БМТ суди Исроилнинг Фаластин ҳудудидаги ҳаракатларини текширади

БМТ Бош ассамблеяси Халқаро суддан Исроилнинг Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатлари ҳуқуқий оқибатларини баҳолашни сўради. Эшитувлар Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти фонида бўлиб ўтади.

БМТ Халқаро суди 19 феврал, душанба куни Исроилнинг 1967 йилдан бери Фаластин ҳудудидаги ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари бўйича эшитувларни бошлайди. Судда 52 давлат вакиллари сўзга чиқиши кутилмоқда.

2022 йил декабр ойида БМТ Бош ассамблеяси жаҳон ташкилотининг Халқаро судидан «Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудуди, жумладан Шарқий Қуддусдаги сиёсати ва амалиётидан келиб чиқадиган» ҳуқуқий оқибатларни баҳолашни сўради. Гап бошқа нарсалар қаторида «Исроилнинг Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини доимий равишда бузиши» ҳақида кетмоқда, дея AFP агентлиги БМТ Бош ассамблеяси сўровидан парчаларни келтиради. Бундан ташқари, Ҳаага суди мавжуд вазият БМТ ва бошқа давлатлар учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бериши кутилмоқда.

 Халқаро суднинг маслаҳат хулосаси мажбурий эмас. Суд жараёни ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумига жавобан Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти юзасидан Исроилга халқаро ҳуқуқий босим кучайган бир пайтда ўтказилмоқда. 

1967 йилдаги олти кунлик уруш 

Исроил 1967 йилда араб давлатлари коалициясига қарши олти кунлик уруш пайтида Голан тепаликлари ва Шарқий Қуддуснинг катта қисмини эгаллаб олди ва кейинчалик уларни аннексия қилди. Шу билан бирга, Исроил ҳали Ғарбий соҳилдаги яҳудий аҳоли пунктларига ўз суверенитетини кенгайтиргани йўқ. Исроилнинг ушбу ҳудудда уй-жой қуриши узоқ муддатли Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 29 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech