Decoding Global Talent Report 2024 ҳисоботига кўра, сайёрамиздаги ҳар тўртинчи профессионал касб эгаси ёки 800 млн нафаргача мутахассис ўзига чет элдан фаол иш қидирмоқда. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Иқтисодий ва геосиёсий муаммоларга қарамасдан, чет элда ишлаш орзусидагилар улуши тинмай ошиб боряпти. Бунга сабаблар қаторида иқтисодий имкониятлар, карьера қилиш ва янада яхшироқ яшаш истаги каби омиллар кўрсатилган.
Қолаверса, халқаро компаниялар раҳбарларининг аксарияти (92 фоиз) ўзлари учун учта муҳим истиқболли йўналишдан бири сифатида истеъдодларни жалб қилиш ва доимий ишлатишни кўрсатишган.
Истеъдодли мутахассислар учун топ-10 шаҳар
Рейтингда кучли учликни Лондон, Амстердам ва Дубай банд этди.
Бу шаҳарларнинг асосий афзалликлари — яхши иш ҳақи, ривожланган транспорт тармоғи. Шунингдек, маданиятлар хилма-хиллиги қадрланади.
Лондон 2014 йилдан буён мигрантлар учун «биринчи рақамли шаҳар» мақомини сақлаб турибди. Респондентларнинг 9 фоизи Буюк Британия пойтахтига ишлаш учун кўчиб боришга тайёрликларини билдиришган.
Рўйхатда кейинги ўринларни қуйидаги мегаполислар эгаллади (4–10-ўринлар): Абу-Даби, Ню-Йорк, Берлин, Сингапур, Барселона, Токио, Сидней.
Эътиборли жиҳати, Шарқий Осиёдаги энг яхши йўналиш — Сингапур хорижлик мутахассисларни айнан орол-мамлакат бўлгани учун кўпроқ жалб қилмоқда, дейилади хабарда.
Xabar.uz
- Қўшилди: 29.05.2024
- Кўришлар: 1475
- Чоп этиш