Тошкент шаҳрида 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Тадбирни Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев очди.
Давлатимиз мадҳияси янгради.
Ялпи мажлис ишини ташкил этиш учун котибият ва электрон овоз бериш назорати бўйича гуруҳ тузилди, кун тартиби тасдиқланди. Марказий сайлов комиссияси раиси Олий Мажлис Сенатига сайлов натижалари тўғрисида ахборот берди.
Бу жараён янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда такомиллаштирилган миллий сайлов қонунчилигига биноан ошкора ва адолатли ўтгани таъкидланди. Асосий қонунимизга мувофиқ, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – 4 кишидан сайланди. Яна 9 нафар сенатор Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тайинланди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари янги таркибдаги Сенат аъзоларини юксак ишончга сазовор бўлганлари билан самимий табриклади.
Юқори палатанинг аввалги таркиби мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшгани таъкидланди. Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилган, ижро органларига 1 минг 300 та сўров киритилган. Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошган. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етган.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди. Сенатга ҳам қонунчилик таклифи киритиш ҳуқуқи берилди.
Президент бугун дунёдаги вазиятга йиғилганлар эътиборини қаратиб, тинчлик ва бирликнинг аҳамиятини таъкидлади.
– Мана шундай ғоят таҳликали вазиятда биз фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша оламиз. Ҳурматли сенаторларимиз, маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларимиз ана шу ўткир ҳақиқатни, ўз зиммаларидаги улкан масъулиятни чуқур англаб иш олиб борадилар, деб ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу омиллар барчадан ўз ишини танқидий баҳолаб, уни бутунлай янгича ташкил этишни тақозо этмоқда. Шу муносабат билан, Сенат олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Биринчидан, қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиш зарур. Айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш лозим.
Иккинчидан, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси бўлиши керак. Маълумки, энди халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилади. Шунингдек, Кенгаш сўрови ва Кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади. 2026 йилдан бошлаб туман ва шаҳар Кенгашларига ҳам ҳокимлар раислик қилмайди.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимизда давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат беради.
Учинчидан, маҳаллий Кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинлари, айниқса, туман ва шаҳар бўлинмалари билан жойларда янгича ёндашув асосида ишлаши талаб этилади.
Туман ва шаҳарлар бюджети муносабатларида ҳам маҳаллий кенгашлар жуда катта ваколатларга эга. Бундан оқилона фойдаланиб, аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этиш, Сенат эса бу йўналишларда маҳаллий кенгашларга кўмаклашиб бориши зарур.
Тўртинчидан, янгиланган Конституциямизда Сенатга маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича катта масъулият юклатилган. Сенат бу борада очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиши керак.
Бешинчидан, Сенат қўмиталари – юқори палатанинг юраги, ҳаракатлантирувчи кучидир. Шу боис, қўмиталардаги эшитув институти асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди.
Олтинчидан, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги дастур ва режаларни тўлиқ рўёбга чиқаришда сенаторларнинг иштироки жуда муҳим.
Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент назоратини, бутун жамиятимиз иштирокини янада кучайтириш зарур. Сенат аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, ёш авлод онгига қонунга ҳурмат, тўғрилик ва ҳалол меҳнат тушунчаларини сингдириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиши керак.
Саккизинчидан, Сенат томонидан Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини сайлаш тизими йўлга қўйилгани суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Бунда Сенат фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланмай, уларнинг фаолияти билан танишиб, хулоса бериш амалиётини йўлга қўйиш зарур.
Мажлисда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Конституциямизнинг 101-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига номзод тақдим қилди.
Яширин овоз бериш орқали Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Нарбаева сайланди. Шунингдек, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Содиқ Сафоев, Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига Аманбай Оринбаев сайланди.
Кун тартибига мувофиқ, Сенатда 7 та қўмита ва битта комиссия тузилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
ЎзА
- Қўшилди: 19.11.2024
- Кўришлар: 884
- Чоп этиш