Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний, инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазо турларини қўллаш бир қатор халқаро ҳужжатлар билан тақиқланган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларatsiясининг 5-моддаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 7-моддаси, Қийноққа қарши конвенция, Бола ҳуқуқлари бўйича конвенциянинг 37-моддаси а) банди, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 15-моддаси шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, юқоридаги халқаро ҳужжатларнинг иштирокчиси сифатида қийноқлар Ўзбекистонда ҳам тақиқланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида: ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Қийноқлардан озод бўлиш ҳар қандай шароитда ҳимоя қилиниши керак бўлган асосий инсон ҳуқуқларидан биридир. Шунингдек, баъзи инсон ҳуқуқларида бўлганидек ушбу ҳуқуқни халқаро ва миллий даражада чеклаш мумкин эмас. Қийноқлардан озод бўлиш ҳуқуқи шахснинг давлат ва жамият ҳаётида қўрқмасдан ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга, унга қарши қилиниши мумкин бўлган тажовузлардан ўзини ҳимояланган ҳис қилишида катта аҳамиятга эга. Ушбу ҳуқуқнинг таъминланиши бошқа кўплаб инсон ҳуқуқларини амалда рўёбга чиқишига ёрдам беради.
Қийноққа қарши конвенциянинг 1-моддасида қийноқ тушунчасининг таърифи келтириб ўтилган. Унга кўра: Қийноқ – бирор бир шахсни у ёки учинчи шахс томонидан содир этилган ёки содир этганликда гумон қилинган хатти-ҳаракати учун жазолаш, ундан ёки учинчи шахсдан маълумот ёки иқрорлигик олиш мақсадида қасддан жисмоний ёки ахлоқий жиҳатдан қаттиқ оғриқ ёки азоб-уқубат етказиш, шунингдек, уни ёки учинчи шахсни бирор бир характердаги камситишларга асосланган ҳар қандай сабабга кўра қўрқитиш ёки муайян ҳаракатларни содир этишга мажбурлаш, бундай оғриқ ва азоб-уқубатлар давлатнинг мансабдор шахси ёки расмий лавозимда ишлайдиган бошқа шахс томонидан ёхуд унинг ғижғижлаши, ёки унинг хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан амалга оширилади.
Ушбу таърифдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддасида Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жинояти киритилган ва бу учун жазо белгиланган.
Ўзбекистон 1984 йил 10 декабрдаги «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияни 1995 йил 31 августда ратификatsiя қилган.
Мамлакатимизда қийноққа солиш ҳолатларига барҳам бериш бўйича мунтазам равишда чоралар кўриб келинмоқда. Жумладан сўнгги йилларда, Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга оширувчи жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартиби ишлаб чиқилди. Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этилд.
Бугунги кунда мамлакатимизда Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияга доир Факультатив протоколга қўшилиш ва Миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.