Британияда дунёнинг «Етти мўъжизаси» рўйхати янгиланди. Диққатга сазовор жойлар сайёҳларнинг ташрифлари сони, шунингдек, муайян объектнинг «Википедия»даги саҳифаси қанча кўрилганига қараб танланди, деб хабар берди Express.
7-ўрин. Мачу-Пикчу (Перу)
Мачу-Пикчу қўрғони XV асрда қурилган. У нима мақсадларга хизмат қилгани ҳануз тарихчилар ва археологлар ўртасида баҳсларга сабаб бўлмоқда. Қадимий инклар қўрғони 1911 йилда қайтадан кашф этилиб, 1983 йилда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ҳар йили миллионлаб сайёҳлар бу ажиб тошқўрғонни томоша қилишга ошиқадилар.
6-ўрин. Эйфел минораси (Франция)
Шубҳасиз, Парижни усиз тасаввур қилолмаймиз. Қурилганига бу йил 137 йил тўлади (1887 йил). Қурувчи-муҳандис Гюстав Эйфел шарафига номланган, қурилган пайтида 330 метрли минора ўз даврининг энг баланд сунъий иншоотига айланади ва 42 йил шундайлигича қолди.
5-ўрин. Буюк Хитой девори (Хитой)
Жаҳондаги энг узун девор. Мамлакатни босқинлардан ҳимоялашга хизмат қилиши кўзда тутилган Буюк Хитой деворини қуриш, ўртада танаффуслар билан, узоқ вақт давом этган, қолаверса, тиклаш ишлари бажарилган. Шу боис унда турли даврларнинг меъморчилик анъаналарини кўриш мумкин. Деворнинг жами узунлиги 21 196 км, айрим жойларига етиб бориш ўта мушкул.
4-ўрин. Озодлик ҳайкали (АҚШ)
АҚШда, Юқори Ню-Йорк бухтасидаги Озодлик оролида, Манҳэттен ороли жанубий қисмидан уч километр жануби-ғарбда жойлашган улкан ҳайкал. Францияда Огюст Бартолди қўл остида ясалган. Ҳайкални ясаш, АҚШга келтириш ва ўрнатиш ишларига ўн йил кетади. Қўлида машъала тутган ҳайкал ўртада 1876 йили Филаделфиядаги Бутунжаҳон кўргазмасида ҳам қатнашади. 1884 йилда йиғиштириб олиниб, ҳозирги жойига келтирилади ва 1886 йилда расман очилади (французларнинг сахийлигига қойил, Озодлик ҳайкали Эйфелдан олдин ясалган).
3-ўрин. Эверест (Жомолунгма) чўққиси (Непал)
Ҳимолай тоғларининг бош чўққиси Эверест — «еттилик»ка қаторига кирган ягона табиат мўъжизасидир. Сайёрамизнинг энг баланд чўққиси денгиз сатҳидан 8 848 метр баландгача бўй чўзган.
1953 йилда инсон томонидан илк маротаба забт этилган. Дунёдаги энг машҳур чўққини забт этиш жуда хавфли ва мушаққатли саналади.
2-ўрин. Бурж Халифа (БАА)
Дунёдаги энг баланд осмонўпарни қуришга олти йил кетган, 2010 йил 4 январида тантанали очилиш маросими ўтказилган.
Баландлиги — 828 метр. Дунёдаги энг баланд ва энг кўп қаватли бино саналади. Иншоот кўринишидан сталагмит (ғорларда осилиб турадиган қиррали минераллар)ни эслатади.
Бурж Халифани қуриш учун Целсий бўйича 50 даражагача иссиққа чидамли махсус бетон ишлаб чиқилган. Бетон ишлари 160-қаватгача етказилган, ундан тепаси 180 метрли металл шпилдан иборат. Бурж Халифани қуришга 1,5 миллиард доллар (ўша давр курсида) сарфланган.
1-ўрин. Тожмаҳал (Ҳиндистон)
Бобурийларнинг бешинчи ҳукмдори Шоҳжаҳон томонидан рафиқаси Мумтозмаҳал учун XVII асрда қурилган мақбара асрлар оша ҳинд-ислом меъморчилигининг юксак чўққиси сифатида эътироф этилиб келинмоқда. Пок муҳаббат рамзи ҳақли равишда — биринчи ўринда!
Xabar.uz
- Қўшилди: 18.03.2024
- Кўришлар: 1901
- Чоп этиш