Дунё бўйлаб Кимёвий қуролни тақиқлаш куни нишонланмоқда

Ҳар йили 29 апрель халқаро миқёсда Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти тузилган кун сифатида нишонланади. Ушбу сана 2015 йил декабрь ойида Кимёвий қурол бўйича конвенцияга аъзо давлатлар конференцияси ХХ сессиясида эълон қилинган. 1997 йил шу куни оммавий қирғин қуролини яратиш, ишлаб чиқариш, тўплаш, қўллашни ман этиш ва йўқ қилиш тўғрисидаги конвенция кучга кирди. 1993 йил 13 январь куни Франция пойтахти Парижда қабул қилинган мазкур ҳужжатда “бутун инсоният манфаати йўлида кимёвий қуролдан фойдаланиш имкониятини бутунлай йўқ қилиш” қатъийлиги таъкидланган. Шундан келиб чиқиб, Конвенцияга аъзо давлатлар Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотини тузди.

Конвенция мандати Кимёвий қурол турларини яратиш, ишлаб чиқариш, тўплаш, бериш, қўллашни тўхтатиш, бундай аслаҳанинг қайта пайдо бўлиши олдини олиш ва мавжуд захирасини йўқ қилишни таъминлашга қаратилган.

Международный день основания ОЗХО - РИА Новости, 29.04.2021

Ташкилотнинг пировард мақсади кимёвий қуролдан бутунлай холи дунё қуриш, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, умумий ва тўлиқ қуролсизланиш ҳамда глобал иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшишдир. Кимёвий қурол бўйича конвенцияга аъзо барча давлатлар ўз-ўзидан мазкур ташкилотга ҳам аъзо ҳисобланади. Ҳозир 193 давлат Кимёвий қурол бўйича конвенцияга қўшилган, фақат Миср, Исроил, Шимолий Корея ва Жанубий Судан жараённинг ҳуқуқий доирасидан ташқарида қолмоқда. Дунё аҳолисининг 98 фоизи Конвенцияга аъзо давлатларда яшайди.

Ташкилот бошқарув органи иштирокчи давлатлар конференцияси, Ижроия кенгаши  ва Техник котибиятдан иборат.  Конференция ҳар йили мунтазам равишда сессия ўтказади. Бундан ташқари ҳар беш йилда бир марта тузилма  фаолияти кўриб чиқилади. Бешинчи таҳлил конференцияси 2023 йил 15-19 май кунлари бўлиб ўтди. Афсуски, ўшанда анжуманда иштирок этган давлатлар якуний ҳужжат бўйича келиша олмади. Ижроия кенгаши навбатма-навбат икки йилга сайланадиган 41 аъзодан иборат. Кенгашни бир йил муддатга сайланадиган раис бошқаради. Тузилма таркибини шакллантиришда адолатли географик тақсимот, мамлакатда кимё саноатининг аҳамияти, шунингдек сиёсий ва хавфсизлик манфаатига алоҳида эътибор берилади. Квота минтақавий гуруҳлар ўртасида тақсимланган: Африка ва Осиё – тўққиз,  Шарқий Европа – беш, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси – етти, Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар – ўн ўрин. Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатлари ўртасида ҳар икки йилда бир алмашинадиган битта қўшимча ўрин ҳам бор. Ижроия кенгаши ҳар йили уч марта сессия ўтказади. Мунтазам сессиялар оралиғида ваколати ва вазифасидан келиб чиқиб, зарур бўлганда, навбатдан ташқари сессияни йиғиш ҳуқуқига эга. Техник котибиятни Бош директор бошқаради. У тўрт йилга тайинланади ва муддат бир марта узайтирилиши мумкин. 2018 йил 25 июлдан бошлаб Техник котибиятни испаниялик Фернандо Ариас Гонсалес бошқариб келяпти. 2021 йил декабрь ойида у иккинчи муддатга қайта тайинланган.

День памяти всех жертв химического оружия - РИА Новости, 30.11.2023

Конвенция мақсадини амалга оширишга кўмаклашиш учун Техник котибият таркибига малакали инспекторлар, илмий, техник ва маъмурий ходимлар жалб қилинган.

Илк бор кимёвий қурол 1914-1918 йилларда бўлиб ўтган Биринчи жаҳон уруши жанг майдонида, дастлаб Германия, сўнгра бошқа иштирокчилар томонидан қўлланган. Кейинчалик кимёвий қуролдан Италия Эфиопияга, Япония Хитойга, АҚШ Корея ва Вьетнамга қарши фойдалангани, Эрон – Ироқ можаросида ҳам ишлатилгани айтилади.

Ҳозир кимёвий қуролга эга мамлакатлар рўйхатига расман Албания, Ливия, Ироқ, Ҳиндистон, Россия, АҚШ, Корея Республикаси ва Сурия киритилган. АҚШ энг кўп жанговар кимёвий заҳарловчи модда захирасига эга мамлакат сифатида таъкидлаб келинади. Қўшма Штатлар тўлиқ кимёвий қуролсизланиш жараёнини 2023 йил якунлаши керак эди.

Ташкилот маълумотига кўра, 2022 йил март ойида дунё бўйича 72 118 тонна ёки дунёдаги жами аниқланган кимёвий қурол захирасининг 99 фоизи йўқ қилинган. Ушбу сайъ-ҳаракат инобатга олиниб,  2023 йил 11 октябрда Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти Тинчлик бўйича Халқаро Нобель мукофотига ҳам сазовор бўлди.

С.Раҳимов,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech