Хитой Халқ Республикасининг нуфузли газеталаридан бири, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ҳамкори – “Жэньминь жибао” Хитойнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюннинг “Хитой – Ўзбекистон дўстлиги инсонлар юрагида чуқур илдиз отган” номли мақоласини эълон қилди.
Хитойлик дипломатнинг фикр билдиришича, 2023 йил икки мамлакат муносабатлари ривожланиши тарихида ўзига хос йил бўлди.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида Янги Ўзбекистон қурилиши, миллий ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида улкан муваффақиятга эришилди, – дейилади мақолада. – Иқтисодиёт равнақ топмоқда, жамият ривожланмоқда, халқ турмуши яхшиланмоқда, мамлакатнинг халқаро нуфузи кундан-кун ортиб бормоқда.
Юй Цзюн давлатимиз раҳбари йил давомида “Хитой – Марказий Осиё” биринчи саммити ва “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун икки марта Хитойга ташриф буюрганини, унда ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашиб, ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашганини алоҳида қайд этган.
Материалда, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги амалий ҳамкорлик барча соҳаларда ривожланиб бораётгани келтирилган. 2023 йилнинг 11 ойи давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми янги рекорд даражага етди ва 12,2 миллиард долларни ташкил этди.
– 2024 йил Хитой – Ўзбекистон алоқалари улкан ривожланиш салоҳияти ва ҳамкорликнинг кенг истиқболини очиб беради, – дея элчининг фикрларидан иқтибос келтирилган. – Айни пайтда Хитой ҳам, Ўзбекистон ҳам миллий тараққиёт ва тикланишнинг муҳим босқичида бўлиб, икки томонлама муносабат ҳамда турли соҳалардаги ҳамкорлик янги имкониятлар очяпти.
Газетада ёзилишича, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муҳим келишувларни амалга ошириш, шунингдек, юқори даражадаги икки томонлама муносабатларни барқарор ривожлантириш муҳим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА
- Қўшилди: 22.01.2024
- Кўришлар: 2474
- Чоп этиш