Алишер Навоий номи Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Давлат академик катта театри, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Адабиёт музейи, етакчи саноат маркази – Навоий шаҳри, метро станциясига берилган.
Шоир хотираси, маънавий меросининг аҳамияти нафақат Ўзбекистонда, балки яқин ва узоқ хориж мамлакатларида ҳам эъзозланади ва эътироф этилади. Алишер Навоийнинг турли йилларда барпо этилган ҳайкаллари бунинг исботидир.
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий номидаги маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этган тадбир доирасида буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиши ҳам ташкил этилди.
Ёдгорликнинг очилиш маросимида меҳмонлар улуғ шоирнинг ўзбек халқи маънавиятининг ажралмас қисми бўлган ва кейинги даврлар лирикасига улкан таъсир кўрсатган бетакрор ижодий меросини алоҳида таъкидлади.
Ижодий жамоалар томонидан Алишер Навоий асарлари ўзбек ва туркман тилларида ижро этилди. Туркманистон ҳукумати аъзолари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари ёдгорликлар пойига гул қўйди.
Қайд этиш жоиз, боғнинг марказий қисми – Махтумқули Фироғий ёдгорлигидир. Ёдгорлик жаҳонга машҳур ёзувчиларнинг 24 ҳайкалини бирлаштирган янги маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг марказий қисмига айланди.
Махтумқули ёдгорлиги атрофида жаҳон адиблари ва атоқли шахсларининг ҳайкаллари ўрнатилди. Жумладан, мажмуада Оноре де Балзак, Иоган Волфганг Гёте, Рабиндранат Тагор, Уилям Шекспир, Фёдор Достоевский, Данте Алигери, Саят-Нова ва бошқа кўплаб дунё адабиётининг ёрқин вакиллари маҳобатли ҳайкаллари қад кўтарган. Бобомиз Навоийнинг ҳайкали ҳам энди атоқли шахслар қаторидан жой олди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА
- Қўшилди: 21.05.2024
- Кўришлар: 1436
- Чоп этиш