Кейинги 10 йилликда Хитойнинг 300 млн фуқароси нафақага чиқади. Мамлакатда эса пенсия жамғармаси маблағлари тугаб бормоқда.
Пенсия қозони қуриб боряпти, мамлакатда эса сони ортиб бораётган қарияларга ғамхўрлик қилиш учун жамғарма яратишга вақт кам.
Кейинги 10 йил ичида ҳозир 50-60 ёш оралиғида бўлган 300 млн хитойлик пенсияга чиқади ва меҳнат бозорини тарк этади. Бу мамлакатнинг энг катта ёш гуруҳи, қарийб бутун АҚШ аҳолиси сони билан тенг.
Уларга ким ғамхўрлик қилади?
Асрлар давомида Хитойда қари ота-онага қараш фарзандларнинг зиммасида бўлиб келган. Бироқ 1980 йилдан то 2015 йилгача бўлган муддатда олиб борилган "Бир болалилик сиёсати" ота-оналар суяна оладиган фарзандларнинг камайиб кетишига сабаб бўлди. Уларда 2-3 нафар эмас, атиги бир нафар ўғил ё қиз фарзанд бор.
Жадал иқтисодий ўсишлар сабаб ёшлар ҳам ота-оналаридан узоқроққа кўчиб кетишган. Оқибатда, ўз-ўзига ғамхўрлик қилиши, ҳукуматдан ёрдам олиши керак бўлган кексалар сони ошган.
Лекин пенсия фонди маблағлари 2035 йилга бориб тугаб қолиши мумкин. Бу Хитой иқтисодиётига жиддий таъсир қилган пандемиядан олдинги, 2019 йилги прогноз эди.
Бу вазиятда Хитой ҳукумати ҳам неча йиллардан бери кўриб чиқилаётган пенсия ёшини ошириш сиёсатини амалга ошириши мумкин. Ҳозирда Хитой жаҳондаги энг паст пенсия ёши белгиланган давлатлардан бири. Мамлакатда эркаклар 60 ёшда, офис ходими бўлган аёллар 55 ёшда, ишчи синф аёллари эса 50 ёшда нафақага чиқади.
Тажрибадаги қариялар уйи
"Уйимизга хуш келибсиз!" дейди қариялар уйида яшайдиган 78 ёшли Фенг буви. У турмуш ўртоғи билан бирга яшаётган Sunshine қариялар уйи 1,3 минг резидент учун мослаб қурилган. Бу ерда 20 нафар ёшлар кексаларга ғамхўрлик қилиш шарти билан текинга яшайди. Баъзи хусусий компаниялар маҳаллий ҳукуматга тушадиган юкни камайтириш учун ғамхўрлик марказини қисман молиялаштиради.
Бу Хитой ҳукуматининг қарилик муаммоси билан курашиш учун синаб кўраётган тажрибаси. Sunshine қариялар уйи жанубий Хитойда, Ханчжоуда жойлашган.
Фенг буви бу ерда 8 йилдан бери яшайди. Қариялар уйи унинг учун қадрдон жой, бу ерда спорт залида шуғулланиши, стол тенниси ракеткасида қўшиқ айтиши мумкин.
Фенг бувининг айтишича, умрнинг сўнгги лаҳзаларини яхши жойда яшаб ўтиш жуда муҳим. У ва турмуш ўртоғи 50 йилдан кўпроқ вақтдан бери бирга яшайди. Набиралари юқори синфни тугатган пайтда бу ерга кўчиб келишган. Уйларини эса ўғлига қолдиришган.
"Бизнинг ёшимизда бизга ўхшаш фикрлайдиганлар кам. Менимча, биз кўпроқ ҳаётдан завқлансак керак. Ўз уйи бўлатуриб биз яшаётгандек марказга пул тўлашни хоҳламайдиганлар фикримизга қўшилмайди", дейди аёл.
Бу жуфтлик учун фақат пенсия карталари етарли.
Қарияларнинг ғамхўрлик марказидаги хонаси ойига 2 минг юан (276 доллар) туради. Эр-хотиннинг ҳар иккаласи ҳам давлат ширкатларининг собиқ ходимлари бўлишгани учун пенсиялари бу пулни тўлашга бемалол етади.
Бироқ етарлича нафақаси бор резидентлари билан ҳам Sunshine каби ғамхўрлик марказлари зарарига ишлайди. Марказ директорига кўра, бу каби қариялар уйларини очишнинг чиқими кўп, фойдага кириш учун эса вақт талаб этилади.
Бошқа Осиё давлатлари, жумладан Япония ҳам қариб бораётган аҳоли муаммоси билан курашяпти. Лекин Япония иқтисодий жиҳатдан Хитойга қараганда бақувват.
Пенсия муаммоси фонида Хитойда эса ўз кунини ўзи кўришга мажбур бўлаётган кексалар ҳам пайдо бўляпти.
Мамлакатда меҳнат ёшидаги ва пенсиядаги одамлар нисбати ҳам ўзгариб боряпти. 2020 йилда нафақага чиққан бир нафар одамга 5 нафар ишчи тўғри келган бўлса, 2050 йилга бориб 1 нафақадаги одамга 1,6 нафар ишчи тўғри келиши мумкин.
Масалан, 55 ёшли Шуишуи ўзининг янги карерасини топган. Нафақадаги собиқ бизнес леди энди модел сифатида ижтимоий тармоқлар рекламаси учун суратга тушяпти. Унинг ёнидаги яна 3 нафар аёлнинг ҳаммаси ҳам 55 ёшдан катталар.
"Ўйлайманки, биз қила олишимиз мумкин бўлгани: атрофимиздаги одамларни позитив бўлишга ва ўрганишдан тўхтамасликка чорлаш. Ҳамманинг хўжалик даромади ҳар хил бўлиши мумкин, лекин ҳар қанақасига ҳам позитив бўлишга ҳаракат қилиш – энг яхши танлов”, дейди Шуишуи.
Фарзанди тирикчилик учун бошқа ҳудудга кўчиб кетган, ўзи ва рафиқаси қишлоқда яшаётган жаноб Као эса 80 ёшга кирганда боласи улар билан яшаш учун қайтиб келишига умид қилади.
Унинг ўзи эса шаҳарда яшашни хоҳламайди. То қўлидан келмай қолгунча ишлаб туришни режа қилган.
Kun.uz
- Қўшилди: 05.04.2024
- Кўришлар: 2039
- Чоп этиш