Давлатимиз раҳбари жорий йил 4 сентябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Сенат ахборот хизматидан маълум қилишларича, 56-ялпи мажлисда маъқулланган мазкур қонун жамиятимизда ҳар бир инсон ўзи танлов қилиш ва уни рўёбга чиқариш ҳуқуқига эга эканлигини ўзида ифода этган. Шу орқали ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи ва овоз бериш шаффофлиги кафолатлари қонунчилигимизда янада мустаҳкамланди.
Зеро, сайлов тизими халқ суверенитетининг ҳақиқий қуроли, бунда ҳар бир овоз муҳим ва мамлакат келажагига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам қонунчиликда фуқароларнинг манфаатларини давлат органларида тўлақонли ифодаланишини таъминлаш учун шаффоф ва адолатли сайлов тизими яратилган.
Айтиб ўтиш жоизки, ўтган сайловларда бир шахснинг бошқа шахс ва шахслар номидан сайлов бюллетенларини бир неча марта тўлдириш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган.
Нуфузли халқаро ташкилотлар хулосасида такрор, бошқалар номидан ва гуруҳ бўлиб овоз бериш учун қонунчиликда аниқ жавобгарлик чораси мавжуд эмаслиги қайд этилган эди.
Юзага келган бундай камчиликлар сайлов тизими билан боғлиқ бўлган қонунчиликка тузатишлар киритиш зарурияти мавжуд эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.
Қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган айрим ўзгартириш ва кўшимчалар киритилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига ўзгаришлар киритилиб, сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланди.
Шунингдек, сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни cиёсий партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик, ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағларидан фойдаланиш бўйича масъулияти кучайтирилиши ошкораликни таъминлайди.
Бу сайловолди ташвиқотини молиялаштириш устидан самарали назоратни амалга ошириш ва юзага келиши мумкин бўлган суиистеъмолликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлашга, “оилавий” овоз бериш ҳолларининг олдини олишга, сайлов кампанияси даврида фойдаланилган давлат бюджети маблағлари тўғрисида тезкор ва ишончли ахборот тақдим этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, сиёсий партияларнинг молиявий ҳисобдорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 06.09.2024
- Кўришлар: 836
- Чоп этиш