Amazon Web Services Россияда филиал ёки ваколатхонасиз ишлаганликда айбдор деб топилди. Суд қарорида қайд этилишича, компания Роскомнадзорнинг тегишли огоҳлантиришларига эътибор бермаган.
Компания Россия Федерацияси ҳудудида хорижий шахсларнинг интернет тармоғидаги фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганликда айбдор деб топилди (РФ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 13.49-моддаси 2-қисми). Бундай ҳуқуқбузарлик учун юридик шахслар барча товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқлангандан олдинги календар йилида олинган даромадлари умумий миқдорининг 1/15 дан 1/10 қисмигача жарима шаклида жазоланади.
Бу - Россияда Amazon’га қарши биринчи даъво эмас
Amazon Web Services - 2006 йилда Amazon томонидан ишга туширилган дунёдаги энг машҳур булутли платформаларидан бири. У маълумотларни сақлаш ва турли иловалар ўртасидаги ўзаро алоқани таъминлаш учун пулли хизматларни тақдим этади.
Amazon Россияда тақиқланган маълумотларни ўчиришдан бош тортгани учун бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган. 2022 йил октябр ойида компания дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган Россия Федерациясида тақиқланган Hydra сайтидан ўзи билан боғлиқ ижтимоий тармоқлардан бирига қилинган репостни олиб ташлашдан бош тортгани учун 3 миллион рубл миқдорида жаримага тортилди.
Бундан ташқари, Amazon ресурсларида ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи материалларни нашр этгани учун 1 миллион рубл миқдорида жаримага тортилди.
Россия ҳукуматининг бошқа хорижий компанияларга даъволари
Сентябр ойида Роскомнадзор Hetzner Online GmbH, Network Solutions, WPEngine, HostGator.com, Ionos, DreamHost, FastComet, Amazon Web Services, GoDaddy.com, Bluehost, Kamatera ва DigitalOcean компанияларини Россия қонунчилигини бузган деб таснифлаш ҳақида тавсия берди. Сабаби - улар Россия ҳудудида чет эллик шахсларнинг интернетдаги фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган.
Россия Федерациясидаги амалдаги қоидаларга кўра, компаниялар Роскомнадзор сайтида шахсий кабинетини рўйхатдан ўтказиши, Россия фуқаролари ва ташкилотлари учун алоқа манзилини жойлаштириши ва Россияда ваколатхона очиши керак.
Kun.uz
- Қўшилди: 19.01.2024
- Кўришлар: 2804
- Чоп этиш