2022 йил беш ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлим сони тарихий энг паст кўрсаткични қайд этди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар ўлимини баҳолаш бўйича идоралараро гуруҳининг сўнгги ҳисоботида маълум қилинган. Беш ёшдан кичик болалар ўлими 2000 йилдан бери 51 фоиз камайган.
UNISEF ижрочи директори Кетрин Расселл сўзларига кўра, ушбу рақам ортида хавфсиз туғилишга ёрдам берадиган доялар, болаларни эмлаш ва уларни хавфли касалликлардан асраш, шунингдек гўдаклар соғлиғи ва тўғри овқатланишини ҳимоя қилиш учун оилаларга ташриф буюриб, тарғибот олиб борган тиббиёт ходимларининг хизмати беқиёс.
Ҳужжат паст ва ўрта даромадли давлатлар бирламчи тиббий ёрдамга етарли маблағ ажратса, тараққиётга эришиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Масалан, Камбожа, Малави, Мўғулистон ва Руандада 2000 йилдан бери 5 ёшгача ўлим даражаси 75 фоиз камайди.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, тараққиётга қарамай, жаҳон ҳамжамияти олдида болалар ва ўсмирлар ўлимини тугатиш сари узоқ йўл турибди. 2022 йил 5 ёшгача бўлган 4,9 миллион боладан ташқари, 24 ёшгача аҳоли орасида 2,1 миллион киши ҳалок бўлди. Аксар ҳолатлар Жанубий Осиё ва Саҳрои Кабирда, Aфрика жанубида кузатилган.
Юқори сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами, жумладан эмлаш имконини яратиш, туғилишда малакали мутахассис иштирокини таъминлаш, эмизишни қўллаб-қувватлаш, болалар касалликларини ташхислаш ва даволаш орқали кўплаб гўдаклар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
– Тараққиётга қарамай, миллионлаб оилалар ҳамон туғилгандан кейинги биринчи кунларда боласини аянчли тарзда йўқотишдан азият чекмоқда, – дейди ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус. – Боланинг қаерда туғилиши унинг яшаши ёки ўлиш-ўлмаслигини белгиламаслиги керак. Ҳар бир аёл ва бола, жумладан, фавқулодда вазиятда ва чекка ҳудудда ҳам сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши имконини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Тиббиёт ходимлар оилаларни тестдан ўтказиш, эмлаш, ўлимга олиб келадиган, аммо даволаш мумкин бўлган касалликларга қарши дори-дармон ва овқатланишни қўллаб-қувватлаш каби хизматларни тақдим этиш жараёнида муҳим ўрин тутади.
ЖССТ маълумотига кўра, мутахассислар яхши ўқитилган, бирламчи тиббий ёрдам тизимига самарали интеграциялашган бўлиши, адолатли иш ҳақи олиши шарт.
Г.Сатторова,
ЎзА
- Қўшилди: 14.03.2024
- Кўришлар: 1785
- Чоп этиш