АҚШ Сенатидаги тингловлар чоғида Meta (Facebook, Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилади) корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш оқибатида ҳалок бўлган ёки жабрланган болаларнинг оилаларидан кечирим сўради.
Цукерберг 31 январ куни Сенатда интернетда болалар хавфсизлиги масаласига бағишланган тингловга чақирилган 5 та йирик технология компаниялари раҳбарларидан биридир. Йиғилишда X, Discord, Snapchat ва TikTok платформалари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда The Washington Post ёзди.
Тингловлар интернетда болаларни жинсий эксплуатация қилиш муаммолари, кибербуллинг, гиёҳванд моддалар ҳақидаги материаллар, отишма ва ўз жонига қасд қилиш усуллари ва бошқа кўплаб масалаларга бағишланди. Учрашув давомида Цукерберг сенатор Жош Ҳоули томонидан сўроқ қилинди.
«Бугун қурбонларнинг оилалари бу ерга йиғилган. Жабрланганлардан кечирим сўраганмисиз? Буни ҳозир қилишни хоҳлайсизми? Улар шу ерда, буни миллий телевидение трансляция қиляпти, қурбонлардан кечирим сўрамоқчимисиз?» деб Цукербергдан сўради сенатор Жош Ҳоули.
Шундан сўнг, Meta раҳбари қўлларида марҳум болаларининг фотосуратларини ушлаб турган ота-оналарига қараб, улардан кечирим сўради.
«Сиз бошдан кечирган ҳамма нарса учун узр сўрайман. Ҳеч ким сизнинг оилангиз бошидан кечирган нарсаларга дуч келмаслиги керак ва шунинг учун биз жуда кўп сармоя киритмоқдамиз ва сизнинг фожиангизни ҳеч ким бошдан кечирмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун соҳа миқёсидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз», деди Цукерберг.
Суд мажлисида X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғи ижрочи директори Линда Яккарино, TikTok бош директори Шоу Цзи Чу, Discord мессенжери эгаси Жейсон Ситрон ва Snapchat хизматини бошқараётган Эван Шпигел ҳам иштирок этди.
Ўз кўрсатмаси давомида Шпигел, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали тақиқланган моддаларни олишга муваффақ бўлган, дозаси ошириб юборилиши оқибатида вафот этган ёки жабрланган болаларнинг ота-оналарига ҳамдардлик билдирди.
«Бу фожиаларнинг олдини олмаганимиздан жуда афсусдамиз. Биз платформамизда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ барча қидирувларни блокировка қилиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни қиляпмиз», деди Шпигел.
Аввалроқ, Қўшма Штатларнинг 40 дан ортиқ штати Meta компаниясини ёшлар учун хавф туғдириши мумкин бўлган контент ҳақида жамоатчиликни чалғитгани бўйича судга берган эди.
Шундан сўнг, Meta корпорацияси ўсмирларнинг Instagram ва Facebook аккаунтларини зарарли контентдан, жумладан, ўз аъзоларига зарар етказиш, зўравонлик тасвирлари ва овқатланишнинг бузилиши ҳақидаги видео ва постлардан автоматик равишда чеклашни режалаштираётгани маълум бўлди.
Kun.uz
- Қўшилди: 02.02.2024
- Кўришлар: 2031
- Чоп этиш