Англия ва Уельс юридик жамияти вакиллари Дебра Лонг ва Триона Лениҳан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) офисига ташриф буюрди.
Ҳозирда Финляндияда хизмат сафарида бўлиб турган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова учрашувда онлайн шаклда иштирок этди.
Мулоқотда меҳмонлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Омбудсманнинг асосий фаолият йўналишлари билан таништирилди.
Жамият вакиллари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш энг олий қадрият сифатида эътироф этилиб, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Омбудсман институтининг ваколатлари янада кенгайганлигини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, Омбудсман ҳамда жамият ўз ваколатларидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Дўстона ва конструктив руҳда кечган учрашувда томонлар истиқболдаги ҳамкорлик лойиҳалари, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Адвокатура тўғрисида”ги қонун лойиҳасини халқаро тажриба ва стандартлар даражасида такомиллаштириш борасида ўзаро фикр алмашди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 22.04.2024
- Кўришлар: 1585
- Чоп этиш