“Ишлайдиган одам йўқ, сув кам” – америкалик фермерлар сунъий интеллектдан фойдаланяпти

Дунё аҳолиси ошиши сабаб 2050 йилда ҳозиргидан кўра 70 фоиз кўпроқ озиқ-овқат етиштиришга тўғри келади. Етмаганига, АҚШда йилдан йилга камроқ ёшлар фермерликни танлаяпти. Ҳозир фермерларнинг ўртача ёши 60 да. Иқлим ўзгариши ҳам етиштирилаётган ҳосилни хавф остига қўймоқда. Бу муаммоларни ҳал қилишда сунъий интеллект фермерларга ёрдам бера олиши мумкин.

Америкалик фермерлар сунъий интеллектни ўзлаштиришда ва уни иш шароитига қўллашда жадаллик билан давом этяпти. Технологиялар қанчалик мураккаб бўлмасин, улар шунчалик зарур ҳамдир.

 

АҚШ қишлоқ хўжалигида ишчиларнинг етишмаслиги аграр саноат даромади ва ҳосил миқдорига хавф туғдиряпти. Ишловчи қўлларнинг камлиги глобал миқёсда ҳам озиқ-овқат таъминотини хавфга қўяди. Ҳозир ишчи етишмаслигини қишлоқ хўжалиги бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин дунёдаги энг йирик таъминотчи давлат бўлган АҚШга муаммо бўлиб қолмоқда.

Ишчи кучига эҳтиёж

Фермерларнинг қариб бораётгани ҳам асосий муаммолардан бири. Кўпчилик қуёш чиққандан то ботгунча меҳнат қилишни хоҳламайди. Қолаверса, фермерлик узоқ йиллардан бери ота касб бўлиб келган, лекин ёш авлод уни давом эттиришни хоҳламаяпти. Аксинча, улар иш интенсивлиги юқори бўлмаган, яхшироқ тўлайдиган соҳаларда ишлашга хоҳиш билдиришмоқда. Аграр ишларни бажариш билан шуғулланувчи асосий қатлам – мигрантлар ҳам шундай, бошқа яхшироқ даромадли ишларга ўтиб кетишади.

"Меҳнат қилиш зарурати ҳозир биринчи рақамли ташвишимиз. Фермерларнинг ўртача ёши — 60 да", дейди АҚШ фермер хўжалиги федерациясининг ҳукумат ишлари бўйича директори Эмили Бакман. Унинг айтишича, ўзининг отаси ҳам фермер, ёши 70 да бўлишига қарамай, ҳали ҳам далада меҳнат қилади. Унга фақат Эмилининг акаси ёрдам беради холос.

Бакманнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги меҳнат бозори қисқариб бориш билан бирга қимматлашиб ҳам боряпти, ҳосил ҳам камайяпти. Ечим сифатида АҚШ фермерлари роботлар ва СИ воситаларидан фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Технологиялар меҳнат юкини енгиллатишга ёрдам беришидан умид қилиняпти.

Сунъий интеллектга ўтиш

Сунъий интеллектдан фойдаланиш АҚШ фермерлари учун янгилик эмас. Улар бир неча ўн йилликлардан бери СИ технологияларидан фойдаланиб келишади. Фақат охирги йилларда улардан фойдаланиш ошди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йил охиригача аграр корхоналарнинг 87 фоизи сунъий интеллект технологияларидан маълум даражада фойдаланган.

– картошкани қайта ишлаш машинаси

Агар сунъий интеллект 2 млндан ошиқ фермер хўжаликлари бор бўлган АҚШда муваффақиятли қўлланса, унинг таъсири бутун дунё учун ҳам сезиларли бўлиши мумкин. Сабаби бир тарафда дунё аҳолиси ўсяпти, "ейман" деб турувчи оғизлар кўпайяпти, бир тарафда иқлим ўзгариши йирик ишлаб чиқарувчи бўлган ҳудудларнинг экотизимларига жиддий хавф соляпти. Масалан, АҚШнинг ўзи Хитой, Мексика, Канада ва Европага ўтган йилнинг ўзида 100 млрд долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилган.

Саноатнинг мақсади фермерлар фойдаланиши мумкин бўлган янги технологияларни кенг миқёсда ишлаб чиқариб, етказиб беришдан иборат, фермерлар эса техникалар ёрдамида дунёни тўйдиришда давом этади.

Бакманнинг қайд этишича, 2025 йилга бориб дунё аҳолиси 2 млрдга кўпаяди, бу дегани ҳозиргидан кўра 70 фоиз кўпроқ озиқ-овқат ишлаб чиқариш кераклигини англатади. Инновациялар эса бунга ёрдам бериши керак.

Иқлим таҳдиди

Ҳозир иқлим ўзгариши – энг асосий муаммо. Ўзгарувчан об-ҳаво ҳосил етиштириш учун об-ҳаво шароитини башорат қилишни қийинлаштиряпти, ҳосилни зарарлаяпти. Бошқача айтганда, иссиқ иқлим озиқ-овқат етиштириш камайишига кутилганидан ҳам тезроқ таъсир қилади.

"Барча тадқиқотлар иқлим ўзгариши сабаб катта йўқотишлар бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Маккажўхори ҳосилининг 10, 20 фоизини йўқотиш ҳам ҳалокатли бўлади", дейди Айова штати университети профессори Патрик Шнабл.

Диққат 2 та асосий нарсага қаратилган: бири барқарорликни аниқлаб олишдан иборат. Яъни қандай қилиб қишлоқ хўжалигида янги ҳаракатларни жорий этишни ўрганиш. Иккинчиси эса сунъий интеллект, роботлар, сенсорлар қандай қилиб фермерларга кўпроқ фойда олиб келишини аниқлашдан иборат. Улар ёрдамида энергия, ўғитлар ва сув ресурсларининг тежалиши муҳим.

Эмили Бакманнинг айтишича, дронлар ва GPS воситалари аграр бозорда энг кўп тарқалган сунъий интеллект технологиялари ҳисобланади. Бироқ ўзи ҳаракатланувчи тракторлар ва комбайнлар каби яна бошқа кўплаб воситалар ҳам мавжуд. Ҳатто ушбу машиналарда сифат сенсорлари ҳам бор. Сенсорлар деҳқонларга экинларининг қайси қисмларига кўпроқ ёки камроқ эътибор бериш кераклигини аниқлашда ёрдам беради.

Шунингдек, аввал фақатгина инсон кўзи талаб қилинган саралаш вазифаларини автоматлаштирилган роботлар ҳам бажара оляпти. Масалан, баъзи фермер хўжаликлари картошкаларни саралаш учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланмоқда. Бошқалари эса дала экинларини ўтлардан тозалаш ва уруғларни экиш учун СИ билан кучайтирилган култиваторларни ишлатяпти. Бу эса ўнлаб инсон ишчиларни техника билан самарали алмаштириши мумкин.

Сунъий интеллект нега керак?

СИдан фойдаланиш ишлатиладиган ресурсларни камайтириб, ҳосилдорликни ошириши керак. Бу ҳозир илгари сурилаётган "аниқ қишлоқ хўжалиги" стратегиясига мос келади. Бунинг учун фермерлар янги технологиялардан фойдаланиб, вазиятга худди жарроҳлардек ёндашиши керак. Масалан, дронлар даланинг сув ва ўғитланганлик даражасини аниқлаб бера олади.

"Аниқ қишлоқ хўжалиги сув сарфини камайтиради, камроқ ресурс ишлатиб кўпроқ фойда олишга ёрдам беради. Мисол учун, бундан 30 йил олдин АҚШ қишлоқ хўжалигига ҳозирги даражадаги маҳсулот ишлаб чиқариш учун яна 100 млн акрдан кўпроқ (40,4 минг гектар) ер керак бўларди. Сунъий интеллект ва бошқа технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ тарзда ҳосилдорликнинг яхшиланиши кузатиляпти", дейди Бакман.

– қишлоқ хўжалиги соҳасида дронлар энг кенг тарқалган СИ воситаси ҳисобланади.

Бундай технологиялар ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам кўп. Хусусан, Иллиниёс штатида жойлашган John Deere компанияси сунъий интеллект интеграция қилинган технологиялар ишлаб чиқаради. Унинг технологиялари бегона ўтларни тозалаши, гербицидларни фақатгина зарур ўсимлик тагига дона-дона тарзида қуйиши мумкин. Бу технология фермерларнинг гербицидлардан фойдаланишини 66 фоизга камайтирган. Шунингдек, компания тўлиқ тарзда автоном (одамсиз) бошқариладиган тракторлар ҳам ишлаб чиққан.

Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш орқали ҳосилдорлик ошса, деҳқонлар кўрадиган фойда ҳам ошади, истеъмолчилар учун эса нархлар арзонроқ бўлади. 

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech