Ҳар йили 11 февралда анъанавий тарзда нишонланиб келинадиган “Халқаро фанда аёллар ва қизлар куни” муносабати билан БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш илм-фанда гендер тенглиги барча учун истиқболли келажак эканлигини таъкидлади.
– Aфсуски, аёллар ва қизлар илм-фан соҳасида юқори чўққиларни эгаллашга халақит берадиган тизимли тўсиқлар ва нотўғри қарашларга дуч келишда давом этмоқдалар, -деди у ўз мурожаатида.
Гутерришнинг фикрича, бугунги кунда аёллар жаҳон илмий ҳамжамиятининг атиги учдан бир қисмини ташкил қилади ва улар эркак илмий ходимларга қараганда камроқ маблағ олади, нашрларда етарлича иштирок этмайдилар ва йирик университетларда камроқ раҳбарлик лавозимларини эгаллайди. Ҳатто баъзи жойларда аёллар ва қизларнинг таълим олиш имконияти чекланган ёки умуман йўқ.
Бош котиб бу ҳолатни нафақат жамият учун зарарли, балки инсон ҳуқуқларининг даҳшатли бузилиши сифатида баҳолади.
Шунингдек, у аёллар ва қизлар илмий кашфиётлар ва инновацияларда, жумладан, иқлим ўзгариши, соғлиқни сақлаш ёки сунъий интеллект соҳасида тенг иштирок этиши муҳим, деб ҳисоблайди.
– Гендер тенгсизликларини бартараф этиш учун қизларни илмий ишлар билан шуғулланишга ундайдиган ибрат намуналарини илгари суриш, аёлларнинг илм-фан соҳасида ривожланишини рағбатлантирадиган дастурларни ишлаб чиқиш ва уларнинг истеъдодини ривожлантирувчи иш муҳитини яратиш керак. Инклюзивлик инновацияларга ёрдам беришини тан олиш керак. Ҳар бир аёл ва қиз ўзининг ҳақиқий салоҳиятини рўёбга чиқариш вақти кеди, - дея хулоса қилади БМТ раҳбари.
ЎзА
- Қўшилди: 12.02.2024
- Кўришлар: 1947
- Чоп этиш