Бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир».
Ахборот – демократиянинг асосий валютаси
Биз яшаётган XXI аср – глобал ахборот жамияти шиддат билан шаклланиб бораётган том маънодаги ахборот асридир. Бугун ахборот жамият тараққиётининг бош омили сифатида намоён бўлмоқда. Ахборот ва билим энг муҳим миллий ва дунёвий бойликка, уларни яратиш ва тарқатишни таъминлайдиган тизимлар эса, барқарор ривожланишнинг стратегик омилларига айланмоқда.
Халқаро телекоммуникация иттифоқи маълумотларига кўра, 2019 йилда Ер шаридаги 53 фоиз одам интернетга уланиш имкониятига эга бўлиб улгурган. Бу рақам, бир томондан, янги асримиз бошидаги кўрсаткичга нисбатан 15 марта кўп бўлса, иккинчи томондан, у ахборот-коммуникация технологиялари жамият ривожига таъсир этувчи энг муҳим омиллардан бири эканидан далолат беради.
Яъни, давлат ва жамиятнинг барқарор ривожи кўп жиҳатдан фуқароларнинг фикрлар, ғоялар, маълумотлар ва билимларга бўлган эҳтиёжлари нечоғлик қондирилишига боғлиқ.
Фикр ва сўз эркинлиги ҳар қандай демократиянинг жон томиридир. Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади.
Хусусан, инсон ҳуқуқларининг оташин тарафдори бўлган Вольтер “ўз фикрларини эълон қилиш эркинлиги фуқаронинг муҳим ҳуқуқи”, деб билган. “Бирорта ҳам гапингизга қўшилмайман, лекин уни айтиш ҳуқуқингиз учун ўлишга ҳам тайёрман”, деган тамойил унинг ҳаёт тарзини белгилаб берган.
Машҳур америкалик ҳуқуқшунос Ральф Нейдер таъбири билан айтганда эса, «Ахборот – демократиянинг асосий валютасидир». Сўз эркинлигисиз демократия ҳам, инсон эркинлиги ҳам бўлмайди. Сўз эркинлиги – авваламбор, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи, ахборот эркинлиги – бу ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир.
Замонавий демократлар ахборотдан фойдаланиш, уни таҳлил қилиш ва тезкорлик билан тарқатиш имконияти замонавий жамиятда инсон камолотининг асосий шарти, деб ҳисоблайдилар. Фикрлар ва ғоялар хилма- хиллигига асосланган эркин ва очиқ муҳокамалар, одатда, ҳар қандай масалада энг яхши ечим ва танловга олиб келади, жиддий хатолардан асрайди.
Инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ҳар қандай ҳолатда ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниши зарур. Ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари глобал ҳуқуққа айланди. Матбуот эркинлиги 3 даражада:
биринчидан, давлат даражасида, яъни миллий қонунларда;
иккинчидан, ҳар бир минтақа даражасида – минтақавий ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларда;
учинчидан, глобал даражада – дунё миқёсда қабул қилинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тан олинган универсал шартномаларда ўз аксини топган.
Миллий қонунчилик ва сўз эркинлиги
Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган.
Бу, авваламбор, ривожланган миллий қонунчилик асосига таянади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатидир. Унда ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга.
Лекин, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно. Шунингдек, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.
Ушбу қоидаларни такомиллаштириш мақсадида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги каби 20 дан ортиқ қонун қабул қилинди.
Хусусан, сўнгги тўрт йилда республикамизда сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, давлат идораларининг очиқлигини кучайтириш, блогерлик мавқеини кўтариш, барча тоифадаги ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш борасида талайгина иш қилинди ва қилинмоқда.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ОАВнинг оммалашишига, халқ орасида ҳурмат қозонган ҳолда, амалда тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарилишига олиб келмоқда. Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин, турли мунозарали баҳслар, фикрлар, тортишувлар кўринишида ушбу ахборотга муносабатлар билдирилади. Бу ҳам фуқароларнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади.
Афсуски, шундай муносабатлар орасида охирги пайтда ҳақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кўпайиб бормоқда. Бундай нохолис изоҳлар эса, ўз навбатида, ҳар бир фуқарога салбий таьсир кўрсатиб, ёлғон маьлумотлар шаклланиши, одамларимиз орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Энг ёмони, бу каби изоҳларнинг аксарияти қандайдир бир гуруҳ "трол"лар ёки "фейк", яьни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Буларнинг ортида нима мақсад ётгани, бу гуруҳлар кимга қарашли экани, албатта, савол туғдиради.
Демократия ва сўз эркинлиги – бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш дегани эмас. Сўз эркинлиги, аввало, демократик қадрият ва катта масъулиятдир.
Сўз эркинлиги ва демократия ҳуқуқининг бошқа кишилар эркинликлари ва ҳуқуқларига дахл қилиш-дахл қилмаслигини ажратиб кўрсатадиган чегара қаерда?
Бир кишининг эркинлиги бошқа бировнинг эркинлиги бошланган жойда тугайди, деган фикр ҳаммамизга маълум. Бироқ, бу ҳуқуқнинг чегаралари борми ва бир шахсга зарар етказадиган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар учун жавобгарлик қаердан бошланади, деган савол кўпинча жавобсиз қолмоқда.
Сўз эркинлигининг минтақавий-ҳуқуқий асослари
Европа Комиссияси ўз ҳужжатларида, ҳусусан, Еврoпa Кeнгaшининг Инсoн ҳуқуқлaри вa aсoсий эркинликлaрни ҳимoя қилиш тўғрисидaги кoнвeнцияси, Ахборот жамиятида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича Вазирлар Ҳайъатининг декларациясида “интернет нафақат очиқ хабарларнинг ҳажми ва ранг-баранглигини оширганлигини, балки фейк, яъни ёлғон хабарларнинг ҳам кенг кўламда ва мислсиз тезкор тарқалишига йўл очиб бергани”ни тан олади.
Ёлғон хабарлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига аниқ хавф туғдиради. Оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариб, кўпинча давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солсади.
Шу билан бирга, ёлғон ва ишончсиз ахборотга “иқтисодий фойда олиш ёки жамоатчиликни тўғри йўлдан қасддан адаштириш мақсадида яратиладиган, тақдим этиладиган ва тарқатиладиган ва жамоатчиликка зарар етказиши мумкин бўлган сохта ёки чалғитувчи маълумотлар” сифатида таъриф берилади.
Бу вазиятда таҳдид нафақат демократик сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларига, балки инсон соғлиғига ёки атроф муҳитга ҳам зарарли бўлиши мумкин.
Шуни инобатга олиб, Европа Кенгаши миллий қoнунчиликдa ахборот-коммуникация технологияларидан (AКТдaн) фoйдaлaниш билaн бoғлиқ инсoн ҳуқуқлaри бузилишининг янги шaкллaрини ҳисoбгa oлиш зaрурлиги вa AКТ бундaй зарарли омилларни сeзилaрли дaрaжaдa oшириши мумкинлигига эътибор қаратган.
Интернетдан фойдаланиш: хорижий тажриба
Интернетни бошқаришда Европа Иттифоқи мамлакатлари ахборот олиш эркинлиги ва жамият хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича конституциявий ҳуқуқлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш тамойилига амал қилади.
Интернетдан фойдаланиш ва ахборотни чеклаш имконияти дунёнинг жуда кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари қонунчилигида ҳам кўзда тутилган.
Мисол учун, Франция 2000 йилда Европа Иттифоқида биринчилардан бўлиб шахси идентификация қилинмаганларга хостинг бергани учун провайдерларга нисбатан жиноий жавобгарликни жорий қилди. Бунда маҳаллий серверларда жойлашган барча сайтларнинг муаллифлари ўзи ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот тақдим қилиши керак.
Акс ҳолда, қонунда олти ойгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бундан ташқари, нафақат маълумотларни текширмаган провайдерларга, айни пайтда фойдаланувчиларга нисбатан ҳам жавобгарлик кўзда тутилган.
Франция Ички ишлар вазирлиги интернетдаги сайтларнинг мазмунини назорат қилади. Айрим ҳолларда полиция ходимлари суд санкциясисиз провайдерлардан веб-сайтдан фойдаланишни чеклашни талаб қилиши мумкин.
Провайдерлар ҳуқуқ-тартибот органларининг талабига мувофиқ, бош бошқарма “қора рўйхати”га киритилган шубҳали сайтларни ёпиши шарт. Улар бундай қарорлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Бундан ташқари, қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга прокуратура органлари розилиги билан қурол-яроғ, гиёҳвандлик моддалари савдоси, ноқонуний пул маблағларини легаллаштириш сингари оғир жиноятларни тергов қилиш пайтида ахборот олиш учун фойдаланувчиларнинг компьютерларига уланишга рухсат беради.
Буюк Британияда ҳам бу борада муайян чекловлар ўрнатилган. Интернетда иш олиб борадиган ҳуқуқбузарларни қидириш билан юқори технологиялар соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий бўлим шуғулланади.
Интернетдаги назоратнинг бошқа бир кўриниши жамоат ташкилотлари фаолияти орқали амалга оширилади. Улардан энг таъсирчани – “Интернет-кузатув” бўлиб, у интернет тармоғида порнография ва миллий ҳамда ирқий адоват қўзғатувчи материаллар тарқалишининг олдини олиш учун масъулдир.
Халқаро ҳуқуқ ва сўз эркинлиги
Халқаро ҳуқуққа кўра, сўз эркинлиги фундаментал ҳуқуқлар сирасига киради. Шунга қарамай, у мутлақ, абсолют ҳуқуқ эмас.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган БМТнинг – 70 га яқин, ЮНЕСКОнинг – 60 дан ортиқ, Европа Кенгашининг – 160 дан зиёд, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг – 30 дан ортиқ халқаро конвенция, декларация ҳамда пактларида сўз ва фикр эркинлиги соҳалари ҳам халқаро-ҳуқуқий тартибга солинган.
Хусусан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга кўра, агар бундай эркинлик нафрат, инсонни камситишга ундаш, қасд олиш ёки зўравонлик тарғиботи учун қўлланилса, у қонунийлик мезонлари асосида қатъий чекланиши мумкин.
Халқаро ҳуқуқда "нафрат" сўзининг аниқ таърифи келтирилмаган. Шунга қарамай, сўз эркинлиги ва нафратнинг тарғиботи чегаралари қаерда эканлигини аниқлаштирувчи халқаро стандартлар ва ҳуқуқий асослар мавжуд.
Шуни таъкидлаш керакки, бунда сўз эркинлигини чеклашлар уч шартга жавоб бериши керак:
биринчидан, у қонун доирасида бўлиши (қонунийлик қонуности актлари билан эмас, айнан қонун билан ўрнатилган бўлиши керак);
иккинчидан, қонун мақсадларига мос ва халқчил бўлиши;
учинчидан, демократик жамиятда муҳим ҳисобланган зарурият ва мутаносиблик ҳолатларидагина мумкин бўлади.
Жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 20-моддасида қайд этилишича:
"1. Урушнинг ҳар қандай тарғиботи қонун билан тақиқланиши керак.
- Камситиш, душманлик ёки зўравонликни қўзғатадиган миллий, ирқий ёки диний нафратни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай чиқиш қонун билан тақиқланиши керак”.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 20-моддасидаги қонуний чекловлар сўз эркинлигига зид эмаслигига аниқлик киритган. Яъни:
“… 2-банд, тегишли давлатга нисбатан ички ёки ташқи хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, камситиш, душманлик ёки зўравонликни қўзғатадиган миллий, ирқий ёки диний нафратни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай ташвиқот ёки чиқишга қарши қаратилган”, деб таъкидлаган.
Ўзбекистон қонунчилиги халқаро ҳуқуқ сўз эркинлиги ва нафрат тарғиботига қарши кураш тўғрисидаги ушбу умум эътироф этилган принципларга мос келади.
Миллий ва халқаро ҳуқуқ қиёси: ахборот тарқатиш масъулияти талқинида
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 20-моддаси 1-бандига биноан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Жиноят кодексининг 150-моддасида - урушни тарғиб қилиш, 156-моддасида эса миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғаш тақиқланади.
Бироқ, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 20-моддаси 2-банди миллий қонунчилигимизда ҳали ҳам бирон-бир тарзда ўз аксини топмаган.
Aфсуски, қонунчилигимиз кибермайдонда виртуал таъқиб қурбонларини ва уларни ҳимоя қилувчиларни ҳимоя қилмайди. Оқибатда бундай қалтис ҳолатларда фуқаролар ҳам, ташкилотлар ҳам, мансабдор шахслар ҳам қалтис вазиятда қолади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида ҳақорат «шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш» деб таърифланади.
Бироқ, кўп минглаб обуначилари бўлган блогернинг шамали хабарлари тўғридан-тўғри ҳақорат қилмасдан, камситиш ва зўравонликни тарғиб қилишга қаратилган бўлса, қонунчилик онлайн таъқиб қурбонини ва унинг тарафдорларини ҳимоя қилмайди.
Шу ўринда "блогер" атамасига таъриф бериш лозимдек кўринади. “Aхборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 8-қисми 3-моддасида блогер - ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-сайт саҳифасида ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа характердаги оммавий маълумотни жойлаштирадиган, шу билан бирга уни муҳокама қилиши мумкин бўлган ахборот фойдаланувчиси, деб белгиланган.
Ўз навбатида, зўравонлик ва камситишни тарғиб қилиш учун жавобгарликни кучайтириш Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддасига зид эмас. Чунки ушбу модданинг учинчи қисмида:
“Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш махсус бурч ва мажбуриятларни юклайди. Шунинг учун ҳуқуқлардан фойдаланиш:
а) бошқаларнинг ҳуқуқлари ва обрўсини ҳурмат қилиш;
б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, соғлиғини ёки ахлоқини ҳимоя қилиш учун қонун билан белгиланиши керак бўлган зарурий муайян чекловлар билан боғланиши лозим”, дейилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ушбу бандга аниқлик киритиб, қуйидагиларни таъкидлагани жуда муҳим:
“Сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиш махсус вазифалар ва мажбуриятларни юклайди, шунинг учун ҳам мазкур ҳуқуқдан фойдаланиш доирасида ҳам алоҳида шахсларга, ҳам жамиятга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган айрим чекловларга йўл қўйилади. Бироқ, иштирокчи-давлат ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқини амалга оширишда маълум чекловларни қўйганда, ушбу чекловлар мазкур ҳуқуқнинг тамойилига зид бўлмаслиги керак”.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланиш учун астойдил интилмоқда.
Бинобарин, бу борада юксак натижадорлик қўлга қиритилган тақдирдагина жамиятимиз ва давлатимиз янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини қўйиш ҳамда дунёнинг 50 та энг ривожланган давлати сафидан жой олишдек ўз олдига қўйган улуғвор мақсадларига том маънода эриша олади.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
("Халқ сўзи" газетаси, 2020 йил 8 декабрь)
- Қўшилди: 09.12.2020
- Кўришлар: 4072
- Чоп этиш