Суд «Германия учун муқобил» партияси вакили Бёрн Хёккени нутқида нацистлар шиорини ишлатгани учун 13 минг евро жаримага тортди. Ҳукм сиёсатчининг сентябр ойида бўлиб ўтадиган Тюрингия парламенти сайловларида иштирок этишига тўсқинлик қилмайди.
Ҳалле округ суди Тюрингия еридаги ўнг қанот популист «Германия учун муқобил» (ГуМ) фракцияси раҳбари Бёрн Хёккени «собиқ миллий социалистик ташкилотнинг рамзларидан фойдалангани» учун 13 минг евро жаримага тортди. Немис ахборот агентликлари 14 май, сешанба куни хабар беришларича, ҳукм ҳали якуний эмас, ҳимоя унинг устида апелляция бериши мумкин.
Прокуратура маълумотларига кўра, 2021 йил май ойида Мерзебург шаҳрида (Саксония-Анхалт федерал ери) чиқиш қилган Хёкке бир вақтлар «Бўрон отрядлари» (СА) аъзолари томонидан қўлланган «Ҳаммаси Германия учун» шиорини ишлатган. Отрядлар Ҳитлер Миллий-социалистик немис ишчилар партиясининг ҳарбий ташкилоти саналган. Сиёсатчи адвокатининг таъкидлашича, Мерзебургдаги нутқда нацистлар даврига ишора тасодифан юз берган. Бироқ суд, касби тарих ўқитувчиси бўлган Хёкке шиорнинг тарихи ва Германияда тақиқлангани ҳақида билмаганига ишонмади.
Бундан ташқари, 2023 йил 12 декабр куни Гера шаҳридаги сайловчилар олдида нутқ сўзлаб, у яна ўша СА шиорини келтирди. Хёккенинг айтишича, у 2021 йилда жиноят учун судга тортилиши керак. «Чунки мен бир пайтлар сайловолди ташвиқотимни «Ҳаммаси ватанимиз учун! Ҳаммаси Саксония - Анхалт учун! Ҳаммаси...» деган риторик триада билан якунлаганман. Сиёсатчи имо-ишора қилиб, йиғилганларни шиорни тугатишга чақирди ва улар бунга жавобан қарсак чалиб: «... Германия!» деб ҳайқиришди.
Ҳалле судида ушбу иккинчи воқеа бўйича суд жараёни давом этмоқда. Хёккенинг ўзи иккала ҳолатда ҳам айбдорлигини рад этади.
Германиядаги энг радикал сиёсатчилардан бири
Бёрн Хёкке Берлинда нацистлар томонидан ўлдирилган олти миллион европалик яҳудийлар хотирасига бағишланган Холокост ёдгорлигини танқид қилиб, уни «шармандалик ёдгорлиги» деб атайди. 2016 йилда ГуМ митингида Хёкке қонунни қайта-қайта бузгани учун узоқ муддат қамоқ жазосини ўтаётган, Холокостни инкор этувчи Урсула Хавербекка ҳамдардлик билдирди.
2017 йилда Бёрн Хёкке ГуМ ёшлар ташкилоти «Ёш муқобил» аъзоларига мурожаатида немисларнинг нацистлар диктатураси даврини қандай баҳолаши ва қайта кўриб чиқишлари ҳақида танқидий фикр билдирди. Сиёсатчи мавжуд ёндашувни «омон қолишнинг аҳмоқона стратегияси» деб атади ва шундай талаб қилди: «Бизга хотира сиёсатида 180 даража бурилиш керак». Агар нацистлар даврига оид ҳозирги хотира сиёсати содир бўлган воқеаларни танқидий идрок этиш ва уни такрорлашдан огоҳлантиришга асосланган бўлса, Хёкке тескари ёндашувни - ўтмишни ҳар қандай шаклда ижобий баҳолашни хоҳлайди.
Хёкке бу борадаги фикрларини 2018 йилда китоб сифатида чоп этилган «Тўпланган суҳбатлар»да баён қилди. Унда у «Ҳитлер мутлақ ёвуз сифатида тасвирланган» деган фикр нотўғрилигини айтади ҳамда ҳамма нарса «оқ-қора» эмаслигини таъкидлайди. «Тўпланган суҳбатлар»да бир қатор парчалар шу қадар радикалки, 2019 йил сентябр ойида Майнинген маъмурий суди «Хёкке - фашист» деган баёнот асоссиз эмас, балки текширилиши мумкин бўлган далилларга асосланган деб қарор қилди.
Тюрингиядаги сайловлар
Амалдаги ҳукм Бёрн Хёккенинг сентябр ойида бўлиб ўтадиган Тюрингия парламенти сайловларида иштирок этишига тўсқинлик қилмайди. Ушбу федерал ерда «Германия учун муқобил» партияси юқори рейтингга эга: сўровларга кўра, ўтган йил охирида бу ердаги сайловчиларнинг 30 фоиздан ортиғи ГуМ учун овоз беришга тайёр эди. Хёккенинг ўзи Тюрингия бош вазири бўлиш ниятини яширмаяпти.
Шу билан бирга, Германия Конституциясини ҳимоя қилиш федерал идораси ГуМнинг Тюрингия ва қўшни Саксониядаги бўлимларини «оқилона ўнг экстремистик» ташкилотлар деб ҳисоблайди.
Kun.uz
- Қўшилди: 15.05.2024
- Кўришлар: 1554
- Чоп этиш