Германия пойтахтининг “Stimme-der-Hauptstadt” (Пойтахт овози) онлайн нашрида Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш жараёнига бағишланган махсус мақола эълон қилинди.
Муаллиф дастлаб Ўзбекистонда Орол денгизи қуриб қолган тубида ўрмон яратиш, ҳудудни ободонлаштириш мақсадида қатор йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, айни пайтгача 1,7 миллион гектар майдонга кўчат ўтқазилганига эҳтибор қаратган.
– Мамлакат шимолида экологик вазиятни яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади, – дейилади мақолада. – Ҳукумат ва маҳаллий аҳолининг бу борадаги умумий саъй-ҳаракати яхши самара беряпти. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида Оролнинг қарийб олти миллион гектар қисми қуриб қолган, шундан 3,2 миллион гектари мамлакатимиз ҳудудига тўғри келади. Қуриган майдоннинг 2,5 миллион гектари ўрмон плантацияси, жумладан саксовул ва бошқа шўрхок тупроққа чидамли ўсимлик ўтқазиш учун ажратилган. Бу чора-тадбир қумли тупроқни барқарорлаштириш орқали атроф-муҳит шароитини яхшилашга ёрдам беради. 2017-2021 йилларда Орол бўйида Давлат дастури доирасида қуриган денгиз тубининг 461 минг гектарида ўрмон плантацияси барпо этилган. Иш уруғни, жумладан, ҳаводан туриб экиш ва механизация усулида амалга оширилган. 61 минг гектар жойга саксовул қўлда экилган. 2019-2020 йилларда 700 000, 2020-2021 йилларда яна 350 минг гектар майдонда ўрмон плантацияси барпо қилинган.
Таъкидланишича, 2023 йил баҳорида жами 128 минг гектар етиб бориш қийин ҳудудда чўл бутаси экиш бўйича иш давом эттирилган. Қорақалпоғистон ўрмон хўжалиги ва маҳаллий аҳоли томонидан 540 тонна ўсимлик уруғи, жумладан 447 тонна саксовул бошқа чўл ўсимликлари йиғиб олинган. Ушбу машаққатли меҳнат ва ташаббус нафақат табиий мувозанатни тиклаш, балки маҳаллий аҳоли турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшади.
Немис нашри ўрмон плантацияси униб чиқиши турли тадқиқот институтлари олимлари томонидан кузатиб борилаётганини ҳам қайд этган.
– “Оролдаги боғим” лойиҳаси кенг жамоатчилик эътиборини тортган, – дея давом этатиради фикрини муаллиф. – Ушбу лойиҳа доирасида 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилиб, 6 минг кўчат сотиб олинган. Бу жараёнда Ўзбекистондаги Гёте институти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), халқаро жамғармалар, маҳаллий корхоналар вакиллари ва Орол бўйи аҳолиси иштирок этмоқда.
2020 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Орол бўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масаласи бўйича янги қўмита ташкил этилган. Қисқа фурсатда мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган 15 халқаро конвенция ва протоколни имзолади ва ратификация қилди. Масалан, янги авлод комплекс бактериал ўғити “TERIA” унумдорликни ошириш ва сув ресурсини тежаш имконини беради.
– Орол бўйи экологиясини тиклаш ва барқарор келажак яратишда кўчат экиш кампанияси муҳим ўрин тутади, – дея шарҳга якун ясайди “Stimme-der-Hauptstadt”. – “Оролдаги боғим” лойиҳаси давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ҳамкорлиги самараси ўлароқ, Орол денгизи қуриб қолган тубига минглаб турли хил дарахт кўчатлари ўтқазиш намунаси сифатида намоён бўлди. Бу саъй-ҳаракат экологик муаммоларни ҳал этишда ҳамжиҳат ҳаракат қилиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу ташаббус ва лойиҳалар минтақа келажаги барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 01.07.2024
- Кўришлар: 1331
- Чоп этиш