Россияга уюшган тарзда борган меҳнат мигрантлари ўз профили бўйича ишламаса, мамлакатни тарк этиши талаб қилиниши мумкин.
Россия Меҳнат вазирлиги янги қонун лойиҳасини тайёрлади, унга кўра Россияга уюшган тарзда борган меҳнат мигрантлари ўз профили бўйича ишламаса, мамлакатни тарк этиши талаб қилиниши мумкин. Бу ҳақда «Известия» ёзди.
Лойиҳада чет эл фуқаросининг Россияда вақтинчалик меҳнат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи махсус ҳужжат яратиш кўзда тутилган: бунда мигрант фақат муайян иш берувчи компанияда ишлайди. Ишга қабул қилувчи компания ҳужжатларга мувофиқ аванс тўловларини амалга оширади.
Россия 2017 йилда Ўзбекистон билан мамлакат фуқароларини вақтинчалик меҳнатга, жумладан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларидаги корхоналарга ташкилий равишда жалб қилиш ва ёллаш бўйича шартнома имзолаган эди. Худди шундай келишув Тожикистон билан ҳам мавжуд.
Россия ФХХ маълумотларига кўра, 2023 йил биринчи чорагида Россияга ишлаш учун 1,3 миллион хорижлик келган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўпдир. Жумладан, Ўзбекистондан 630,8 минг, Тожикистондан 349,3 минг, Қирғизистондан 172,6 минг, Арманистондан 47,3 минг, Қозоғистондан 34,7 минг киши келган.
Kun.uz
- Қўшилди: 12.03.2024
- Кўришлар: 2042
- Чоп этиш