Иқлим ўзгариши вақт ўлчовини ўзгартириши мумкин - тадқиқот

Олимлар кузатувига кўра, иқлим ўзгариши Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигига ва бизнинг вақт ўлчовларимизга таъсир қиляпти.

Гренландия ва Антарктида музликлари эришининг тезлашиши денгиз сувлари ҳажмини оширади, дейилади Nature журналида эълон қилинган тадқиқотда. Бу жараён Ернинг айланиш тезлигини секинлаштиради. Бироқ Ер ҳали ҳам одатдаги тарздан кўра тезроқ ўқи атрофида айланмоқда. Глобал иқлим исиши эса вақт ҳисобига аллақачон таъсир қила бошлаган.

Дунёда мувофиқлаштирилган универсал вақт тушунчаси мавжуд бўлиб, унинг ҳисоби Ернинг айланиш тезлигига қараб олинади ва дунёнинг асосий қисмида соат ҳамда вақтни ўлчашда қўлланади. Бироқ Ернинг айланиш тезлиги ҳар доим ҳам бир хил бўлмайди ва бу кун ва туннинг қанчадан давом этишига таъсир қилиши мумкин. Сайёранинг суюқ ядросидаги ўзгаришлар унинг ўз ўқи атрофида тезроқ айланаётганини кўрсатяпти.

 Бу ўзгаришни тўғрилаш мақсадида 1970 йиллардан бошлаб глобал вақтга 27 сакраш сонияси қўшилганди. Лекин 2026 йилда илк марта глобал вақт ўлчовидан сонияни айириш режа қилиняпти. Бу "салбий сакраш сонияси" деб аталади.

Бироқ янги тадқиқот маълумотларига асосан, муз эришининг шиддати Ер ўз ўқи атрофида айланишидаги тезлашувни қисман қоплаган. Бугун муз қатламлари бундан 30 йил олдингига қараганда 5 баравар тезроқ эримоқда. Шунинг учун "салбий сакраш сонияси" билан боғлиқ ўзгариш 2029 йилгача зарур бўлмайди.

Тадқиқот муаллифи Калифорния университети тадқиқотчиси Дунган Агнюнинг қайд этишича, "салбий сакраш сонияси" дунё бўйлаб кўплаб компютер тизимлари учун муаммо туғдириши мумкин.

"Бу илгари ҳеч кузатилмаган. Дунё бўйлаб глобал вақт инфратузилмаларининг бир хил ўлчовни кўрсатаётганига ишонч ҳосил қилишда қийинчилик туғдиради. Кўп компютер дастурлари салбий сакраш сонияларини ижобий деб тахмин қилади, шунинг учун уларни қайта ёзиш керак", дейди Дункан Агню.

Бироқ Дункан Агню бошчилигидаги тадқиқотга нисбатан билдирилаётган шубҳалар ҳам бор.

АҚШ денгиз обсерваториясининг вақт хизмати бўйича собиқ бош олими Деметриос Матсакисга кўра, Ернинг ҳаракатига олдиндан аниқ ишониб бўлмайди. Агар салбий сакраш сонияси керак бўлса, у исталган пайтда қўшилиши мумкин.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech