Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Малайзиянинг “BERNAMA” ахборот агенлиги Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг юртимизга амалга оширган расмий ташрифига бағишланган қатор мақолаларни эълон қилди.
Унда Малайзия ҳукумати раҳбари Тошкент шаҳрида ўтган олий даражадаги тадбирлар ва музокараларда иштирок этгани, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташриф буюриб, халқимизнинг бой маданий ва тарихий мероси билан танишгани, шунингдек, Ўзбекистон - Малайзия тадбиркорлари бизнес форуми ҳақида батафсил ёзилган.
Эътиборлиси, мазкур форумда Малайзия Бош вазири ўз нутқида Ўзбекистонга дипломатик делегация сифатида эмас, балки дўст сифатида келганини таъкидлагани алоҳида ёритилган.
– Ўзбекистон Президенти ва ҳукумат вакилларининг мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги сўзларидан биз шундай хулосага келдикки, Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаш мумкин,- деди Анвар Иброҳим. – Жумладан, энергетика, рақамли технологиялар, туризм йўналишларида ҳамкорлигимиз истиқболли бўлишига ишонамиз.
Муаллиф Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг кейинги йилларда Малайзия билан савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, ушбу ташриф эса ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаганини ёзиб, мамлакатда яратилаётган қулай инвестиция муҳити, қонунчилик такомиллашаётгани ва иқтисодиётни эркинлаштирилиш борасида фаол сиёсат юритилаётганини қайд этган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 21.05.2024
- Кўришлар: 1483
- Чоп этиш