Мартин Чунгонг: Ассамблеянинг асосий мавзуси Ўзбекистон таклифларидан келиб чиқиб белгиланади

Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 150-юбилей Ассамблеяси Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан келгуси йили Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.

Куни кеча Женевада буни амалда тасдиқлайдиган ҳужжат имзоланди. ПИ Бош котиби Мартин Чунгонг юбилей тадбири ҳақида тўхталиб, бўлажак Ассамблеянинг асосий мавзуси Ўзбекистон томонининг устувор йўналишлари ва таклифларидан келиб чиқиб белгиланишини қайд этди.  

Бу фикрлар Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашувда маълум қилинди.  

Томонлар Ассамблеяга тайёргарлик кўриш ва унинг доирасидаги тадбирларни ўтказишнинг ташкилий жиҳатларини кўриб чиқди. Ўзбекистоннинг ПИ билан билан шериклигини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.  

Ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорликда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича устувор йўналишларда амалий ва конструктив мулоқотни давом эттириш каби масалалар муҳокама қилинди.

– Тошкент саммити нафақат ПИ, балки бутун жаҳон парламент ҳаракати учун тарихий аҳамиятга эга бўлади, - деди М.Чунгонг. – Тадбир доирасида қабул қилинган қарорлар ташкилотимизнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ривожланиш йўналишларини белгилайди.  

Мулоқот чоғида жорий йилнинг май ойида Самарқандда ўтказиладиган Осиё хотин-қизлар форуми дастуридан махсус парламент сегменти ўрин олгани таъкидланиб, уни муваффақиятли ўтказилишида ПИнинг кўмагига умид билдирилди.

     

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech