Жорий йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ана шу қатъий ва ҳаққоний талабни кун тартибига қўйди.
Давлатимиз раҳбари бундан уч йил олдин айни мавзуда судьялар корпуси билан учрашув ўтказиб, жумладан, "Судьяларнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат ва дилида – поклик устувор бўлиши шарт", дея таъкидлаганди. Ўша йиғилишда Президентимиз қадимги замон файласуфи Цицероннинг "Эркин бўлишни хоҳласанг, қонуннинг қулига айлан" деган ҳикматли сўзлари мағзини чақиб, суд-ҳуқуқ соҳаси масъулларига атрофлича тушунтириб берганди.
Видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, уч йил аввал белгилаб берилган устувор вазифалар юзасидан ўтган даврда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.
Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинган. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун ҳуқуқ-тартибот идораларининг 60 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.
Халқаро ҳамкорлик ва жаҳоний эътироф
Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар амалий натижасини бермоқда. Бу йўналишда янги қабул қилинган қонунлар, жорий этилаётган таъсирчан аниқ механизмлар, миқдори тобора ортиб бораётган оқлов ҳукмлари – бу каби ижобий ҳолатлар юртдошларимизда адолат, бахтли ҳаёт ва келажакка ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасида эришилаётган самаралар халқаро кўламда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, яқинда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, шунингдек АҚШ Давлат департаменти ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар, хусусан, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш ва одам савдосига барҳам бериш борасидаги ислоҳотларга ижобий муносабат билдирди.
БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи юзасидан ўз маърузасини БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этди. Ушбу маърузада Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижалар алоҳида таъкидланган.
Диего Гарсия-Саян, авваламбор, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда давлат институтлари ва сиёсатни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқилганига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратган. Ҳозирги даврда одил судлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳот ана шу дастурнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.
БМТ Махсус маърузачиси Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимини бажаришга киришган пайтидан бошлаб амалга оширган муҳим ишлар қаторида, жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлашга қаратилган ислоҳотнинг 8 та амалий натижасини бирма-бир санаб ўтган.
Биринчи натижа – суд ҳокимияти ва судлар хизматини ташқи сиёсий босимлардан муҳофаза қилиш борасида кенг ваколатларга эга бўлган конституциявий орган сифатида Судьялар олий кенгаши ташкил этилган.
Иккинчи натижа – суд тизими қайта тузилган, хусусан, Олий хўжалик судига тегишли вазифалар Олий суд тасарруфига ўтказилган, маъмурий ишлар бўйича судларнинг янги тизими яратилган ҳамда Адлия вазирлиги зиммасидаги судлар фаолиятининг маъмурий жиҳатлари билан боғлиқ айрим маъмурий ва техник функциялар Олий суд ҳузурида янги ташкил этилган Судлар фаолиятини таъминлаш бўйича департамент ихтиёрига берилган.
Учинчи натижа – прокурорларга нисбатан муносабатда судьялар мустақиллигининг ўзига хос кўрсаткичи сифатида, жиноят ишлари бўйича оқлов ҳукмлари миқдори изчил ортиб бормоқда.
Тўртинчи натижа – судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилган;
Бешинчи натижа – судьялар алмаштирилмаслиги кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилган.
Олтинчи натижа – судьяларни бирламчи ва узлуксиз тайёрлаш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган, шу жумладан, Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби очилган.
Еттинчи натижа – судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда ва одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борадаги шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич татбиқ этилмоқда.
Саккизинчи натижа – коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсат соҳасида бир қатор жуда муҳим ислоҳотлар амалга оширилган, хусусан, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган ва бундай чораларни амалга ошириш учун таъсирчан механизмлар яратилган.
Д. Гарсия-Саяннинг фикрича, ушбу чора-тадбирларни том маънода мустақил ва холис одил судлов тизимини барпо этиш йўлидаги дастлабки қадамлар деб ҳисоблаш лозим. Суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишига эришиш ҳамда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолиятини ҳеч қандай асоссиз аралашувлар ва босимларсиз, эркин амалга оширишларини таъминлаш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиш керак бўлади.
БМТ Махсус маърузачиси бу борада бир қатор тавсиялар ҳам берган.
Биринчи тавсия: ислоҳотларни давом эттириш, хусусан, суд ислоҳотларини халқаро стандартларга мос равишда амалга ошириш;
иккинчи тавсия: судлар фаолиятига бошқа ҳеч қандай органларнинг аралашмаслигига эришиш;
учинчи тавсия: Судьялар олий кенгаши ваколатларини кенгайтириш;
тўртинчи тавсия: олий юридик таълимни ривожлантириш;
бешинчи тавсия: суд тизимида гендер тенгликни, яъни аёл судьялар ҳам ишлашини таъминлаш ва ногиронлар одил судлов имкониятларидан бошқалар билан тенг асосда фойдаланишлари учун зарур шароитлар яратиш.
Ушбу тавсияларнинг аксарияти ўтган қисқа даврда амалга оширилган ва оширилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимининг навбатдаги босқичида белгилаб берган янги вазифаларнинг моҳияти ҳам БМТ Махсус маърузачисининг бу борадаги фикрлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида юз бераётган ижобий ўзгаришларга маҳлиё бўлиб, олдимизда турган муҳим ишлардан чалғиб қолмаслигимиз керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, "халқимиз суд-ҳуқуқ тизимидан рози, дейишга ҳали эрта".
Биргина мисол: сўнгги 3,5 йилда суриштирув ва тергов жараёнларида қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо, афсуски, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар туфайли икки нафар инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди.
Бундай нохуш ҳолатлар, бир томондан, қийноқ қурбонлари яқинларининг тизим раҳбарларидан эмас, давлатдан норози бўлишига олиб келмоқда. Иккинчи томондан, соҳадаги айрим ходимларнинг лоқайдлиги ва билимсизлиги кенг жамоатчилигимиз ва халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида 53 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш, 37 та чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш – жами 98 та ҳужжат устида изчил иш олиб бориш белгиланган.
Хусусан, суд фаолиятига оид 5 та Кодекс, яъни Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик кодекси, Жиноят-ижроия кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги таҳрирда ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари ҳам шакллантирилади. Шунингдек, "Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида" ҳамда "Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги янги қонунлар ишлаб чиқилади.
Аммо, қонунларнинг қабул қилиниши, ўз-ўзидан, одил судлов сифатини оширишга олиб келмаслиги бор гап. Шунинг учун Юртбошимиз бу борада муайян янги ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, ҳозирги кунда фаолият юритаётган судьяларнинг атиги 14 фоизи, яъни 147 нафарини аёллар ташкил этишини инобатга олган ҳолда, гендер тенгликка эътибор қаратиш лозим. Суд статистикаси ошкоралигини таъминлаш ҳам бугунги куннинг муҳим вазифасидир.
Давлат раҳбари қайд этганидек, ички ишлар идоралари маъмурий бинолари, жазони ижро этиш жойларига ўрнатилган барча кузатув камералари Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратига уланишини таъминлаш зарур.
Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини қўллаш амалиётини кенгайтириш давр талабидир. Дастлабки амалий қадамлардан бири – суд залида темир панжаралардан фойдаланишнинг бекор қилиниши бўлиб, бу ҳам инсонпарварлик тамойили амалда эканини кўрсатади.
Судьялар, умуман, юристларнинг халқаро ҳуқуқ соҳаси бўйича саводсизлиги энг катта муаммолардандир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга Омбудсман ва Тошкент давлат юридик университети билан бирга "Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият" махсус ўқув модулини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди. Ушбу модул бўйича тасдиқланадиган аниқ жадвал асосида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш ташкил этилади.
Судьялар олий мактабида "Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ" кафедрасини очиш зарурлигига эътибор қаратилгани ҳам таҳсинга лойиқ. Зеро, инсон ҳуқуқларини ўқитиш бу – нафақат халқаро мажбуриятларни бажариш, балки демократик, инсонпарвар ва халқпарвар суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Салоҳиятсиз судья – тобе судьядан ҳам хавфлироқ
Мамлакат раҳбари жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилгани хусусида тўхталди. Айрим вилоятларда жиноят ва фуқаролик судлари, маъмурий ва иқтисодий судлар устидан шикоятлар кўпайгани ташвиш уйғотмай қолмайди.
Шу нуқтаи назардан, парламент депутатлари ва сенаторлари ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий мулоқотларни давом эттиришлари лозим.
Ўтган йили иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Президентимиз ҳақли танқид қилганидек, бу – ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.
Шу боис суд ҳокимияти соҳасининг масъулларига илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини "бир суд – бир инстанция" тамойили асосида қисқа фурсатда қайта кўриб чиқиш тавсия этилди. Бунда туман (шаҳар) ва вилоят судлари ҳамда Олий суд ваколатлари аниқ чегаралаб қўйилади. Туман ва шаҳарда ишлар фақат биринчи босқичда, вилоятда – апелляция, Олий судда эса, кассация шаклида кўрилади.
Эндиликда суд тизимида эскилик сарқити бўлган "назорат тартибида ишларни кўриш" амалиётидан тўлиқ воз кечилади. Зеро, бу амалиёт суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмаслиги унинг номидан ҳам кўриниб турибди.
Давлат раҳбари судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказадиган барча омилларни бекор қилиш зарурлигини қайд этди. Хусусан, Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича таклиф парламент палаталари томонидан кўриб чиқилади.
Йиғилишда айрим судьялар қарор чиқаришда фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланмасдан, тергов материалларига боғланиб қолаётгани ҳам танқид қилинди. Бинобарин, бундай ҳолатлар қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказади.
Бундан буён суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизимини жорий этиш зарур. Токи, одил судлов халқнинг кўз ўнгида очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топсин.
Суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талабидир. Жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплекси ишга туширилади. Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади.
Суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деб таъкидлади Президентимиз. Судларнинг фуқаро ва тадбиркорлар фойдасига чиқарган қарорлари туфайли бирорта раҳбар уларга тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилса, ислоҳотларимизга хиёнат қилган бўлади.
Салоҳиятсиз, яъни билимсиз, тажрибасиз ва уқуви йўқ судья тобе ва қарам судьядан кўра ҳам хавфлироқдир. Шу маънода, суд ҳамжамиятининг маданиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга.
Судьялар олий кенгаши, айниқса, Судьялар олий мактаби фаолиятида шаффофлик ва холисликни таъминлаш лозим. Судьялар олий кенгаши таркибини ҳам халқаро стандартларга асосан такомиллаштириш тақозо этилади.
Бугунги давр ҳамда шиддатли ислоҳотлар суръати судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг касб малакасини доимий равишда ошириб боришни талаб қилмоқда. Ўтган йили Судьялар олий мактабида судьяларнинг 12 фоизи, яъни 155 нафари ва суд ходимларининг 2,7 фоизи – 85 нафари малака оширган.
Бу ишларни янада кенгайтириш зарур. Бунда, коронавирус карантини шароитидан келиб чиққан ҳолда, масофавий таълимни йўлга қўйиш лозим. Зеро, суд тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва мунтазам малакасини ошириш – қонуний, холис ва одил судловнинг муҳим омилидир.
Адвокатура – одил судловнинг ажралмас қисми
Одил судловни таъминлаш учун инсон ҳуқуқларини мустақил ва ишончли ҳимоя қилувчи яна бир муҳим тизим – адвокатура институтининг муносиб ўрни ва мавқеини таъминлаш даркор. Бинобарин, одил судловнинг ажралмас қисми бўлмиш ушбу институтнинг адолат қарор топишидаги ўрни беқиёсдир.
Маърузада ушбу соҳага тааллуқли бир қатор рақамлар келтирилди:
- Ўзбекистонда бугун 4 минг атрофида адвокат фаолият кўрсатмоқда;
- юртимиздаги 8,5 минг аҳолига ўртача битта адвокат тўғри келади;
- адвокатларнинг 43 фоизи Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатмоқда;
- вилоятларнинг 20 та туманида бирорта ҳам адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмаган.
Президентимиз бу йўналишда ҳам бир қанча вазифаларни белгилаб берди. Жумладан:
- адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этиш бекор қилинади;
- талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартиби жорий этилади;
- юридик олий ўқув юртларида “адвокатлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
- давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга туширилади. Бу тизим дастлаб пойтахтимизда эксперимент тариқасида жорий этилади;
- ўта оғир жиноятда айбланаётган шахсларнинг иши бўйича, бундан ташқари, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолатларда ҳам адвокат иштирокининг мажбурийлиги белгилаб қўйилади;
- адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакети ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама учун эълон қилинади.
Шу маънода, Миллий стратегия доирасида ишлаб чиқиладиган "Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида"ги қонунда қуйидаги муҳим омиллар қамраб олингани эътиборга молик:
- адвокатлик фаолиятини ташкил этиш, адвокатлар мустақиллиги кафолатлари ва уларнинг дахлсизлигини таъминлаш;
- адвокатурани аҳоли ишончини қозонган институтга айлантириш, профессионал ҳуқуқий ёрдам сифатини ошириш ва адвокат касбининг нуфузини юксалтириш;
- шунингдек, суд жараёнида тенглик ва тортишув тамойилларини тўлиқ таъминлаш назарда тутилади.
Прокуратура ва тергов: муаммолар бор, ечимлар ҳам
Давлатимиз раҳбари ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслигини танқид қилди.
Мисол учун, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетгани қаттиқ танқид остига олингани бежиз эмас. Хусусан, шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддалар эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган.
Шунингдек, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган. Шунга қарамай, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмагани ажабланарлидир.
Президентимиз уқтирганидек, эндиликда тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозим.
Миллий стратегияда прокуратура органлари фаолиятини халқаро стандартларга асосан такомиллаштириш кўзда тутилган. Бунда:
биринчидан, халқаро стандартларга мувофиқ прокуратура фаолияти устидан назорат механизмларини мукаммаллаштириш;
иккинчидан, прокуратура фаолиятининг шаффофлиги ва унинг жамият олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, прокурорлар малакасини узлуксиз ошириш;
учинчидан, прокуратура тизими бошқарувида коллегиал органлар ролини кучайтириш назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти белгилаб берган долзарб ва муҳим вазифалар мамлакатимизда одил судловни тўла таъминлашга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Одил судловсиз эса, коррупция авж олиб, инсон ҳуқуқлари поймол бўлаверади, инвестор, тадбиркор, одамлар давлатга ишонмай қўяди".
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
("Ишонч" газетаси, 2020 йил 4 июль сони)
- Қўшилди: 06.07.2020
- Кўришлар: 4335
- Чоп этиш