Тенглик ва камситилмаслик – 1945-йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар ташкилоти Низомининг асосий тамойилларидандир. Аёллар ҳуқуқлари – инсон ҳуқуқлари бўлганлиги сабабли, аёллар барча инсон ҳуқуқларига эга ва улардан фойдаланади. Шу маънода, гендер тенглиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий қадриятларидан бири бўлиб, жинсий камситиш деярли барча инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномаларида тақиқланган.
Зўравонликларсиз яшаш ҳуқуқи, жисмоний ва руҳий саломатликнинг энг юқори даражасига эришиш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, тенг иш ҳақи олиш ҳуқуқи ва бошқа барча инсон ҳуқуқлари жинсидан қатъи назар аёллар учун таъминланиши керак. Бироқ, бутун дунё бўйлаб миллионлаб аёллар ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишда камситишларга дуч келишда давом этмоқдалар. Гендер тенгсизлиги аёллар ва қизларга салбий таъсир кўрсатадиган кўплаб муаммоларнинг сабабчиси ҳисобланади. Булар маиший ва жинсий зўравонлик, иш ҳақининг пастлиги ёки ишга жойлашишдаги муаммолар, таълим олиш ва бошқалар бўлиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси шунчаки асосий тамойилларни белгилайди, Аммо фақат шунинг ўзи билан аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳақиқий таъминлашга эришиб бўлмасди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ушбу бўшлиқни тўлдириш учун қилинган қадамлардан бири 1979-йил 18-декабрда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенсия (CEDAW) эди. Аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсия сифатида танилган ушбу ҳужжат, уни ратификатсия қилган давлатларга маданият, жамият, таълим, сиёсат ва қонунчилик соҳаларида аёлларнинг камситилишини бартараф этиш мажбуриятини юклайди.
Ўзбекистон Республикаси аёллар ҳуқуқларини ҳар доим таъминлашга алоҳида эътибор беради. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб, 1995-йил 6-майда БМТнинг Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенсиясига қўшилди. Шунингдек, Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида, Меҳнат ва касб соҳасидаги камситиш тўғрисидаги конвенсиялари ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификатсия қилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 11-сентабр қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030 Стратегияси”да ҳам 1.3 йўналиши 25-мақсадида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш учун 2030 йилгача эришиладиган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари қуйидагича бўлиши керак:
Гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоизга ошириш.
Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш.
«Аёллар дафтари» билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш.