Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгаришига энг таъсирчан ва заиф ҳисобланади (+видео)

Бугунги кунда Ер юзида иқлим кескин ўзгариб бормоқда, об-ҳаво беқарорлашиб, ҳарорат кўтарилмоқда. Сув ҳавзаларининг гидрологик режими ўзгариб боряпти, қурғоқчилик авж олмоқда. Сел тошқинлари, иссиқ ва совуқ ҳаво оқимлари, кучли шамол ва ёғингарчиликлар, чанг бўронлари содир бўлаётир.

Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгаришига энг таъсирчан ва заиф давлатлар ҳисобланади. Ушбу ҳудудларда ҳаво ҳарорати сайёрамиздаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 1,7 баробар тезроқ ўсиб бормоқда. Бу эса сўнгги 50 йил давомида музликлар майдонининг деярли 32 фоизга қисқаришига, дарёлар оқимининг пасайишига олиб келди. Бу каби вазиятлар эса иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича устувор йўналишларни белгилаб олиш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришни тақозо этади.

6-7 май кунлари Тошкент шаҳрида иқлим ўзгариши ва унга мослашиш масалаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Анжуман БМТ Тараққиёт Дастури ташаббуси билан Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси, Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет), Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳамкорлигида «Яшил иқлим» жамғармасининг молиявий кўмагида ташкил этилди. Унда халқаро ташкилотлар мутахассислари ҳамда Озарбайжон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистондан соҳа вакиллари иштирок этмоқда. 

Конференцияда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаш ва мослашиш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашувлар ҳамда имкониятлар муҳокама этилмоқда. Шунингдек, Марказий Осиё минтақаси давлатларининг Миллий мослашув режаларини тайёрлашда тўпланган тажрибалар ҳақида хабардорлигини ошириш кўзда тутилган.

– Мазкур конференцияда иқлим ўзгариши, унинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири ҳамда оқибатларини юмшатиш ва мослашишга қаратилган Миллий режалар муҳокама қилинмоқда, – дейди Экоҳаракат Марказий кенгаши раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов. – Минтақа мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ана шундай Миллий режалар ишлаб чиқилмоқда ва уларда қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳаларда нима қилиш кераклиги бўйича қадамма-қадам амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинади. Бунда нафақат давлат ташкилотлари, балки жамоат ташкилотлари ва маҳаллий органларнинг вазифалари ҳақида ҳам кўрсатиб ўтилади.

Тадбирда таъкидланганидек, иқлим ўзгариши оқибатида сув ва озиқ-овқат танқислиги ҳамда аҳоли саломатлигига таҳдид хавфи ортяпти. Марказий Осиё минтақасида аллақачон сув ресурслари тақчиллиги кучаймоқда. Иссиқ ҳаво оқимлари давомийлигининг ошиши, ёғингарчилик интенсивлигининг ўзгариши натижасида унумдор ерлар сифати ёмонлашуви, чўлланиш жараёнларининг кескинлашуви, чанг ва қум бўронлари кўпайишига олиб келяпти.

Анжуман иштирокчилари Марказий Осиё давлатларидан иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва дастурлар режаларини ишлаб чиқиш талаб этилишини таъкидлади.

Анжуманда «Яшил иқлим» жамғармаси томонидан мамлакатларнинг Париж келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажариш бўйича миллий мослашиш режаларини ишлаб чиқишга молиявий ёрдам кўрсатилиши қайд этилди. Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг иқлим ўзгаришига заиф тармоқлари учун мослашув режаларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳалари натижалари тақдим этилиб, янгича ёндашувлар муҳокама қилинди. 

Конференция давомида сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш сектори ва табиий офатлар хавфини камайтиришга бағишланган мавзули сессияларда иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, мослашув чора-тадбирларини молиялаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Конференция якунлари бўйича Миллий мослашиш режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Муҳтарама Комилова, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech