Бир миллиондан кўп одам, яъни Ғазо аҳолисининг ярми июль ойи ўрталарида очарчилик ёки ўлим билан юзма-юз келиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан чоп этилган ҳисоботда айтилган.
18 иссиқ нуқтада очарчилик таҳдиди кучайган. Хусусан, Ғазо сектори ва Судан офатнинг олдини олиш учун шошилинч ёрдамга муҳтож. Мали, Фаластин, Жанубий Судан ва Судандаги вазият энг хавотирли, дейилади ҳужжатда.
Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларини таҳлил қилиш учун ҳисоботда IPC шкаласи сифатида танилган озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларининг интеграциялашган таснифи келтирилган. Хуллас, 2,2 миллион Ғазо аҳолисининг 100 фоизи “инқироз” дея таърифланган учинчи ёки янада юқори босқичда. 1,1 миллион киши бешинчи, яъни очарчилик босқичига, 900 минг одам эса “фавқулодда ҳолат” маъносини англатувчи 4 босқичга таснифланган.
“Фаластинда давом этаётган можаро озиқ-овқат етишмовчилиги билан боғлиқ фалокатли вазиятни янада ёмонлаштириб, очарчиликка, ўлимга, шунингдек Ғазо сектори бутун аҳолиси кўчирилишига олиб келиши кутилмоқда”, дейилган ҳисоботда.
“Бундай даҳшатли истиқбол барчамиз учун огоҳлантириш”, деди Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй. Шунингдек, очарчилик жуда кеч эълон қилингани, чунки озиқ-овқат танқислигидан кўплаб одамлар аллақачон ҳалок бўлгани айтилган.
– 2011 йил Сомалида очарчилик қурбони бўлган чорак миллион одамнинг ярми офат расман эълон қилинишидан олдин вафот этган, – дейилади хабарда. – Ўша пайт дунё огоҳлантиришга эътибор бермади ва оқибат ҳалокатли бўлди. Биз сабоқ олишимиз ва бу иссиқ нуқталар очлик бўронини қўзғатмаслиги учун ҳозир ҳаракат қилишимиз керак.
Г.Сатторова,
ЎзА
- Қўшилди: 07.06.2024
- Кўришлар: 1516
- Чоп этиш