Туркияда Чанқири Қоратегин университети ва Ўзбекистондаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Мовароуннаҳрдан Онадўлигача: Ҳадис анъанаси ва муҳаддислар” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди.
Мезбон муассаса раҳбари, профессор Ҳорун Чифтчи мазкур тадбир ўтган йил юртимизда бўлиб ўтган худди шундай “Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий ва Мовароуннаҳр муҳаддислик мактаби” анжуманининг мантиқий давоми эканини таъкидлади. Зеро, Термиздаги конференцияга Туркия олимлари таклиф қилинган эди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари иштирокчиларга Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларимизнинг Ислом дини ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, мамлакатимизда яратилган эътиқод эркинлиги, соҳа ходимлари учун яратиб берилаётган шарт-шароит ҳақида маълумот берди. Шунингдек, соҳага ихтисослашган ўнлаб олий ва ўрта махсус таълим, илмий-тадқиқот муассасалари фаолият юритаётгани, айни йўналишда халқаро миқёсда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани хусусида атрофлича сўз юритишди.
– Мовароуннаҳр ва Онадўли мутафаккирлари дўстлиги қардошлик, инсонпарварлик анъанасига асосланган, – деди Дин ишлари бўйича қўмита ахборот таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи К.Комилов. – Илм-маърифат йўлидаги ҳамкорлигимиз ўрта асрлардан ҳозирга қадар давом этиб келаётгани ҳаммамизга маълум.
– Дунё бўйича энг мўътабар олти ҳадис китобидан бештаси Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий асарларидир, – деди Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Ф.Абдуҳалимов. – Бу алломалардан уч нафари ҳамюртимиз.
– Мовароуннаҳр ҳануз порлаб, ўз нурини таратиб келаётган маданият маскани, – деди туркиялик олим, Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез. – Бу замин дунё миқёсида умуминсоний маданият бешиги сифатида тан олинган.
ЎзА
- Қўшилди: 30.05.2024
- Кўришлар: 1350
- Чоп этиш