Кўпайиб кетаётган пластик чиқиндилар: уларнинг 9 фоизигина қайта ишланади

Бугун кундалик турмушимизда пластик идишлар ва пакетлардан жуда кенг кўламда фойдаланамиз. Асосан бир марталик бўлган бундай маҳсулотлар ишлатиб бўлинганидан кейин, албатта, чиқиндига ташлаб юборилади. Аммо уларнинг чириши қийин, қайта ишланиши эса жуда кам миқдорда.

Маълумотларга кўра, дунё бўйича йилига 400 миллион тонна пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 2 баробар ортиши кутилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, пластик чиқиндиларнинг 40 фоизи бир марта ишлатиладиган пластик маҳсулотлардир. Дунё миқёсида пластик маҳсулотларнинг атиги 9 фоизи қайта ишланади холос.  

Ўзбекистонда эса чиқиндиларнинг морфологик таркиби бўйича 15 фоизи пластик чиқинди (1,5 миллион тонна) ҳисобланади. Шундан 100 минг тоннаси, яъни 6,6 фоизи қайта ишланмоқда.  

Одатда бир марта ишлатиладиган полиэтилен пакетларнинг чириш муддати 20 йилдан 500 йилгача ҳисобланади. Энди тасаввур қилайлик, бир кунда ҳар бир оилага қанча ана шундай пакетлар олиб кирилади?!  

2025 йилги давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистонда пластик пакетлардан фойдаланишни чеклаш бўйича миллий дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 2027 йилдан бошлаб пластик пакетларни ишлаб чиқиш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда экологик жиҳатдан зарарсиз, биопарчаланувчи пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш назарда тутилмоқда.  

Бундан ташқари, пластик қадоқлар ишлаб чиқарувчиларга ўша маҳсулотларни утилизация қилиш мажбуриятлари юклатилмоқда. Бу кўплаб давлатларда қўлланиб келинадиган амалиёт ҳисобланади.  

Шунингдек, дастур лойиҳасида чиқиндиларни хосил бўлиш меъёри, морфологик таркиби ва углерод изини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва бунинг учун 2 миллиард сўм маблағ ажратиш масаласи кўзда тутилган.  

Дарҳақиқат, бугун чиқинди муаммоси ҳам глобал тус олаётган экан, чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш, уларнинг ҳосил бўлишини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурати юзага келмоқда. Шундай экан, дастуриламал ҳужжат лойиҳасида назарда тутилаётган бу каби мақсад-вазифалар экология ва атроф-муҳитни асраб-авайлашда долзарб аҳамиятга эга.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech