Туркиянинг тожикистонликлар учун виза режими қачондан кучга кириши маълум қилинди

Тожикистонликлар 2024 йил 20 апрелдан бошлаб Туркияга визасиз кира олмайди.

Бундан бир неча кун олдин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Тожикистон фуқаролари учун виза режими жорий қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

“Ховар” нашрининг Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, Туркиянинг бу мамлакат фуқаролари учун жорий қилган виза режими 2024 йил 20 апрелдан кучга киради.

 Шу санадан бошлаб Тожикистон фуқаролари Туркияга фақат виза билан кира олишади. Авваллари улар Туркияга визасиз кириб, бу мамлакатда 90 кун юришлари мумкин эди.

Туркия ҳукумати ҳозирча Тожикистон фуқаролари учун виза режими жорий қилингани сабаблари ҳақида расман изоҳ бермади.

Ижтимоий тармоқларда тожикистонликлар бу иш кутилмаган хабар бўлгани ва Туркия президентининг фармонидан ажабланаётганларини маълум қилган.

Аввалроқ, Тожикистон ТИВ Туркия томони тожикистонликлар учун виза режими жорий этиши ҳақида огоҳлантириш юбормаганини айтиб чиққанди. Маълум бўлишича, Туркия томони 2024 йил 6 апрел кунига келиб, дипломатик каналлар орқали Тожикистон ТИВга бундай огоҳлантиришни юборган.

Айрим нашрларда ёзилишича, Туркия ҳукумати Москвада юз берган теракт ҳодисасидан сўнг шу қарорга келган.

Хабарларда виза режими кучга киргач ўша пайтгача Туркияда бўлиб турган тожикистонликларга нисбатан қандай йўл тутилиши очиқланмаган.

Яъни улар Туркияда кирган кунидан бошлаб 90 кун давомида юра оладими ёки муддат тугамасдан мамлакатдан чиқариб юбориладими, айтилмади.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech