Давлат дастури лойиҳаси халқимиз фикр-мулоҳазалари билан янада мукаммал бўлмоқда

Муносабат

Жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларни ўз ичига қамраб олган муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги фармони лойиҳаси бўйича айни кунларда кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтмоқда.

2025 йил Давлат дастури лойиҳаси билан аҳолимиз “Тараққиёт стратегияси” марказининг uzbekistan2030.uz онлайн платформаси орқали батафсил танишиб, фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Порталга келиб тушган таклифлар Марказ экспертлари томонидан таҳлил қилиниб, Республика комиссиясига тақдим этиб борилмоқда.

Давлат дастури лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламент палаталарининг биринчи ялпи мажлислари, Ҳукуматни шакллантириш бўйича йиғилишдаги ташаббуслар, шунингдек, “Ўзбекистон- 2030” стратегиясида назарда тутилган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

2025 йил Давлат дастури лойиҳасида 295 та амалий чора-тадбир, 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат рўйхати, шунингдек, 269 та мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган. Шунингдек, ҳужжат билан атроф-муҳитни асраш йўналишида вазирлик ва идоралар томонидан биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар режаси, атроф-муҳитни асраш бўйича халқаро ҳамкорлик йўналишида чора-тадбирларни амалга ошириш режаси ҳамда “Яшил туризм” дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари режаси тасдиқланиши кутилмоқда.

Биринчи устувор йўналиш – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш борасида 76 та амалий чора-тадбирни амалга ошириш, 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, 99 та мақсадли кўрсаткичга эришиш кутилмоқда. Унга кўра, жорий йилда умумий ўрта таълим муассасаларига 500 нафар хорижий мутахассисни жалб этиш, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги 100 та умумий ўрта таълим мактабига олис ҳудуддан қатнайдиган ўқувчилар учун бепул автобус қатновини йўлга қўйиш, шунингдек, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 600 тага етказиш чораларини кўриш ҳамда 3,5 минг камбағал оила фарзандларини олий таълим ташкилотларига грант асосида қабул қилиш белгиланмоқда. 

Шу билан бирга, ушбу йўналишда Фанлар академиясини ривожлантириш стратегияси, 2030 йилгача мўлжалланган “Оила фаровонлиги” миллий дастури, 2025-2030 йилларга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш стратегияси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Иккинчи устувор йўналиш – барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида 85 та чора-тадбирни амалга ошириш, 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш, 75 та мақсадли кўрсаткичга эришиш кутилмоқда. 

2025 йилда иқтисодий ўсишни камида 6 фоиз даражада таъминлаш, йиллик инфляция даражасининг 7-8 фоиздан ошмаслигини таъминлаш чораларини кўриш, 42,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 307 та йирик ва аҳамиятли лойиҳани ва 2025-2028 йилларда 3,3 ГВт қувватга эга янги гидро электр станцияларни ишга тушириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, 110 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қуриш, “Янги Ўзбекистон” массивлари сонини 55 тага етказиш режалаштирилмоқда. 

Ушбу йўналишда Ўзбекистонда қора металлургия саноатини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси, “Жамоат транспортини ривожлантириш стратегияси”, Ўзбекистоннинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган Миллий экспорт стратегиялари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва “Улуш киритиш асосида уй-жой қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Учинчи устувор йўналиш – сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида 57 та чора-тадбирни амалга ошириш, 

27 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш, 34 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш кутилмоқда. 

Уларга Тошкент шаҳарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳаларига ихтисослаштирилган музей, 14 та ҳудудда қаровсиз ҳайвонларни сақлаш ва парваришлашга мўлжалланган питомникларни (приют) ҳамда Халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар бўйида электромобилларни зарядлаш станцияларини ташкил этиш кабилар киради.

Шунингдек, “Яшил” техникумлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт экиш, 2025-2027 йилларда туман (шаҳарлар) марказларида “Сояли сайр кўчалари” тармоғини яратиш кўзда тутилган. 

Соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари қурилиши, Шинжон экология ва география институтининг Марказий Осиёдаги қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш, “Экофаол фуқаро” мақомини олганларга давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва банкларда истеъмол кредити олишда чегирма тақдим этиш қайд этилган.

Бу йўналишда “Яшил оила” мақомини олган оилаларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль берилади, “Энг тоза маҳалла” ва “Энг яшил маҳалла” танлови ғолибларига эса 500 миллион сўм ажратилади. 

Шу билан бирга, ушбу йўналишда “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2027 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори, 2025-2027 йилларга мўлжалланган пластик билан ифлосланишни камайтириш бўйича Миллий дастур, “Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида”ги ва “Иқлим ўзгариши тўғрисида”ги, “Биологик хавфсизлик тўғрисида”ги қонунлар, 2026-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги дастури, Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Тўртинчи устувор йўналиш – қонун устуворлигини таъминлаш, “халқ хизматидаги” давлат бошқарувини ташкил этиш 34 та чора-тадбирни амалга ошириш, 22 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш, 40 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш кутилмоқда. 

Унда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар сонини 780 тага етказиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарининг илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, ушбу йўналишда давлат органларида масофавий ишни ташкил этиш ва мослашувчан иш тизимини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини, “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги ва “Судьялар мақоми тўғрисида”ги, “Дактилоскопик рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунларни ҳамда Прокуратура органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш белгиланмоқда.

Сўнгги бешинчи йўналиш – “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттиришда эса 43 та чора-тадбирни амалга ошириш, 4 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш, 21 та мақсадли кўрсаткичга эришиш кутилмоқда. 

Бунда ЖСТ ва савдо сиёсатини ўрганиш, таҳлил қилиш маркази (think tank) ҳамда савдо ҳимояси бўлинмасини (Trade defence unit) ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ушбу йўналишда “Дипломатик хизмат тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда ҳарбий йиғинларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорини тайёрлаш кутилмоқда.

Умуман, ҳужжат лойиҳаси “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигини кўришимиз мумкин. 

Эслатиб ўтиш лозим, мазкур ҳужжат бўйича жамоатчилик муҳокамаси “Тараққиёт стратегияси” марказининг uzbekistan2030.uz онлайн платформасида 22 январга қадар давом этади. 

Мухтасар айтганда, ушбу йилнинг муҳим ҳужжати лойиҳаси муҳокамасида барча юрт юртдошларимизни фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этиши лозим. Зеро, аҳолимиз томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар Давлат дастурининг янада такомиллашиши, пухта, мукаммал ҳужжатга айланишида муҳим аҳамият касб этади.

Анваржон Миркомилов, 

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech