Диний бағрикенглик — тараққиёт гарови (+видео)

26-27 март кунлари пойтахтимизда "Марказий Осиёда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалаларини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни" мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон медия соҳаси вакиллари билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан мутахассислар иштирок этишмоқда.

Қайд этилишича, Марказий Осиё халқлари қадимдан турли дин ва миллат вакиллари билан ёнма-ён, ахил-иноқ яшаб келишмоқда. Кейинги йилларда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилгани сабабли миллатлараро дўстлик алоқалари ҳам ривожланиб бормоқда. Ютуқлар билан бир қаторда муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, ижтимоий тармоқларнинг ривожи медиа олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда. 

Ўзбекистон Журналистларини қайта тайёрлаш марказининг “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган давра суҳбатида диний бағрикенглик мавзуларни ёритишда ахлоқий жиҳатлар, қонунчиликдаги янгиликлар, мавзуни халққа етказишда ўзига хос ёндошувларга эътибор қаратиш лозимлигига тўхталиб ўтилди. 

Лойиҳанинг ўқув компоненти 7 та нуқтада – Наманган, Нукус, Бухоро, Тошкент, Урганч, Фарғона ва Андижонда ўтказилди. Олти ой давомида мазкур ҳудудлардаги журналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти фаоллари учун 7 та икки кунлик тренинглар ҳамда шунча муҳокама диалоглари ташкил этилди.

Тренинглар давомида маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари, блогерлар ва фуқаролик фаоллари бағрикенглик муаммоси, кўп конфессияли Ўзбекистонда динлараро бағрикенгликнинг аҳамияти ва муаммолари бўйича ўз билим ва хабардорлигини оширишга муваффақ бўлди. Машғулотлар давомида турли оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуни ёритишнинг ахлоқий, ҳуқуқий ва ижодий жиҳатлари бўйича тушунтиришлар берилди. 

Тадбирнинг қимматли натижаси иштирокчилар томонидан мавзуни маҳаллий мисоллар сифатида ёритиш учун янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўлди.

Лойиҳа ниҳоясига етмоқда, лекин журналистлар ва блогерларнинг иши эндигина бошланмоқда. Олдинда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик мавзусини малакали, ижодий ва қизиқарли ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд.

М.Турдалиева, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech