажак авлодлар учун” мавзусида ўқувчи ва талабалар ўртасида ёзги мактаб ташкил этилди;
- 2023 йил 16 август куни Мигрантлар ҳуқуқлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилиниб, 100 нафар ходимлар тингловчи сифатида қатнашди.
- “Йўл харитаси”нинг 73-банди ижросини таъминлаш доирасида “Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ишлаётган аёллар ва эркаклар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ишчилар тўғрисида”ги 156-сон Конвенциясини (Женева, 1981 йил 23 июнь) ратификация қилиш ҳақидаги” қонуни лойиҳаси (ID-79011) ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди. Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, белгиланган тартибда 2023 йил 15 сентябрда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисида”ги 132-сон Конвенциясини ва хорижий тажрибани чуқур таҳлил қилган ҳолда ундаги халқаро стандартлар ва нормаларни миллий қонунчиликка имплементатсия қилиш масаласи ўрганилиб, натижалари юзасидан 2023 йил 22 сентябрда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилди.
- “Йўл харитаси”нинг 74-бандини амалга ошириш доирасида 2023 йил 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги халқаро форум ташкил этилди.
Халқаро форумни ўтказишдан асосий мақсад, аввало, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларнинг қўлланилиши соҳасини холис таҳлилдан ўтказишдан иборат бўлиб, бу борада ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича атрофлича ўзаро фикр алмашилди.
Форумда миллий ва хорижий экспертлар, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари –онлай ва офлайн шаклда жами 850 нафар иштирокчи қатнашди.