Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC “Спутник” ахборот агентлиги билан ҳамкорликда 22 апрель куни “Сунъий интеллект видео тасвирга олиш йўналишида қандай бурилиш ясайди?” мавзусида виртуал ўқув курсини ташкил этди.
Вебинарда ИҲТ га аъзо ахборот агентликларидан 200 дан зиёд ходимлар, жумладан, ЎзА журналистлари ҳам иштирок этди.
Онлайн тарзда ўтган тадбирда ИҲТ ахборот агентликлари Бош директори Муҳаммад Абд Раббо Ал-Ями курснинг мақсади, сунъий идрокнинг оммавий ахборот воситаларида видео тайёрлашдаги роли ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Унинг таъкидлашича, ушбу курс Иттифоққа аъзо мамлакатлардаги журналистлар салоҳиятини ошириш, уларга халқаро медиа майдонидаги ўзгаришлардан хабардор бўлиш учун ташкил этилган.
Ўз навбатида, “Спутник” ахборот агентлиги ва радиосининг халқаро ҳамкорлик бўйича директори Василий Пушков бундай қўшма тадбирлар Россия ва Ислом оламининг оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик салоҳиятини намойиш этишини, бу борада икки томон ўртасида очиқ мулоқотни кучайтиришини таъкидлади.
Шунингдек, вебинарда “Спутник”нинг сунъий интеллект лойиҳаси раҳбари ва радиобошловчиси Игорь Архипов “AI”нинг ОАВ, хусусан, видео ишлаб чиқариш ва визуал контентдаги трансформатив таъсирини муҳокама қилди. Шунингдек, ChatGPT каби баъзи сунъий интеллект иловаларининг видеолар учун матнларни тақдим этишдаги кенг имкониятлари хусусида тўхталди.
Ўқув курси иштирокчилари сунъий интеллектнинг видео маҳсулот тайёрлаш жараёнини ўзгартирувчи таъсир имконияти, визуал контент яратишдаги кучи ва заиф томони билан яқиндан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 24.04.2024
- Кўришлар: 1778
- Чоп этиш