Чекловлар вақтинчалик ва жанубий чегара ҳаддан ташқари юкланган тақдирдагина амалга оширилади.
АҚШ президенти Жо Байден Мексика билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган муҳожирларга сиёсий бошпана беришни вақтинча тақиқловчи фармонни имзолади, деб хабар берди 4 июн, сешанба куни Оқ уй матбуот хизмати.
Чекловлар 5 июндан кучга киради, бироқ АҚШ-Мексика чегарасида бир ҳафта ичида ноқонуний қочқинларнинг кунлик ҳибсга олиниши сони 2500 нафардан ошсагина амалга оширилади, дея хабар бермоқда Reuters Байден маъмуриятидаги манбаларга таяниб. Шу билан бирга, агар кунлик ҳибсга олишлар сони 1500 га тушса, АҚШнинг жанубий чегараси қайта очилиши мумкин, бу чоралар АҚШда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган шахсларни чиқариб юбориш жараёнини осонлаштириш учун мўлжалланган.
Янги чекловлар божхона ва чегара қўриқлаш мобил иловасидан фойдаланган ҳолда чегарани кесиб ўтган шахсларга, шунингдек, тиббий фавқулодда вазиятларда одам савдоси қурбонлари ва кузатувсиз болаларга нисбатан қўлланмайди.
Ноқонуний иммиграция - АҚШда сайловолди пойганинг асосий нуқтаси
АҚШда ноқонуний муҳожирлар сонининг ортиб бораётгани 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида собиқ президент Доналд Трамп ва Оқ уй амалдаги раҳбари ўртасидаги қарама-қаршилик асосий нуқталаридан бири ҳисобланади. Трамп Байденни «очиқ чегара сиёсати» учун танқид қилди ва агар давлат раҳбари этиб сайланса, «Америка тарихидаги энг йирик ички депортация операциясини» бошлашга ваъда берди.
Байден президентлиги даврида Мексика билан чегарадан ноқонуний равишда мамлакатга кирган муҳожирлар сони рекорд даражага етди. Ўтган йили АҚШ жанубий чегарасини 2,4 миллиондан ортиқ одам кесиб ўтган. Уларнинг аксарияти зўравонлик, қашшоқлик ва иқлим ўзгариши туфайли кучайган кескин вазиятдан қочиб, Марказий Америка ва Венесуэладан келган. Жо Байден президентлик пойгаси олдидан чегара хавфсизлигига ёндашувини кучайтирди.
Kun.uz
- Қўшилди: 05.06.2024
- Кўришлар: 1408
- Чоп этиш