Кучли жазирама сабаб Осиёдаги кўплаб мактаблар вақтинча ёпилмоқда

Бангладеш ҳукумати жазирама сабаб ўз ҳудудидаги мактаб ва коллежларни 27 апрелгача вақтинча ёпишни буюрди. Чунки мамлакатнинг айрим нуқталарида ҳаво ҳарорати 42 даражадан ошмоқда.

Расмийлар мана иккинчи йилдирки, экстремал об-ҳаво туфайли бундай қадам ташламоқда. Бу ҳолат Филиппин ва Ҳиндистондаги мактабларнинг вақтинча ёпилиши ортидан давом этмоқда.

Пайшанба куни Марказий об-ҳаво маъмурияти бир ой давомида тўртинчи марта жазирама ҳақида огоҳлантирган. Маълумотларга кўра, Бангладеш иқлим инқирози таъсирига энг заиф давлатлардан бири ҳисобланади.

Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссияси тахмин қилишича, денгиз сатҳининг 30-45 сантиметрга кўтарилиши 35 миллиондан ортиқ одамни қирғоқбўйи туманларидан, яъни, мамлакат умумий аҳолисининг чорак қисмини ўз жойидан кўчириши мумкин.

Чоршанба куни бангладешлик минглаб мусулмонлар ёмғир учун дуо сўраб масжидлар ва қишлоқ далаларида тўпланишди.

- Ёмғирлар йўқлиги туфайли ҳаёт чидаб бўлмас ҳолга келди... Камбағал одамлар жуда кўп азият чекмоқда, -деди маҳаллий уламолардан бири Муҳаммад Абу Юсуф “AFP” ахборот агентлигига.

Абу Юсуф чоршанба куни пойтахт Дакканинг марказий қисмида минг киши учун бомдод намозини ўтказди.

Бангладеш об-ҳаво маъмурияти экстремал жазирама камида яна бир ҳафта давом этишини айтмоқда. Шифохоналар ва клиникалардан иситма ва бош оғриғи каби иссиқлик билан боғлиқ касалликларга қарши тайёргарлик кўриш сўралган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Саманта Лал Сеннинг айтишича, иссиқлик уриши билан оғриган беморлар кондиционерли бўлимларга ётқизилади.

UNICEF Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйлаб 243 миллиондан ортиқ бола иссиқлик туфайли касаллик ва ўлим хавфи остида эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

Хабарларда айтилишича, ғайриоддий юқори ҳарорат, айниқса, янги туғилган чақалоқлар учун жиддий хавфни келтириб чиқаради, чунки улар катталарга қараганда тана ҳароратини камроқ тартибга солишга қодир.

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳар расмийлари бу ҳафта иссиқлик индекси «ўта хавфли» даражага етиши ҳақида огоҳлантирди. Индекс намлик, шамол тезлиги ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда аниқланган.

Мьянмада чоршанба куни ҳаво ҳарорати 45 даражадан ошди.

Шу ой бошида Филиппиндаги минглаб мактаблар ҳам ҳаддан ташқари иссиқлик туфайли дарсларни тўхтатди.

Январдан мартгача Филиппин бўйлаб ёнғин ҳодисалари 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўпайди, чунки электр қувватининг ҳаддан ташқари юкланиши ва электр вентиляторларининг тўхтовсиз фойдаланилиши натижасида қизиб кетиш ҳолатлари сабаб бўлди.

«Минтақадаги кўплаб мамлакатлар 2023 йилда рекорд даражадаги энг иссиқ йилни бошдан кечиришган», -дейилади Жаҳон Метеорология ташкилотининг жорий ҳафтадаги ҳисоботида.

- Иқлим ўзгариши бундай ҳодисаларнинг частотаси ва жиддийлигини кучайтириб, жамиятлар, иқтисодиётлар ва энг муҳими инсон ҳаёти ва биз яшаётган атроф-муҳитга чуқур таъсир кўрсатади, -деди ташкилот Бош котиби Селеста Сауло.

Ў.Алимов

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech